Жаҳон | 13:21 / 01.08.2025
3186
1 дақиқада ўқилади

Трамп Уиткоффнинг Россияга бўлажак ташрифи ҳақида эълон қилди

АҚШ президентининг махсус элчиси Стивен Уиткофф Россияга ташриф буюради, дея маълум қилди Доналд Трамп. Оқ уй раҳбари Россиянинг Украинага янги ҳужумларини «жирканч» деб атади ва яна бир бор санкциялар билан таҳдид қилди.

Фото: Kristina Kormilitsyna/AP Photo/picture alliance

АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф Россияга ташриф буюради. Бу ҳақда 31 июл, пайшанба куни АҚШ етакчиси Доналд Трамп Оқ уйда маълум қилди.

Трамп Уиткоффнинг режалаштирилган сафари тафсилотларини келтирмади. Москвага аввалги ташрифлари чоғида у, хусусан, Россия президенти Владимир Путин билан учрашган.

Оқ уй раҳбари Россиянинг Украинага қарши янги ҳужумларини «жирканч» деб атади ва Москвага нисбатан эҳтимолий чеклов чоралари ҳақида эълон қилди. «Биз санкциялар қўямиз. У (Путин) санкциялар ҳақида ўйлаяптими ёки йўқми, билмайман», — дея Трампнинг сўзларини келтирган AFP.

Айни пайтда, Reuters хабар беришича, АҚШ Сенатининг маблағлар бўйича қўмитаси 31 июл куни Пентагонга 2026 йил 30 сентябрда якунланадиган молиявий йил учун 852 миллиард доллар (746 миллиард евро) ажратишни назарда тутувчи ҳарбий харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади, бу Трамп йил бошида сўраганидан 2,6 фоизга кўпдир.

Мавзуга оид