Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“ҲАМАС Ғарб талаб қилган демократик сайлов йўли билан ҳокимиятга келган эди” – сиёсатшунос
Трампнинг махсус вакили Ғазога келганини экспертлар жиддий қабул қилмади. Франция, Британия ва Канада Фаластинни тан олиш томон қадам ташлаётган бўлса-да, коллектив Ғарб ўзи яратган инсон ҳуқуқлари аталмиш фундаментал принцип ҳимоясида тура олмаяпти. “Геосиёсат”да таҳлилчилар Ғазо атрофидаги ҳозирги глобал шарт-шароитлар ва ҲАМАСга қўйилган қуролсизланиш талабини муҳокама қилди.
— Трампнинг махсус вакили Стив Уиткоффнинг Ғазога сафари, бўлгадаги вазиятни ўзгартира оладими?
Камолиддин Раббимов: Бу ерда геосиёсий контекст мавжуд. Яъни бугунги кунда Ғарб давлатларининг тафаккури Исроил борасида тўлиқ иккига бўлинган. Франция, Канада ва Буюк Британия сентябр ойида Фаластин давлатчилигини 1967 йилги чегараларда тан олмоқчи. Бу вазиятда АҚШ нима қилишни билмайди. Америка – Исроилнинг ягона, охирги, асосий ҳомийси ва ҳимоячиси. Ҳозирча расмий Вашингтоннинг позицияси Исроил тарафида турибди.
Шундай бўлса-да, бугунги кундаги АҚШ жамоатчилик фикри ҳам Фаластин бўйича тўлиқ ўзгарган. Сабаби айни вақтда Америкадаги энг катта ижтимоий тармоқ – бу ТikTok. TikTok фойдаланувчилари орасида, айниқса 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар қатламида Исроилга нисбатан танқидий муносабат юқори – тахминан 70 фоизга яқини унга қарши фикр билдиради. Бу – фундаментал ўзгариш.
Нима учун Америка ёки Трамп TikTok'ни сотиб олиш ёки назорат қилиш тўғрисида жуда ҳам кўп гапиряпти? Чунки жамоатчилик фикрини фундаментал ўзгартирган масала шу.
Исроилнинг Ғазодаги операцияси ҳаддан ташқари чўзилиб кетди ва Ғарб энди кўз юма олмаяпти.
Бир қанча давлатлар Фаластинни тан олиши фонида, Америка Қўшма Штатлари ўзининг маънавий позициясини йўқотиб бўлди. Чунки Исроил мислсиз геноцид қиляпти, инсониятга қарши жиноят қиляпти ва уни ягона, муттасил, барқарор қўллаб-қувватлаб келаётган ягона давлат – бу Америка Қўшма Штатлари. АҚШ бугунги кунда бир томондан Исроилни ҳимоя қиляпти, иккинчи томондан эса бўлаётган геноцидни инкор қила олмаяпти. Доналд Трампга Ғазодаги болалар ўлимлари ҳақида сўралганида, у ростдан ҳам бу жуда даҳшатли, деб жавоб беряпти. Лекин шу билан бирга, ҲАМАСни мукофотлашимиз керак эмас, дейиляпти.
— Ғарб давлатлари ва баъзи араб давлатлари ҲАМАСдан қуролларни ташлашни сўраяпти. Агар шундай бўлса, Фаластин давлати тузилиши ва ҳудудда тинчлик бўлишига кафолат борми?
Бектош Бердиев: Бу ерда Саудия Арабистони масаласини гапириб ўтишимиз керак. Париж ва Ар-Риёднинг ташаббуси билан 28–29 июл кунлари Ню Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясида “Фаластин масаласида тинчлик ва икки давлат ечими” номли олий даражали халқаро конфереция ўтказилди. Бу Саудия Арабистонининг дунё сиёсатидаги обрўйи, нуфузи ортиб бораётганини кўрсатди. Саудиянинг бу ташаббусини катта дипломатик марш сифатида баҳолашимиз мумкин, чунки шу пайтгача Саудия Арабистони АҚШнинг позициясига кескин қарши бора олмаган. Концеренция эса АҚШ ҳудудида, Ню Йоркда бўлиб ўтди.
Фаластинни тан олиш – ҲАМАСга совға, дейиш билан Исроил ва АҚШ дунё афкор оммасининг онгини чалғитмоқчи бўляпти.
ҲАМАС эса, Фаластин давлати тузилишига яқин турганда, охирига келиб, бизни ўйиндан чиқаришмоқчи деб ҳисоблаяпти. Фаластин давлати тузилишида бизнинг ҳиссамиз катта, орденни эса бошқалар илиб кетмоқчи, деган фикрда. Шунинг учун ҳам аввал Фаластин давлати ташкил топсин, ундан кейин биз қуролни ташлаймиз, деган баёнот берди.
ҲАМАСни қуролни ташлашга мажбур қилаётган давлатлар асосан Қатар, Саудия Арабистони ва Миср.
Жаҳонгир Акрамов: Ҳозирги ҳолатда ҲАМАС қуролни ташласа ҳам, Фаластин давлати қурилишига кафолат берилмаслиги эҳтимоли юқори.
Иккинчидан, агар ҲАМАС ташкилоти қуролини ташласа, Ғазодаги сиёсий бошқарув кимнинг назорати остига ўтади, деган савол очиқ турибди. Ҳозир асосий вариантлардан бири – Маҳмуд Аббос бошчилигидаги Фаластин озодлик ташкилоти. Лекин Аббос ҳокимиятининг ғарбий соҳилдаги бошқаруви ҳам анча чекланган.
Ғазоликлар Аббос маъмуриятини ёрдам бермаганликда айблаяпти. Моҳиятан, Фаластин халқи икки қисмга бўлиниб қолган: ғазоликлар ва ғарбий соҳилликлар. Маҳмуд Аббос 90 ёшга яқинлашиб қолган, сиёсий обрўси ва легитимлиги жудаям паст.
Шу билан бирга, Фаластинда “икки давлат” тамойили тарафдори бўлган йирик сиёсий кучнинг вужудга келишига Исроилнинг ўзи йўл қўймай келди. Фаластин озодлик ташкилотининг аввалги етакчиларидан бири Марвоний ҲАМАС ва ФАТҲни бирлаштириш ҳамда “икки давлат” тарафдори эди, лекин у 22 йилдан бери Исроил қамоғида. Орада, Ғарб томонидан босиб бўлганида, 2013-2014 йилларда Исроил ҲАМАСнинг етакчиларини, яъни Исроилни йўқ қилиш тарафдорларини қамоқдан озод қилган. Лекин Фаластин билан бирга Исроил ҳам мавжуд бўлиши тарафдорларини қамоқдан чиқармаяпти.
Бугунги кунда Фаластин давлатини тан олиш бўйича Ғарбда кучайган ҳаракатларнинг асосий мақсади – Ғазодаги геноцидни тўхтатиш. Лекин Фаластин давлатининг тан олиниши билан, у амалда ташкил топиши ўртасида катта вақт ўтади, деб ўйлайман. Реал натижага эришиш учун узоқ ва мураккаб сиёсий ҳаракатлар талаб этилади. Чунки 1967 йилги чегараларга қайтиш учун 800 мингдан ортиқ яҳудий кўчманчиларни кўчириб юбориш керак бўлади. Бунинг реал имконияти кам.
Шу боис, ҳозирги босим кўпроқ рамзий ва сигнал характерга эга. “Ҳозирча тан оламиз, тўхтамасанг кейинги қадамларни ташлаймиз”, деган маънода. Масалан, Европа Иттифоқида Словения биринчи бўлиб Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатди. Бу прецедент бўлиб, бошқа давлатлар учун йўл очади.
Исроилнинг халқаро саҳнадаги асосий таянчи – Ғарб билан тузилган иттифоқчилик ва илмий лойиҳалардаги (масалан, “Horizon Europe”) иштирокдир. Ғарб бу имтиёзларни босқичма-босқич бекор қилиши мумкинлиги билан Исроилга босим ўтказмоқда. Бироқ Ғарб ҳозир бир бутун эмас, АҚШ алоҳида позицияда, Европа тобора мустақилроқ ҳаракат қилмоқда.
Франция, Британия ва Канада Фаластин давлатчилигини тан олишини БМТ сессиясига боғлаш орқали, БМТ Бош ассамблеясининг ролини оширмоқчи. Яъни халқаро тартиботда куч-қудрат муҳимлашиб бораётган бугунги кунда, қонун-қоидаларга эътиборни мустаҳкамламоқчи.
Британия соғлиқни сақлаш вазирининг “ҳеч бўлмаса Фаластин давлати йўқ бўлиб кетмасидан аввал уни тан олайлик” деган сўзлари Ғарбдаги ўзгараётган кайфиятни ифодалайди. Бироқ бу тан олишлар ҳозирча кўпроқ сиёсий ишора бўлиб, реал ўзгаришлар учун анча вақт ва сиёсий ирода талаб этилади.
Франция, Британия ва Канада каби давлатларнинг Фаластинни расман тан олиши АҚШнинг халқаро майдондаги ёлғизланишига олиб келмоқда. Бу фақат дипломатик изоляция эмас, балки жамоатчилик босимининг кучайиши билан ҳам кечмоқда. Чунки:
Франция ортида бутун франкофон дунёси – француз тилида сўзлашувчи халқлар мавжуд;
Британия эса халқаро таълим, медиа ва инглиз тилининг глобал нуфузи орқали жаҳон жамоатчилик фикрига катта таъсир кўрсатади;
Канада – АҚШнинг энг яқин географик ва сиёсий иттифоқчиларидан бири бўлиб, унинг позицияси бевосита АҚШ ички жамоатчилик фикрига таъсир қилади.
Бу жараёнлар АҚШдаги сиёсий муҳитга ҳам таъсир этмоқда. Айниқса, яқинлашиб келаётган 2026 йилги оралиқ сайловлар фонида. Жамоатчилик орасида кучайган норозилик Демократлар партиясининг овозларини ошириши мумкин. Бу – Доналд Трампни Исроилни очиқ ва тўлиқ қўллаб-қувватлашдан тийиб туради.
Яқинда Трамп тарафидан ташкил этилган Стив Уитткофнинг Ғазога ташрифи – кўпчилик томонидан сиёсий спектакл сифатида баҳоланди. Бу ташриф, асосан, Трампнинг Ғазо муаммосига эътибор қаратаётгани ва Нетаняҳуга сиёсий легитимлик беришга ҳаракат қилаётгани сифатида талқин қилинмоқда. Аммо бу реал сиёсий ҳаракат эмас, балки сиёсий театр эди – ҳар ким ўз ролини бажарди, холос.
— Трамп ҳокимиятдан кетгач Европа ва АҚШ аввалгидек ҳамфикрликка қайтса, Фаластин мавзусида Брюсселнинг ҳам позицияси ўзгариши мумкинми?
Фарҳод Каримов: Европада Фаластин масаласидаги сиёсий ёндашувни ўзгартириш энди қийин. Воқеалар аллақачон муайян йўналишга тушиб боряпти. Исроил ва АҚШ халқаро миқёсда тобора ёлғизланиб бораверади. Бу ёлғизланиш фақатгина Фаластин ёки Исроил билан боғлиқ эмас, балки бошқа глобал масалаларда ҳам кўзда ташланади.
Шу сабабли АҚШ жиддий ўйлаб кўриши керак: биргина Исроил учун бутун Яқин Шарқдаги ҳамкорликлар ва манфаатлардан воз кечишга тайёрми? Худди Россия битта Украина учун ҳамма нарсадан воз кечгани каби, АҚШ ҳам шундай ҳолатга тушиб қолмаслиги керак.
Фаластин бўйича юзага келган вазият глобал сиёсатда кескин бурилиш нуқтасига айланмоқда. Чунки гап Ғарбнинг ўзи яратган принциплар ҳақида кетяпти: инсон ҳуқуқлари, демократик тамойиллар, миллий давлатчилик устунлари. Шу принципларга ўзлари қарши чиқишса, ўзлари барбод қилишса, Ғарбнинг замирида қандай қадриятлар қолади? Бу савол энди фундаментал сиёсий муаммога айланмоқда.
Шу билан бирга, бу бурилиш – узоқ муддатли, 10 йиллаб давом этадиган сиёсий жараён. Аммо Фаластин муаммоси кечиктириб бўлмайдиган даражада оғир. Ҳар куни бегуноҳ инсонлар ўлдирилмоқда. Бугун эрталаб тирик бўлган одам, кечқурун ҳаётда қолмаяпти. Бундай шароитда Фаластин халқига “Европа позицияси ўзгаришини кутинг” дейиш адолатсизлик. Европанинг позицияси фаластинликларга бугун ёрдам бериши керак.
Бугунги вазиятда биринчи навбатда урушни, геноцидни, гуманитар инқирозни тўхтатиш зарур. Одамларга озиқ-овқат, сув, тиббий ёрдам етказилиши керак. Мустақил давлат тузиш ёки сиёсий келишув ҳақида кейинроқ гаплашиш мумкин. Саудия Арабистони ва Қатар каби давлатлар шу позицияда: “Аввало қон тўкилишини тўхтатайлик, сиёсий масалаларни кейин, дўппини четга қўйиб, ҳал қиламиз”.
ҲАМАС масаласи ҳозир атай асосий мавзуга айлантирилиб, Фаластиннинг фундаментал муаммолари четга сурилмоқда. Геноцид ҲАМАС пайдо бўлишидан анча олдин бошланган. ҲАМАС 2007 йилда демократик сайлов йўли билан ҳокимиятга келган. Сайловни Ғарб давлатларининг ўзи талаб қилган эди. Аҳоли овоз берди натижада, халқ томонидан тан олинган ҳукумат шаклланди. Легитимликка эга ҳукумат эса, ўз қуролли кучларига эга бўлишга ҳақли. Шу мантиқдан келиб чиқсак, ҲАМАС бугун – ўзини ҳимоя қилаётган ҳукуматга айланиб қолади.
Фаластин халқи Ғарбнинг стратегик бурилишини 30-40 йил кутолмайди. Фаластинлик болалар бугун сувга муҳтож. Шу сабабли ҳозир биринчи навбатда ўлимни, урушни, ноинсоний фожиаларни тўхтатиш керак.
Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид

15:45
Исроиллик вазир Маъбад тоғида ибодат қилди. Бу эса кўп йиллик келишув бузилишидир

14:10
Мерц: Гаровга олинганларнинг видеоси ҲАМАСга Ғазода жой йўқлигини исботлади

11:04
Исроилнинг Ғазодаги тажовузи қурбонлари сони 60 мингдан ошди

10:43