Ўзбекистон | 23:24 / 07.08.2025
1693
4 дақиқада ўқилади

Мукофотга номзод президентлар, «тонировка» учун янги таклиф ва уй ҳайвонларини мажбурий рўйхатга олиш — маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz'да ёритилган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари Лев Толстой мукофотига номзод қилиб кўрсатилди

«Российский фонд мира» халқаро жамоат фонди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон ва Қирғизистон етакчиси Садир Жапаровни халқаро ҳуқуқ устуворлиги асосида умумий ва тенг хавфсизликни таъминлаш, кўп қутбли дунё барпо этиш, халқлар ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун Лев Толстой номидаги халқаро тинчлик мукофотига номзод этиб кўрсатди.

Лев Толстой номидаги халқаро тинчлик мукофоти учинчи жаҳон уруши бошланиши хавфига қарши курашишга қаратилган фаолиятдаги алоҳида хизматлари учун; халқаро ҳуқуқ устуворлиги асосида умумий ва тенг хавфсизликни таъминлашга, қуролланиш пойгасини тўхтатишга, кўп қутбли ва зўравонликсиз дунё қуришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун берилади.

«Тонировка» учун ёзда арзонлаштирилган нарх жорий этилиши мумкин

Ички ишлар вазирлиги май ва ёз ойларида арзонлаштирилган нархда «тонировка» учун рухсатнома беришни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик учун эълон қилди.

Унга кўра, енгил автомобилларнинг орқа ва олд ён ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун ҳар йили 1 майдан 31 августгача бериладиган рухсатнома йўлга қўйилиши мумкин. Лойиҳа 22 августгача муҳокамага қўйилган.

Ит, мушук, қорамол ва бошқа ҳайвонларни мажбурий рўйхатга олиш талаблари белгиланди

«Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида жисмоний ёки юридик шахслар томонидан сақланадиган ва (ёки) кўпайтириладиган ҳайвонлар – қорамол, кўй, эчки, туя, от, чўчқа, ит ва мушук белгиланган тартибда идентификация қилиниши ҳамда рўйхатга олиниши керак. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси мазкур соҳада ваколатли давлат органидир.

Қонунда ҳайвонларни идентификация қилиш ва рўйхатга олишнинг муддатлари ҳам белгиланди.

Хорижга виза олиш ва ишга жўнатишни ваъда қилган фирма одамларни алдаб кетгани айтилмоқда

Европа давлатларига ишга жўнатиш, виза олишда ёрдам беришни ваъда қилган фирма кўплаб одамларни чув туширгани айтилмоқда.

Тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, машҳур блогерлар ёрдамида ўзини реклама қилиб, мижозларни тўплаган ADWorld фирмаси киши бошига салкам 6 млндан 26 млн сўмгача тўлов қилдирган, аммо бу тўловга яраша хизмат кўрсатмаган. Энди фуқаролар пулларини қайтариб ололмаётганидан норози.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хорижга ишга жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатиш билан шуғулланиб келаётган фирмалар қаторида ADWorld фирмасига ҳам ҳуқуқий чоралар қўллаган.

М-39 йўлининг айрим қисмида ҳаракат тезлиги 130 км/с гача оширилиши мумкин

Президент раислигида ўтказилган видеоселекторда берилган топшириқлар ижроси доирасида ишчи гуруҳ аъзолари Сурхондарё вилоятидаги М-39 Олмаота–Бишкек–Тошкент-Шаҳрисабз–Термиз автомобил йўлининг Термиз–Бойсун йўналишида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлигини соатига 130 километр қилиб белгилаш бўйича кўрикдан ўтказиш, ўрганиш ишларини амалга оширди.

Бунда М-39 автомобил йўлининг айрим қисмида тезлик меъёрларини ўзгартириш, бетон тўсиқлар ўрнатиш, йўл белгиларининг яроқсиз ҳолга келиб қолганини янгисига алмаштириш, хавфли бурилишларга йўл белгисини ўрнатиш зарурлиги аниқланди.

Мавзуга оид