Жаҳон | 00:30
546
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон АҚШ божларига қарши жавоб тайёрлаётгани ҳақидаги хабар ёлғонлигини билдирди

Аввалроқ Оқ уй раҳбари АҚШ Ҳиндистонга нисбатан 25 фоизлик бож тўловлари жорий этилишини маълум қилганди.

Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги мамлакат АҚШнинг 25 фоизлик савдо божларига нисбатан жавоб тайёрлаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этди. 

"Х тармоғида ёлғон хабар тарқатилмоқда", - деб маълум қилди Ҳиндистон ТИВ. 

Вазирликнинг таъкидлашича, Ҳиндистон шунингдек, бождан озод қилинган Америка маҳсулотлари рўйхатини кўриб чиқаётгани ҳам фейкдан бошқа нарса эмас. 

Бундан ташқари, ТИВ мамлакат Қўшма Штатлар билан айрим келишувларни тўхтатиш ёки қайта кўриб чиқиш имкониятини ўрганиб чиқаётганини ҳам рад этди.  

Hindustan Times нашри манбаларининг сўзларига кўра, Ҳиндистон ва АҚШ ўзаро манфаатли савдо битими тузиш устида ишламоқда.  

Аввалроқ Оқ уй раҳбари АҚШ Ҳиндистонга нисбатан 25 фоизлик бож тўловлари жорий этилишини маълум қилганди. Трампнинг сўзларига кўра, Ҳиндистон "ҳарбий ускуналарнинг катта қисмини Россиядан сотиб олади ҳамда Хитой билан биргаликда Россия энергия ресурсларининг йирик харидори ҳисобланади”.

24 август куни АҚШ делегацияси музокаралар ўтказиш учун Нью-Деҳлига келиши кутилмоқда.

Мавзуга оид