Жамият | 11:37
1846
2 дақиқада ўқилади

Машина устига чиқиб салют учирган фуқаро 7 суткага қамалди

Тошкент вилоятида ҳаракатланиб кетаётган автомобил устига чиқиб олиб, салют учирган фуқаро жавобгарликка тортилди. 

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ хабарига кўра, 3 август куни Юқори Чирчиқ туманида фуқаро ҳудуддан ўтган автомобил йўлида ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда, ҳаракатланиб кетаётган машина устида пиротехника воситаларидан фойдаланган ва бу ҳолат акс этган видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.

Тезкор-суриштирув тадбирлари натижасида ҳайдовчи ва қоидабузар шахс аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан йўловчининг ҳаётини хавфга қўйгани сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-10-моддаси, яъни йўл безорилиги бўйича, йўловчига эса жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаганлиги, жамоат тартибини бузганлиги ҳамда пиротехника буюмларидан ноқонуний фойдалангани сабабли 183- ва 185-1-моддалари билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, ишга доир ҳужжатлар Юқори Чирчиқ туман судига юборилган.

Жиноят ишлари бўйича туман судининг қарори билан 2004 йилда туғилган фуқаро Маъмурий кодекснинг тегишли моддаларида айбли деб топилиб, 7 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Шунингдек, транспорт воситаси ҳайдовчисига 1 йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва БҲМнинг 25 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Мавзуга оид