Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда аёллар стартаплари учун илк миллий акселератор дастури ишга туширилди
Бутун Ўзбекистон бўйлаб SG Women дастури иш бошлади. Бу дастур – технологик тадбиркорлик соҳасида аёллар ва қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Ушбу ташаббус Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида амалга оширилмоқда ва аёлларнинг ғояларини реал бизнесга айлантиришларига кўмаклашувчи тизимли тренинглар, мураббийлик, ҳамжамият қуриш тадбирларини таклиф қилади.
Расмий релизга кўра, дастур Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги аёллар учун стартаплар оламига кириш эшигини очади.
Иштирокчилар мастер-классларда қатнашади, тажрибали мураббийлардан маслаҳатлар олади ва ўзаро фикрлашувчи аёллар тармоғига қўшиладилар.
Дастур амалий лойиҳа ишлаб чиқиш жараёнини ўз ичига олади ва оммавий тақдимотлар билан якунланади. Энг фаол қатнашчилар кейинги босқичда мураббийлик ва ривожланиш имкониятларига эга бўлади.
Дастурнинг очилиши Pitch&Rise номли тадбир орқали нишонланди. Ушбу тадбир Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Startup Garage платформаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Бир неча аёл тадбиркорлар ўз ғояларини тақдим этди. Ғолибларга АТ соҳасида ёшлар, аёллар ва фрилансерлар билан ишлаш ҳамда Ўзбекистонни минтақавий АТ марказига айлантириш бўйича маслаҳатчи Камола Собирова томонидан мукофотлар топширилди.
“Ўзбекистон жадал ривожланмоқда, ва аёллар бу жараённинг марказида туришмоқда, – деди Камола Собирова. – Стартаплардан рақамли технологияларгача аёллар ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Аёлларга қаратилган дастурлар ва Pitch & Rise каби тадбирлар уларнинг етакчиликка тайёрлигини яққол кўрсатмоқда”.
“SG Women бу шунчаки дастур эмас – бу баёнот, – деди Startup Garage асосчиси Муҳаммад Халил. – Биз Ўзбекистоннинг ҳар бир бурчагидан чиққан аёллар реал бизнеслар яратадиган, ўзига ишонч ҳосил қиладиган ва инновациялар соҳасида етакчиликка интиладиган муҳитни барпо қиляпмиз. Улкан очилмаган салоҳият бор, бу эса эндигина бошланиши”.
Ташаббус доирасида мунтазам учрашувлар, муваффақиятли аёл асосчилар билан подкастлар ҳамда норасмий тармоқ тадбирлари ўтказилади. Барча фаолиятлар аёлларга очиқ, инклюзив ва барча ҳудудларни қамраб олувчи тарзда ишлаб чиқилган, шу сабаб йирик шаҳарлардан узоқда яшовчи аёллар ҳам бирдек имкониятга эга бўлади.