Ўзбекистон | 19:08
5518
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилояти ҳокимига 4 нафар янги ўринбосар тайинланди

Нарпай ва Ургут туманлари ҳокимлари вилоят ҳокими ўринбосари лавозимига кўтарилди, шунингдек, муқаддам икки бор ушбу вилоят ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган ва сўнгги йилларда Савдо-саноат палатаси раисига ўринбосарлик қилиб келган Жамшид Ўроқов ҳам ҳокимиятга қайтди – у энди вилоят ҳокими ёрдамчиси.

Бугун, 5 август куни Самарқанд вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ҳокимлиги тузилмасида тайинловлар амалга оширилди.

Ҳокимлик матбуот хизматига кўра, Шербек Бўронов Самарқанд вилояти ҳокимининг молия – иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Шербек Бўронов

Мутахассислиги иқтисодчи бўлган Шербек Бўронов аввалги чақириқда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати эди, 2024 йил июлидан буён Нарпай тумани ҳокими вазифасида фаолият кўрсатиб келаётганди.

У ҳоким ўринбосари лавозимида 2023 йил апрелидан буён ишлаган Феруз Абиловнинг ўрнини эгаллади.

Наврўз Раҳмонов Самарқанд вилояти ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасига тайинланди.

Наврўз Раҳмонов

Раҳмонов бунгача вилоят ҳокими ўринбосари котибияти мудири эди.

У ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида 2019 йил январидан буён ишлаб келган Акмал Шукуров ўрнида иш бошлади.

Ботир Жабборов Самарқанд вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари – Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимида иш бошлади.

Ботир Жабборов

Жабборов 2020 йилдан буён Ургут тумани ҳокими лавозимида ишлаб келганди.

Ушбу вазифада ишлаган Шунқор Худойбердиев бугун Пайариқ туманига ҳоким этиб тайинланганди.

Хуршидбек Самиев вилоят ҳокимининг ўринбосари – вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Хуршидбек Самиев

У ушбу лавозимда 2023 йил октябридан буён ишлаб келган Ойбек Ҳамроев ўрнини эгаллади.

Самиев шу вақтгача Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлган.

Шунингдек, бугун Жамшид Ўроқов Самарқанд вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасида иш бошлади.

Жамшид Ўроқов

Ўроқов 20092014 йилларда ва 2019–2022 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2015–2017 йилларда Савдо-саноат палатасининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи бўлган, 2017–2019 йилларда ва 2022–2025 йилларда Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган.

Мавзуга оид