Ўзбекистон | 13:20
2345
13 дақиқада ўқилади

“Операцияларни тиббий маълумотсиз “мутахассислар” қиляпти” – Ўзбекистонда косметология нега назоратсиз?

Охирги вақтларда терига ишлов бериб, одамларни ёшартириш “даромадли бизнес”га айланди. Бу соҳага кириш учун талаблар суст, косметологлар фаолиятини эса деярли ҳеч ким текширмайди. Қисқа курсларда ўқиган, тиббий билимга эга бўлмаган “мутахассислар” танага игна санчиб, уни кесиб-тикиб, инъекцион муолажаларни бехавотир амалга оширяпти. “Муаллифлик техникаси” дея тармоқларда реклама қилинаётган процедуралар эса клиник текширувлардан ўтказилмай, ноқонуний қўлланяпти. Беморлар саломатлигига етказилган зарар жавобсиз қолмоқда. Kun.uz мухбири мутахассислар билан боғланиб, ушбу ҳолатга сабаб бўлаётган муаммоларни ўрганди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Косметология – юз, тери, соч, тирноқ ва тананинг бошқа ташқи элементларини парваришлаш, эстетик жиҳатдан яхшилаш билан шуғулланувчи тиббиёт соҳаси. Мазкур йўналишда ишлаш учун дерматология, фармакология, психология билимлари талаб қилинади.

Афсуски, Ўзбекистонда бу соҳа назоратсиз ривожланмоқда. Ижтимоий тармоқларда реклама қилинаётган 7 кун, 1 ойлик курслар орқали “сертификат” олиб, амалий тажриба ва кўникмага эга бўлмаганлар ҳам иньекцион муолажалар ўтказяпти. Шунингдек, жарроҳлик амалиёти ташкил этиш учун лицензияга эга бўлмаса-да, “гўзаллаштириш”га хизмат қилувчи операцияларни беморларда тажриба тариқасида синаб кўраётганлар ҳам топилади. Тиббий косметология ва эстетика бир-бирига аралашиб кетган: косметологиянинг соғлиқ билан боғлиқ жиҳатлари енгил баҳоланмоқда.

Тиббиёт соҳасида олий маълумотга эга косметолог Гулжаҳон Ширинованинг айтишича, бошланғич тиббий билими (коллеж ёки техникум дипломи) мавжуд бўлмаганлар устоз-шогирд анъаналари асосида процедураларни ўрганиб, мураккаб муолажаларни бажармоқда.

Бизда менежер бўлиб ишлаган собиқ ҳамкасбимиз бошқа косметологлар ишига қараб туриб ўрганиб, ҳеч қандай курс ёки олийгоҳда ўқимасдан, ҳозирда косметолог сифатида фаолият юритяпти. Диплом ёки бирор бир тиббий маълумоти бор-йўқлигини ҳеч ким сўрамайди, талаб қилмайди. Беморлар ҳам муолажалардан аввал мутахассиснинг қандай малакага эгалигини суриштирмайди. Одамларнинг аксарияти Instagramʼда кўрганига ишониб келади – рекламаларда намойиш қилинаётган сурат ва видеолар ўша косметологнинг ҳақиқий ишими ёки ўғирланган сурат, буни текшириб кўришмайди”, ­– дейди у.

Кўпчиликда ушбу йўналиш тиббий хизмат ҳисобланадими ёки йўқми ўзи, деган савол туғилиши табиий. Аслида косметология бир нечта турга бўлинади, уларнинг айрим турлари тўлиқ тиббий хизмат саналади, баъзилари эса парваришловчи-гигиеник сервис бўлиб, ярим тиббий тусга эга ҳисобланади.

  • Эстетик косметология асосан, ташқи кўринишни парваришлаш, юзни тозалаш, оддий массаж ва гигиеник ниқоблар қўйиш каби енгил муолажаларни ўз ичига олади. Мазкур хизматларда тиббий аралашув бўлмайди, бундай муолажалар махсус курсни битирган мутахассислар томонидан бажарилиши мумкин.
  • Тиббий косметологияда эса инсон организмига бевосита физиологик, кимёвий ёки аппаратли аралашув орқали таъсир кўрсатилади. Масалан, ботокс, филлер, лазер муолажалари, ПРП терапия, мезотерапия, кимёвий пилинг сингари инъекцион усуллар профессионал тиббий билим ва стерил шароитда бажарилишни талаб этади. Шу боис, бу хизматлар “тиббий фаолият” деб баҳоланади ва фақатгина махсус лицензияга эга шифокор-косметологлар томонидан амалга оширилиши лозим.

Соҳани бизнес сферага айлантириб юборишган: косметология мўмай пул топиш манбаи бўлиб қолди. Фаолиятни лицензиялаш билан ҳеч кимнинг иши йўқ. 1-2 ҳафталик курсни тугатиб, ҳеч қандай амалий тажриба, илмий билим, олий маълумотга эга бўлмаганлар инсон юз терисини игна билан тешиб, бемалол муолажа ва операция ўтказяпти. Бу ҳолат нафақат профессионал косметологлар обрўси, балки бутун соғлиқни сақлаш тизимига путур етказяпти. Аллергик реакциялар, тери инфекциялари, ҳатто чандиқ ва асоратлар билан якун топаётган ҳолатлар етарлича. Энг оғриқлиси, бу вазиятни тартибга солувчи расмий механизмларнинг суст ишлаётганида. Малака назорати деярли қоғозда қолиб кетган”, – дейди косметология академияси асосчиси Муаттар Раупова.

2021 йил 12 майда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғига кўра, тиббий фаолият билан шуғулланиш мумкин бўлган тиббий йўналишлар рўйхати (яъни ихтисосликлар номенклатураси) тасдиқланган. Ушбу рўйхатга тиббий косметология ҳам киритилган, яъни бу йўналиш тиббий хизмат деб эътироф этилади ва у билан фақат махсус тиббий маълумотга эга мутахассислар шуғулланиши мумкин.

Ижтимоий тармоқларда юзини торттирган, ажинларни кетказувчи уколлар олган қизларнинг видеоларига кўзимиз тушади. Уларнинг муолажа олиш шароити ўрганилганда процедуралар оддий салонларда ўтказилаётганига гувоҳ бўламиз. Салонлар юз ва терининг енгил парвариши учун очилади, уларда терини тикиб-кесиш, нитлар қўйиш, шаклни ўзгартирувчи уколлар қилиш умуман мумкин эмас. Бундай ишлар санитар-гигиеник талабларга жавоб берадиган хонада стерил шароитда тиббий маълумотга эга жарроҳлар томонидан амалга оширилиши керак аслида”, – дейди Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бўлим мудири Дилбар Тўрахўжаева.

Бу ҳолат бир томондан хизматлар арзон ва кенг тарқалишига сабаб бўлган бўлса, бошқа томондан сифатсиз муолажа, инфекция хавфи, асоратлардан азият чекаётган мижозларнинг кўпайиши каби муаммоларни юзага чиқармоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси вакилининг таъкидлашича, енгил кўринган муолажа, масалан, оддий пилинг ҳам нотўғри бажарилса, терига инфекция тушиши мумкин. Одатда, бу дарҳол сезилмайди, бактерия яширин даврда ривожланади ва симптомлар бир неча ҳафтадан кейин юзага чиқади. Ушбу ҳолат касалликнинг аниқланишини кечиктиради.

Косметологик амалиётлар орқали юқиши мумкин бўлган энг хавфли инфекциялардан бири бу – вирусли гепатитлар (B ва C турлари). Мазкур вируслар қон орқали ўтади ва жигар фаолиятини издан чиқаради. Мутахассиснинг маълум қилишича, салонларда ўтказилаётган амалиётларда тиббий буюмларнинг тўлақонли стерилланмагани оқибатида ОИВ юқиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Косметологларнинг кўпи салонда иш бошлаб, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтади. Субъект гўзаллик маркази сифатида расмийлаштирилган ҳолатда фақат эстетик хизматлар тақдим этишига рухсат берилади. Аммо шунга қарамай, ҳозирда салонларда косметологик-инъекцион процедураларни ҳам амалга оширяпти. Бу бевосита лицензияси доирасида иш юритишни тартибга солиш механизмлари сустлиги белгисидир. Ундан ҳам ёмони, аксарият салонлар ва косметологларда фаолият олиб бориш учун лицензия ҳам мавжуд эмаслигида”, – дейди мутахассис.

Вазирлар Маҳкамасининг 2009, 2017 ва 2022 йиллардаги қарорларига кўра, тиббиёт соҳасида ишлайдиганлар фақат рухсат берилган, яъни лицензияда кўрсатилган йўналишларда фаолият олиб бориши мумкинлиги, тиббий хизматларни лицензиялаш эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юклатилганини кўришимиз мумкин. Демак, косметологик хизматни тартиблаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасидаги вазифа. Бу борада вазирликка талайгина саволларимиз бор эди. Ташкилот матбуот котибига мавзуни ўрганишни бошлаган вақтимиздан то контент тайёр бўлгунига қадар бир ярим ой мобайнида бир неча марта алоқага чиқдик, аммо турли сабаблар билан на саволларимизга жавоб, на интервю учун мутахассис топа олдик – бу борада саволларимиз очиқ қолди.

Инсон саломатлиги йўлида муолажаларнинг сифатли ва гигиеник қоидалар асосида амалга оширилаётганини назорат қилиб бориш ҳам муҳим. Бунга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат хавфсизлиги қўмитаси масъул. Ушбу ташкилот муолажа хоналарининг белгиланган талабларга жавоб бериши, тиббий буюмларнинг стерилланиш ҳолати, препаратларнинг яроқлилик муддати ва сақланиш шароити кабиларни текшириб туриши, белгиланган гигиеник меъёрлар бузилса ёки тиббий жараёнларда беморга хавф туғдирувчи ҳолатлар аниқланса, огоҳлантириш, жарима солиш ёки фаолиятни тўхтатиб қўйиш каби чораларни кўриши керак. Лекин мазкур қўмитада бундай ваколат чекланган, бирор беморда жиддий нохуш ҳолат рўй бериб, шикоят тушмагунча мутахассислар косметологик субъектларни мустақил тарзда бориб текшира олмайди.

Фақат ариза келиб тушган ҳолларда, унда ҳам аниқ фактлар бўлсагина, бизнес-омбудсмандан рухсат олгандан кейин текшира оламиз. Косметологлар тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтгани учун уларнинг фаолиятига аралашишимиз мумкин эмас – бу қонунда белгиланган”, – дейди Дилбар Тўрахўжаева

Ушбу ҳолат соҳага оид қонунлар бўлса-да, Ўзбекистонда косметологик фаолият устидан давлат назорати тизими тўғри ва тўлиқ ишламаётганини кўрсатади. Расмий ҳужжатларда тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашув ман этилган. Бу борада ҳуқуқий механизмларни қайта кўриб чиқиш ёки унга қўшимчалар киритиш керакдир балки. Негаки косметологик хизматлар бирор маҳсулотни ишлаб чиқариш ёки сотиш эмас, бевосита инсон саломатлигига дахл қилувчи иш: у шунчаки назоратсиз қолмаслиги керак.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан маълум қилинишича, тиббиёт хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар ўзлари ваколатли бўлмаган фаолият тури билан шуғулланибгина қолмасдан, муолажа ва жарроҳлик амалиётларида давлат рўйхатидан ўтмаган ва сифати кафолатланмаган маҳсулотдан фойдаланишлари ҳамда ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга бўлмасдан туриб тиббий муолажаларни ўтказиши қатъий ман этилади.

Ҳозирда ижтимоий тармоқларда косметологик муолажалар рекламаларидан “муаллифлик техникаси” номи остида тарғиб қилинаётган эълонларни кўриш мумкин. Бундай муолажалар таркиби сўралганда ўз номи билан “авторский” дея таркиб очиқланмайди. Бу аслида истеъмолчи ҳуқуқининг бузилиши ҳисобланади.

Истеъмолчилар косметологик хизмат (ёки ҳар қандай бошқа хизмат) ва унинг таркиби, сифати, хавфсизлиги ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумот олишга ҳақли. Бу маълумот маҳсулот (хизмат) таркиби, унинг ишлатилишига доир кўрсатмалар, хавфсизлик чоралари, ишлаб чиқарувчи (ёки хизмат кўрсатувчи) ҳақида ахборот, амал қилиш муддати, муолажани ўтказиш шартларини ўз ичига олиши зарур”, ­– дейди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мутахассиси.

Муаллифлик муолажаси таркибида ишлатилаётган дори воситаларининг клиник тадқиқотлари ҳам мавжуд эмас. “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасига кўра, дори воситалари тиббий буюмлар ва тиббий техниканинг тиббиёт амалиётида қўлланишига, қоида тариқасида, улар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин рухсат этилади. Бундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳар қандай дори воситаси амалиётга жорий қилинишидан олдин клиник тадқиқотдан ўтиши, давлат экспертизаси томонидан баҳоланиши зарур. “Муаллифлик муолажаси” номи остида айрим косметологлар томонидан фойдаланилаётган воситалар бу мезонларнинг бирортасига жавоб бермайди. Уларнинг таркиби номаълум, таъсир механизми эса илмий асосга эга эмас. Энг аянчлиси, муолажадан кейинги салбий оқибатлар учун ҳеч ким жавобгарликни ўз бўйнига олмайди – териси куйган, тўқималари шикастланган ёки инфекцияга чалинган бемор қандайдир “салон”да қилинадиган сифатсиз процедура қурбонига айланади-қолади.

“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, бемор тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида соғлиғига зарар етказилган тақдирда кўрилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Бу каби гаплар билан сизни хавотирга солмоқчи ёки косметологга умуман борманг демоқчи эмасмиз. Шунингдек, ҳамма косметологлар тажрибасиз, сифатсиз иш бажаради деган қарашдан ҳам йироқмиз. Ўз ишини профессионал даражада тақдим этаётганлар оз эмас. Шунчаки яхшиси билан ёмонининг фарқига боринг, ўзингизни эҳтиёт қилинг ва алданиб қолманг деган мақсадда бу контентни тайёрладик.

Кўрсатув мобайнида Instagramʼдаги реклама тузоқлари, косметологик фаолиятни тартибга солиш бўйича жаҳон тажрибаси, истеъмолчи ҳуқуқлари ҳақида сўз юритилади. Уни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Муаллиф: Диёрахон Набижонова
Операторлар: Абдуллоҳ Ҳасанов, Зияддин Маматжонов, Жаҳонгир Алибоев
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид