Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Уруш балоси: «Аэрофлот»ни нега «бузишди»?
Кеча Россия ва Украина ўртасидаги урушда шов-шувли воқеа содир этилди. Йўқ, окопда эмас, фронтнинг ҳеч бир чизиғида ҳам эмас. Бир гуруҳ ҳакерлар Россиядаги энг йирик авиакомпания «Аэрофлот» тизимини бузиб кириб уни ишдан чиқаришди. Бир неча дақиқа ичида Россия аэропортларида чинакам хаос бошланди.
Компания қисқа вақт ичида юздан ортиқ ички ва халқаро рейсларни бекор қилди. Оқибатда аэропортдаги болалар бетоқат бўлиб йиғлади, ҳомиладор аёллар азоб чекди, қариялар ҳолдан тойди, хуллас минглаб россияликлар жабр кўрди. «Бунинг урушга нима алоқаси бор?», деманг, уруш бўлмаганда, бунақа ҳакерлик ҳужуми ҳам бўлмасди. Қуйида шу ҳақда.

Партизан ҳакерлар
Ҳужум учун жавобгарликни беларуслик «Киберпартизанлар» ва Silent Crow гуруҳлари ўз зиммасига олди. Улар ҳакерлик ҳужумини Россия ва Украина ўртасидаги уруш сабаб амалга оширганини айтган. Ҳакерлар «Аэрофлот»нинг барча ходимлари ёзишмаларига кириш имконига эга бўлиб йўловчилар маълумотларини қўлга киритади.
Silent Crow ҳакерларининг айтишича, улар бир йил давомида «Аэрофлот» корпоратив тизимига кириб, барчасини кузатиб борган. Натижада ходимлар персонал компютерларига кира олишган, ҳатто юқори мартабали мулозимлар қурилмаларига. Тинглаш серверларидаги файлларни кўчириб олиб, умумий 22 терабайт маълумотни қўлга киритишган, етти мингта сервер ишдан чиққан. Ҳакерлар тез орада бу маълумотлар эълон қилинишини билдирди.
Silent Crow гуруҳи бунгача Росреестр, «Ростелеком», Беларус паспорт тизими каби ташкилотларга ҳужум қилган. «Киберпартизанлар» эса Беларус КГБ сайтига ҳакерлик ҳужуми қилган.
Уч йил ўзгармаган парол
Маълум бўлишича, «Аэрофлот»да Windows XP'нинг эскирган версияси ва Windows 2003 оператив тизимини ишлатишгани бузиб киришни осонлаштирган. Компания бош директори Сергей Александровский эса уч йилдан буён паролни ўзгартирмаган. «Аэрофлот»дагилар ҳакерлар ишчи чатларда бир йил давомида бўлганини сезишмаган ҳам. Бу шов-шув фонида тармоқда «Аэрофлот» ахборот хавфсизлик бўйича катта мутахассиси атиги 120 минг рубл (1400 доллар) маош олгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Чегарасиз фронт
Энди бу воқеанинг урушга қандай алоқаси борлиги ҳақида. Ҳакерлик ҳужумидан «Аэрофлот» ошиб борса 10-12 миллион доллар зарар кўрди. Рейслар бекор қилингани эса компанияга 250 миллион рублга тушган. Россиядаги энг йирик авиаташувчи учун бу катта пул эмас. Лекин бир неча соатлик ҳужум вақтида минглаб россияликлар зарар кўргани асосий масала.
Ҳа, азизлар, 2022 йил Украина сарҳадларида бошланган урушдаги фронт бугун бутун Россия чегарасига ёйилди. Украинлар аввалига фақат Белгород ва Курскка ракета отишни эплашганди, кейин уларнинг дронлари Қозонгача борди. Олис Мурманскдаги аэродромларда юз миллионлаб доллар турадиган стратегик самолётлар йўқ қилинди. Энди ҳатто украинларнинг хабари бўлмаган ҳолда беларуслик ҳакерлар Россия аэропортларида хаос юзага келтиришди.
Бунақа мисоллар сон мингта. Украина ерларини эгаллаш учун бошланган урушнинг тўртинчи йилига келиб энди тобора кўпроқ россияликлар уруш нима эканини танасида ҳис қилмоқда. Кремл урушни оддий ҳаёт тарзидек кўрсатмоқчи бўлаётган, Москва ёки Петербург каби йирик шаҳарларда яшаётган русларга «Чалғимай яшайверинг, биз шунчаки локал махсус ҳарбий амалиёт ўтказяпмиз», деётганди. Лекин борган сари кўпроқ россияликлар урушдан зарар кўрмоқда.
Биз видеоларимизда кўп айтганимиздек урушни ҳеч қачон бошламаслик керак, чунки уни ҳеч ким бошқара олмайди. Бошқаряпман деган одам аллақачон уруш таъсирига тушиб қолган бўлади. «Аэрофлот»даги хаосдан кейин бирор россиялик «Ҳечқиси йўқ, биз урушдаги ғалаба учун юзлаб рейсларимиз қолдирилишига розимиз», деб чиққанини кўрдингизми? Йўқ, чунки бу кўпчилик россияликлар ҳам истамаган уруш. Уни тезроқ тугатиш керак. Бошқа йўл йўқ...
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид

11:39
Россия Украина армиясининг ўқув бўлинмасига зарба берди: уч киши ҳалок бўлди

09:59
«Киберпартизаны»: «Аэрофлот» тизими ҳимояси «заиф» эди

09:21
Россияда шатдаунлар пайтида ҳам айрим ресурсларга кириш имкони яратилиши мумкин

23:14 / 29.07.2025