Жаҳон | 12:00 / 30.07.2025
6859
2 дақиқада ўқилади

«Агентство»: Путиннинг қўриқчиси дронларга қарши қурол олиб юргани аниқланди

Россия президенти атрофидаги шахс тутиб олувчи дрон олиб юриши маълум бўлди. Путин мудофаа вазири Белоусов ҳамроҳлигида Қизил майдонда зобитлар билан қўл бериб кўришганида эркак уни қўлида ушлаб турган.

Фото: kremlin.ru

Радиотехнологиялар ва дронлар бўйича украиналик мутахассис Сергей Бескрестнов Telegramʼдаги каналида Россия президенти Владимир Путинни Қизил майдонда ўраб олганлардан бири қўлида учувчисиз учиш аппарати тургани акс этган видеони эълон қилди.

Орқа фонда Путин Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов ҳамроҳлигида парад формасидаги ҳарбий зобитлар билан қўл бериб кўришаётгани тасвирланган. Шу билан бирга, олдинги планда, президентдан бир неча метр нарида иш костюмида эркак киши турибди, у сумкада қисман яширилган яшил дронни ушлаб олган.

«Агентство» интернет-нашрининг тахминига кўра, видео 9 май куни бўлиб ўтган параддан сўнг суратга олинган ва эркакнинг қўлида «Елка» тутиб олувчи дронига ўхшаш нарса бўлган. Бундай учиш аппаратлари, хусусан, "Баба-яга" дронларини йўқ қилиш учун ишлатилади. Илгари бундай қурилмалар Путин иштирокидаги тадбирларда унинг атрофидаги одамларда пайқалмаган.

Украина дронларининг ҳужумлари туфайли Россия ҳукумати май ойида мобил тармоқларни мунтазам равишда узиб қўйишни бошлади. Ушбу чора-тадбирлар нацистлар Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллигини нишонлаш вақтида хавфсизликни таъминлаш зарурати билан изоҳланди, бироқ кейинчалик узилишлар мунтазам кўриниш олди.

Мавзуга оид