Жаҳон | 20:15
2196
5 дақиқада ўқилади

Хитойда Чикунгуня вируси билан касалланиш ҳолатлари 7000 дан ошди

Хитойнинг Гуандун провинциясида июлдан буён Чикунгуня вирусига чалиниш билан боғлиқ 7000 дан ортиқ ҳолат аниқланди ва провинция расмийлари ковид пандемияси чоғида кўрилган чораларга ўхшаш чораларни кўрмоқда.

Фото: Getty Images

Янги инфекция ўчоғи – ўн миллион киши яшовчи Фошан шаҳрида касалланганлар шифохоналарда ҳашоратлардан ҳимояловчи тўрлар билан ўралган койкаларга ётқизилган – улар бир ҳафта давомида ёки таҳлилларида вирус аниқланиши тўхтагунига қадар шундай жойларда сақланади.

Чикунгуня вируси чивинлар орқали тарқалади. У иситма ҳамда бўғимларда кучли оғриқ келтириб чиқарди, аломатлар баъзан йиллар давомида йўқолмаслиги мумкин.

Шу билан бирга, вирус одамдан одамга юқмайди – унинг ташувчиси фақат чивинлар ҳисобланади. Яъни, вирусга чалиниш учун уни юқтириб олган одамни чаққан чивин чақиши керак бўлади.

Хитой расмийларининг хабарларига кўра, ҳозирча Чикунгуняга чалинган беморларнинг барчасида енгил шаклдаги симптомлар кузатилмоқда ва беморларнинг 95 фоизига бир ҳафта ичида жавоб бериб юборилмоқда.

Шунга қарамай, кўпчиликка нотаниш вируснинг пайдо бўлиши Хитойда бироз ваҳима уйғотди.

Чикунгуня эпидемиялари Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёда, шунингдек, Африкада тез-тез учрайди, аммо Хитойда бунгача бу қадар кенг тарқалмаганди.

Уни биринчи марта 70 йил олдин Танзанияда учратишган ва маҳаллий тилдаги «маконде» ибораси бўйича номланган, бу тахминан «буралиш» деган маънони англатади.

Чикунгуня билан касалланиш Фошандан ташқари Гуандуннинг яна камида 12 шаҳрида қайд этилган. Ўтган ҳафта давомида 3 мингга яқин ҳолат рўйхатга олинган.

Душанба куни қўшни Ҳонгконгда биринчи зарарланиш ҳолати қайд этилди: июл ойида Фошанда бўлиб қайтган 12 ёшли болада иситма, тошма ва бўғимлардаги оғриқлар бошланди.

Гуандундаги мутахассислар чивин личинкалари бўлиши мумкин бўлган жойларни ўрганмоқда. Фото: Getty Images

Гуандун ҳукумати янги инфекция тарқалишини тўхтатиш учун қатъий чоралар кўришини маълум қилди.

Фуқаролардан шунга ўхшаш аломатлар пайдо бўлганда зудлик билан энг яқин шифохонага бориб, вирус бор-йўқлигини текшириш сўралган.

Ҳокимият сув ҳавзаларини тозалайди, уйларда, масалан, гул туваклари ёки қаҳва машиналарида тўпланиб қолган сувни чиқариб ташлашни буюрди ва буйруққа амал қилмаганларга 10 минг юан (1400 доллар) гача жарима солиш билан таҳдид қилди. Турғун сувда чивинларнинг личинкалари яшайди.

Бундан ташқари, мутахассислар «фил чивинлари», яъни сут эмизувчиларнинг қонини ичмайдиган, аксинча, Чикунгуня ташийдиган оддий чивинлар билан озиқланадиган узун оёқли чивинларни чиқармоқда. Сув ҳавзаларига эса личинкаларни ейдиган балиқлар қўйиб юборилади: ўтган ҳафта Фошанда 5000 та шундай балиқ қўйиб юборилган.

Қўшни шаҳарларнинг баъзиларида Фошанга қатновчилар учун 14 кунлик уй карантини жорий қилинган, аммо ҳозирда бу бекор қилинган.

Баъзилар бу чораларнинг барчасини ковид пайтида кўрилган чоралар билан солиштиради ва уларнинг кераклигига шубҳа қилади.

«Ҳаммаси жуда таниш. Аммо буларнинг барчаси аслида керакми?» – деб ёзади Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири.

«Карантиннинг нима кераги бор? Зарарланган одам атрофдаги одамларни тишлашга бормайди-ку!» – деб сўрайди бошқаси.

Бироқ, Хитойда ковид пандемияси пайтида анча қатъий чоралар кўрилганди: одамлар кўп қаватли уйларга қамалган, бутун шаҳарлар узоқ муддатли карантинга олинган ва ҳоказо.

Чикунгуня нима ўзи?

Аксарият ҳолларда чикунгуня касаллигининг белгилари шу номдаги вирусни ташувчи чивин чаққанидан кейин уч-етти кун ичида намоён бўлади.

Иситма ва бўғим оғриғидан ташқари, касаллик тошма, бош оғриғи, мушак оғриғи ва бўғимлар шишиши билан бирга кечиши мумкин.

Кўпинча беморлар бир ҳафта ичида тузала бошлайди, аммо оғир ҳолатларда бўғимлардаги оғриқ ойлар ёки ҳатто йиллар давомида азоб бериши мумкин.

Оғир шаклида Чикунгуня кўпинча янги туғилган чақалоқларга, кексаларга ва бошқа касалликларга, масалан, юрак касаллиги ёки диабетга чалинган одамларга таъсир қилади.

Чикунгуняга даво йўқ, аммо ўлим ҳолатлари жуда кам учрайди.

Ушбу вирус биринчи марта 1952 йилда Танзанияда аниқланган, шундан сўнг у Африканинг бошқа ҳудудларига ва Жануби-Шарқий Осиёга тарқалган. Жами 110 мамлакатда рўйхатга олинган.

Мавзуга оид