Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шерали Жўраев олий мактаби, Самарқандда 7 тонна палов ва Булоқбошидаги экологик фожиа – маҳаллий дайжест
Андижонда Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилади. Самарқанддаги халқаро фестивалда 7 тонна палов тайёрланади. Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидаги каналга нефт оқиб кетди. Хусусий университетларга сиртқи таълимга киришнинг коррупцион йўли пайдо бўлгани аниқланди. Аҳолидан суюлтирилган газ учун 2,2 млрд сўм асоссиз ҳақ олинди. Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳасида бошқарувни такомиллаштириш, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда таъкидланишича, Ботир Зокиров мемориал музейини ташкил этиш, Ботир Зокиров номидаги стипендия жорий қилиш, халқаро эстрада танловини ўтказиш режалаштирилган.
Шунингдек, Андижон шаҳридаги санъат мактаби негизида Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилади. Ҳар йили Шерали Жўраев номидаги миллий қўшиқчилик телетанлови ўтказилади. Олий мактабда илмий-ижодий лаборатория тузилиб, Шерали Жўраев қўшиқларининг «олтин фонди» яратилади.
Самарқанддаги халқаро фестивалда 7 тонна палов тайёрланади
Шу йилнинг 1-3 август кунлари Самарқандда ўзбек таомларини оммалаштириш ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида биринчи «Самарқанд палови» халқаро фестивали бўлиб ўтади.
Фестивалнинг асосий тадбири 200 нафардан ортиқ ошпаз иштирокида 7 тонна палов тайёрлаш бўлади. Тадбир 3 август куни «Боқий шаҳар» тарихий-этнографик боғи ҳудудида ўтказилади.
Шунингдек, фестивалда ошпазлик танловлари ва маҳаллий рецептлар тақдимоти, хорижлик ошпазлар иштирокида мастер-класс бўлиб ўтади.
Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидаги каналга нефт оқиб кетди
Экологик фожиага «Саноат энергетика гуруҳи» нефтни қайта ишлаш корхонасидаги авария сабаб бўлган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳолат тўлиқ бартараф этилгани ҳақида хабар берди. Таъкидланишича, табиатга етказилган зарар ва таъсир чоралари бўйича қўшимча маълумот берилади.
Хусусий университетларга сиртқи таълимга киришнинг коррупцион йўли пайдо бўлгани аниқланди
Бу йил давлат ва хусусий олийгоҳларда сиртқи таълимнинг 1-курсига қабул бўлмайди. Натижада хусусий университетларнинг 2-, 3-, 4- ва ҳатто 5-курсига сиртқи таълимга қинғир йўллар билан қабул қилиш авж олган. Йил бошидан бери HEMIS тизимида 26 минг нафар талаба сиртқи таълимга қўшилган. Шундан 4800 нафари – иккита хусусий олийгоҳга тўғри келади.
Аҳолидан суюлтирилган газ учун 2,2 млрд сўм асоссиз ҳақ олингани аниқланди
Рақобат қўмитасига суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича қарийб 19,5 мингта мурожаат келиб тушган. Шунингдек, аҳолидан 2,2 млрд сўмга яқин асоссиз ҳақ олингани аниқланган.
Қайд қилинишича, ҳудудий газ таъминоти корхоналари бу хизматларни кўрсатишда қонунчилик талабларининг бузилишига йўл қўйгани сабабли, истеъмолчиларга ортиқча олинган маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилиш чоралари кўрилмоқда.
Мавзуга оид

23:47 / 28.07.2025
Ижро назоратининг кучайтирилиши, Самарқанддаги «қўзиқорин уй», сувга чўкиш фожиалари – маҳаллий дайжест

23:53 / 25.07.2025
Қўриқхонада давом этаётган ёнғин, «Ишдаги ишқ» можароси, Навоийни заҳарлаётган корхоналар – маҳаллий дайжест

21:15 / 24.07.2025
Якунига етган имтиҳонлар, Чорвоқ ва Шерободдаги ўрмон ёнғинлари – маҳаллий дайжест

00:06 / 24.07.2025