Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент аэропорти қаршисидаги кўприк реконструкциясининг қиймати маълум бўлди
Тошкент халқаро аэропорти қаршисидаги йўл ўтказгични реконструкция қилиш қиймати аввал айтилганидек 463 млрд сўм эмас, 511 млрд сўмни ташкил этган.

Йўл ўтказгич реконструкциядан кейин / Фото: Президент матбуот хизмати
2024 йил октябрда тўлиқ фойдаланишга топширилган Тошкент халқаро аэропорти қаршисидаги йўл ўтказгични реконструкция қилиш лойиҳасининг умумий қиймати 511 млрд сўмни ташкил этган. Бу ҳақда “Ўзбекистон бунёдкори” газетасининг 25 июл кунги сонида маълум қилинди.
Қайд этиш лозим, 2023 йил сентябр ойидаги тақдимотда лойиҳа қиймати 463 млрд сўм экани айтилганди.
Реконструкция давомида аввалги кўприкка ёндош яна бир эстакада қурилди, 4 та тушиш йўли ва 2 та клевер қўшилди. Натижада йўл ўтказгич соатига 5 мингта, суткасига 132 мингта автомобилни ўтказиш қувватига эга бўлган. Шунингдек, янгича хавфсизлик тўсиқлари ҳам ўрнатилган.
“Йўл ўтказгичга ўрнатилган тўсиқларни қўллашдан мақсад – транспорт ҳодисалари юз берганда, транспортга камроқ шикаст етиши ва ичидаги йўловчиларга тан жароҳати етмасалиги назарда тутилган. Булар ҳам янги технология бўлиб, 360 градусга айланиб ишлайдиган технология ҳисобланади. У ҳам мамлакатимизда биринчи марта қўлланилган”, – деган “Кўприкқурилиш” АЖ лойиҳа раҳбари Бобур Элмуродов
Ўтказгичнинг умумий узунлиги 693,5 метр, эни эса 62 метрни ташкил қилади. Лойиҳа доирасида пиёдалар ва велосипед йўлаклари ҳамда суғориш тизимлари қурилган.
“Биз йўл ўтказгични қуришда халқаро стандартлар асосида замонавий технологиялардан фойдаландик. Бу борада Россия институтлари билан ҳамкорликда иш олиб борилди. Иншоот йиғма монолит услубида қурилган бўлиб, сифати ва мустаҳкамлиги юқори бўлгани учун узоқ муддат хизмат қилади”, – деган Лойиҳа маслаҳатчилари гуруҳи раҳбари Юрий Ипатов.
Қайд этилишича, иншоотни техник назорат қилиш рақамлаштирилган бўлиб, бу тизим билан йўл ўтказгич тун-у кун назоратда бўлади ва техник таҳлил олиб борилади.
Реконструкциядан кейин кўприкни президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 25 октябр куни масофадан очиб берган эди.
Бобур кўчаси бўйлаб ўтган ушбу йўл ўтказгич 1967 йилда қурилган бўлиб, бундан аввал 2008 йилда реконструкция қилинган эди.
Мавзуга оид

14:09
Самарқандда ноқонуний қурилган 12 қаватли машҳур бинони бузиш бошланди

13:15
Тошкентда ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган 59 та уй-жой қурилиши тўхтатилди

07:40
Бюджет ташкилотлари пулидан қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш тизими ўзгаради

13:07 / 26.07.2025