Ўзбекистон | 14:54 / 30.07.2025
3949
2 дақиқада ўқилади

Президент масъуллар ва ҳокимларни об-ҳавони баҳона қилмасдан, шароитга мослашиб ишлашга чақирди

Иссиқ ва совуққа чидамли маҳсулотлар етиштиришга ўтиш зарурлиги билдирилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.

Давлат раҳбари сўнгги уч йилда 250 минг гектар пахта ва ғалла ери озиқ-овқат етиштиришга берилгани, 160 минг гектар янги боғ ва токзор барпо этилгани, эскирган 107 минг гектари янгилангани, 1 миллиард долларлик 1,5 мингта озиқ-овқат лойиҳаси ишга тушганини таъкидлади.

Бундан ташқари, 100 минг тонна сақлаш, 70 минг тонна қуритиш, 46 минг тонна саралаш ва қадоқлаш қувватлари яратилди.

Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Шу ойда Ўзбекистон Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Кенгаши аъзолигига сайланди.

«Бу миллий ва минтақавий ташаббусларни илгари суриш, янги лойиҳаларга маблағ жалб қилишда биз учун катта имконият», - деди президент.

Давлат раҳбари халқаро вазият кун сайин ўзгариб бораётгани, йилдан-йилга такрорланаётган об-ҳаво инжиқликлари, «аномал иссиқ» ва «аномал совуқ» деган тушунчалар одатий ҳолга айланиб улгурганига эътибор қаратди.

Бундай қалтис шароитда ҳар бир экспорт бозори мамлакат учун ўта муҳимлиги, керак бўлса, бу – иқтисодий хавфсизликнинг устувор йўналишларидан бири экани кўрсатиб ўтилди.

Шу боис соҳа масъуллари ва ҳокимлар об-ҳавони баҳона қилавермасдан, шароитга мослашиб, иссиқ ва совуққа, сувсизликка чидамли маҳсулотлар етиштиришга ўтиши зарурлиги қайд этилди.

Ўтган 6 ойда озиқ-овқат экспорти 44 фоиз ўсиб, 1 миллиард 326 миллион доллар бўлди. Экспорт географияси 16 та давлатга кўпайди. 

Шу билан бирга, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари, Қорақалпоғистон мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортининг суръати бўйича қолган ҳудудлардан ортда қоляпти. Навоий вилояти эса ўтган йилги кўрсаткичларига ҳам чиқа олмади.

Ушбу ҳудудлар ва уларга Ҳукуматдан бириктирилган вакиллар бу борадаги ишларини фаоллаштириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Мавзуга оид