Ўзбекистон | 10:00
1224
14 дақиқада ўқилади

Sea Breeze'га рухсат, чорасиз мактаблар ва ёпиқ бюджет — ҳафта дайжести

Мактабни ўқитувчиларга таъмирлатган директор ишдан ҳайдалди: таъмир учун бир тийин ажратмаган ҳоким-чи, уни сўрайдиган йўқми? Газ учун субсидиялар бюджетни ўпиряпти: триллионлар қаерга кетаётгани нега очиқланмайди? Чорвоқда курорт-шаҳар қурилиши тасдиқланди: ваъда қилинган жамоатчилик муҳокамаси ҳам, экологик экспертиза ҳам бўлгани йўқ. Ортда қолган ҳафта мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўқитувчини таъмирчи устага айлантираётган ким?

Ҳар августда шу бўлар такрор: Ўзбекистон бўйлаб мактабларни таъмирлаш яна ўқитувчилар гарданига тушяпти. Андижон ва Самарқанд вилоятларида кўзга ташланиб қолган ҳолатлар яна ўша эски муаммо – ҳокимларнинг мактаблар таъмирига пул ажратмаслиги масаласини жамоатчилик эътиборига олиб чиқди.

Марҳамат туманидаги 42-мактабдан тарқалган видеода йигирмадан ортиқ ўқитувчи тозалаш-таъмирлаш ишлари билан бандлигини кўриш мумкин. Уларнинг айримлари меҳнат таътилидан чақириб олинган. Меҳнат инспекциясининг аниқлашича, мактаб директори ўқитувчиларни мажбуран чақирган, келмаганларга дарс соатлари кам берилишини айтган. Бунинг учун директор ишдан бўшатилиб, 41 млн сўм жаримага тортилди.

Самарқанд шаҳридаги 24-мактабда эса, педагоглар ҳаёт учун хавфли баландликда таъмирлаш ишларини бажаришга мажбур бўлди. “Ҳолат ўрганиляпти” деган мазмундаги баёнотдан кейин 3 кун ўтиб ҳам, ўрганиш натижалари очиқлангани йўқ.

Тармоқларда жуда кўп танқидларга сабаб бўлган бу ҳолатлар – ўтган ҳафта тайинланган янги вазир Эъзозхон Каримова учун бу лавозимдаги илк резонансли вазиятлар эди. У фурсатдан фойдаланиб барча ҳокимларга очиқ мурожаат йўллаши, уларни мактаблар таъмири бўйича зиммасидаги мажбуриятларни бажаришга чақириши, мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги ҳақида шахсан баёнот билан чиқиши мумкин эди. Лекин янги вазир кўриниш бергани йўқ, фақатгина унинг матбуот хизматидан расмий муносабатлар янгради. Бу муносабатларда муаммога тизимли ечим зарурлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Аввалги йилларда педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жазо кучайтирилгани – тизимли ечимнинг бир қисми, албатта. Лекин бу ўринда жуда муҳим савол бор: нега ҳатто ишидан айрилиш ва 40 млн сўмлик жарима ҳам мактаб директорларини тўхтатиб қола олмаяпти? Ҳокимият пул бермаганидан кейин, директор нима қилиши керак?

Бу борада охирги йиллардаги вазият бўйича очиқ манбаларда маълумот йўқ, лекин масалан 2020 йилда 22 та туман ва шаҳарда ҳокимлар мактаб таълими учун бир тийин ҳам ажратмаган. Шу пайтгача жамоатчилик бирорта ҳокимга мактабга пул ажратмагани учун чора кўрилганини эшитмаган. Афтидан, Марҳаматдаги 42-мактаб жамоаси ҳам сайланмаган ҳокимдан умид йўқлигини тушунган шекилли, биргалашиб 2023 ва 2024 йилларда “Ташаббусли бюджет”да ғолиб чиқишни уддалашган ва мактабни эпақага келтиришган. Таълим даргоҳининг чириб кетган ҳолати акс этган расмларга ортиқча изоҳнинг ҳожати ҳам йўқ.

Ҳокимлар ва мактаблар ҳақида гап кетганда, охирги ҳафталарда тармоқларда айланган иккита мисолни келтириб ўтамиз. Daryo нашри билан суҳбатлашган бир мактаб директори бир неча йиллар олдин Сурхондарёда бўлган томошани гапириб берган. Унинг айтишича, вилоят раҳбари мактаб директорлари билан учрашув пайти залда териб қўйилган бўёқлар ва гулқоғозларни кўрсатиб, бу йил мактабларни таъмирлаш учун барча қурилиш материалларини ҳокимият беришини эълон қилган. Йиғилишдан кейин эса бу қурилиш материаллари тадбиркорларга тегишли экани, улар мактабларга тарқатиш учун эмас, вақтинчалик кўргазма учун олиб келиб қўйилгани маълум бўлган.

Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги воқеани эса “Xalq ta’limi Info” нашри директори Улуғбек Пўлатов сўзлаб беради:

Бир куни ҳокимми ёки унинг ўринбосарими, мактабимизга келди. Худди вазир келгандек кутиб олинди. У директоримизга қараб, ҳамма нарсани ҳал қилиб юборадигандек: “Нима камчилик?” деди. Мактаб ҳожатхонаси жудаям аянчли аҳволда эди, кирсангиз кўзингиздан ёш оқиб кетадиган даражада эди. Ҳоким: “Бўлди, ҳал қиламиз”, деб чиқиб кетди. 5 дақиқа ўтар-ўтмас, “РайОНО” мудири телефон қиляпти: “Ҳожатхонани тезда таъмирлаб, расмга олиб, менга ташлайсизлар”. Билишимизча, ҳоким мактабдан чиқиб, мудирга телефон қилган: “Мактабингни ҳожатхонаси чатоқ экан, дарров таъмирлаб, менга ҳисоботини бер” деган. Мудир эса директорга телефон қилган. Директор “қаердан ҳам айтдим” дея, пул йиғишга мажбур бўлди”.

Давлат бюджети: 7 триллион қаерга кетди?

Андижондаги мактабларга таъмир учун пул йўқ, лекин дунёнинг турли чеккаларидан артистларни чақириб, “Дунё садолари” деган фестивал ўтказишга ҳар йили миллиардлар топилади. Маҳаллий ҳокимликларда пул борлиги, бўлганда ҳам йилдан йилга кўпайиб бораётганини шу ҳафта Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган ярим йиллик бюджет ҳисоботи ҳам тасдиқлайди. Ҳисоботга кўра, давлат бюджети харажатлари 13 фоизга ошган бўлса, маҳаллий бюджетлар харажатлари бундан анча кўпроқ – 22 фоизга ошган. Водий вилоятлари ва Сурхондарё – республика бюджетидан энг кўп трансферт олаётган ҳудудлар бўлиб қолмоқда.

Давлат бюджети харажатлари таркибида табиий газ учун субсидиялар 25 фоизга камайгани эътиборли. Лекин бундай камайиш йил якунида ҳам акс этиши катта савол остида, чунки UzGasTrade 2025 йил учун деб ажратилган 7 трлн сўмлик субсидияни 6 ойдаёқ олиб бўлган. Ҳисоботда 7 рақамидан кейин фақат ноллар турганига қараганда, компанияга бутун йил учун мўлжалланган субсидия аллақачон тийин-тийинигача тўлаб бўлинган. Агар йилнинг иккинчи ярмида бу компанияга яна пул берилса, бу бюджет қонунига зид бўлади, лекин йил охирида қонунни ўзгартириб қўйиш расмийлар учун муаммо эмас.

Тарифлар сезиларли ошганига қарамай, табиий газ учун субсидия ҳалигача давлат бюджетининг топ-бешта харажатлари қаторида қоляпти. Энг катта бешта харажатдан тўрттаси – ойлик, нафақа, пенсия ва тиббий суғурта – ижтимоий аҳамиятга эга. Газ учун субсидияни ҳам қўшганда, мана шу бешта харажат жами 100 трлн сўм бўлиб, давлат бюджети чиқимларининг 58 фоизини ташкил этади. Лекин қолган тўрттасидан фарқли равишда, газ учун субсидияни ижтимоий аҳамиятга эга деб ҳисоблаш жуда баҳсли. Чунки бу маблағларнинг якуний бенефициари кимлиги – мавҳум.

Гап шундаки, табиий газни сотиб олиш ва сотишдаги фарқни қоплаш учун солиқ тўловчилар ҳисобидан триллионлаб маблағлар ажратилаётган бўлса-да, бу пуллар кейинги босқичларда кимларга ва қандай қилиб тақсимланаётгани жамоатчиликка очиқланмайди. Ўзбекистон газ импортини кескин оширган 2023 йилдан бери UzGasTrade молиявий ҳисоботларини очиқламай қўйган. Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтадаги дайжестимизда айтганимиздек, газ учун субсидиялар, аввал берилган ваъдаларга қарамай, 2028 йилда ҳам сақланиб қолиши кутиляпти.

Sea Breeze Uzbekistan: жамоатчилик муҳокамасисиз чиққан қарор

Чорвоқда “Sea Breeze Uzbekistan” номли курорт-шаҳар қурилиши, ҳали жамоатчилик муҳокамаси бўлмай туриб, узил-кесил тасдиқланди. Ўзбекистон ҳукумати экологик экспертиза натижаларини ҳам кутиб ўтирмай, 2 август куни девелопер учун кенг ваколатлар ва айрим мажбуриятларни кўзда тутувчи қарорни қабул қилди.

Қарор билан, Чорвоқ сув омбори атрофидаги 577 гектар ер майдони “Sea Breeze Uzbekistan” қўшма корхонасига, 5 млрд долларлик курорт мажмуасини қуриш учун, аукцион ўтказмасдан, 25 йилга ижарага берилди. Бозор баҳосига кўра ижара ҳақи 1,7 трлн сўм бўлиши керак эди, лекин бу қиймат 100 бараварга камайтирилиб, 17 млрд сўм деб белгиланди. Бозор баҳосидан 100 бараварга кам ижара тўловини инвестор 5 йил давомида, бўлиб-бўлиб тўлайди. Ҳукумат бундай хотамтойликни “инвестицияларни рағбатлантириш мақсади” билан изоҳлади.

Инвестор, бундан ташқари, 577 гектар ерни мастер-режа асосида лотларга бўлиб, бошқаларга иккиламчи ижарага бериш ҳуқуқига эга. Бошқача айтганда, Эмин Агаларов ўзи қурадиган биноларни кредит жалб қилиш ёки аҳоли ва тадбиркорларнинг улуш киритиш асосида олдиндан тўлаган маблағларидан ташқари, лойиҳа бўйича лотларни сотиш орқали ҳам молиялаштириши мумкин. Бундан ташқари, унга қурилиш ва лойиҳалаш ишларини параллел равишда олиб бориш, курорт лойиҳасини мустақил режалаштириш ва тасдиқлаш ваколатлари ҳам берилди. Ва албатта, “Sea Breeze Uzbekistan” солиқ ва бож имтиёзларига ҳам эга бўлади.

Давлат эса курорт мажмуасида қурилиш қиладиган компаниялардан ҳар квадрат метр қурилиш учун 50 доллардан инфратузилма тўловини ундиради. Бу жами 240 млн доллар бўлиши, шу маблағлар ҳисобидан қишлоқ ва ўрмон хўжалигидаги йўқотишлар ўрнини қоплаб, ижтимоий объектларни қуриш режа қилинган. Йўл, сув, канализация, электр, газ ва алоқа тармоқларини ҳамда Чорвоқ устидан кўприк қуриш учун ташқи кредитлар олиш ҳам кўзда тутилган. Инвестициялар вазирлигининг баёнотига кўра, бу кредитлар тижорий асосда олинади ва “давлат қарзининг ортиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”. Вазирликнинг ишонтиришича, “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳасига давлат бюджетидан бир тийин ҳам сарфланмайди, молиявий рисклар эса тўлалигича инвесторнинг зиммасига юкланган.

Жамоатчиликни молиявий хатарлардан ташқари, экологик рисклар ҳам ташвишга соляпти. Қарорга асосан, инвестор экологик талабларга риоя қилиши, чиқинди ва оқова сувларнинг Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёсига ташланишига йўл қўймаслиги, оқова сувларни Чирчиқ шаҳридаги оқова сувларни тозалаш иншоотига йўналтириши керак. Бу талабларга риоя қилмаслик лойиҳани тўхтатишга ва ернинг олиб қўйилишига олиб келади.

Экологик хавотирлар марказида дарахтлар масаласи ҳам турибди. Ҳукумат қарори билан, лойиҳа ҳудудидаги дарахтларни кўчириш ёки кесиш учун ёппасига рухсат бериб юборилди. Яъни биноларни имкон қадар дарахтларга мослаб лойиҳалаштириш талаби ўрнига, аксинча, қурилишга мослаб ҳудудни дарахтлардан тозалашга изн берилди. Қарорга кўра, 577 гектарлик ҳудудда қурувчилар қимматбаҳо дарахтларни хоҳлаганча кўчириши, кам қимматли дарахтларни эса жарима тўламасдан хоҳлаганча кесиши мумкин, шарти – ҳар бир кесилган дарахт ўрнига 5-7 йиллик 10 туп кўчат экилиши керак.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзи танлаган бешта йўналишнинг бирортасига ҳам киролмаган абитуриентларга қўшимча имконият берилади. Президент ҳузурида 8 август куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинишича, бешала йўналишга ҳам киролмаган абитуриентнинг тўплаган балли бошқа олийгоҳдаги тўлмаган йўналишга тўғри келса, шу олийгоҳ ректори уни контракт асосида қабул қилиши мумкин бўлади. Бу – давлат ва хусусий олийгоҳлар ўртасида рақобатни кучайтириш мақсади билан изоҳланди. Эндиликда барча олийгоҳлар ташкилий ва академик мустақил бўлиши, ректор ўз ўринбосарларини ўзи мустақил тайинлаши айтилмоқда. Шунингдек, бундан буён давлат олийгоҳлари давлатдан қанча пул олиши улар тўплаган балларга боғлиқ бўлади. Балларни ҳисоблашда битирувчиларнинг бандлиги, илмий салоҳият каби мезонлар асос бўлади. 85 баллдан кўп тўплаган олийгоҳлар бюджетдан кўпроқ, 56 баллдан кам тўплаганлари эса камроқ пул олади.

Яна бир йирик компания ёпиқ тарзда хусусийлаштирилди. Халқаро бозорда оммавий савдоларга чиқарилиши керак бўлган Деҳқонобод калий заводи, президент қарорига зид равишда, ёпиқ эшиклар ортида сотиб юборилди. Қанчага, қандай шартлар асосида сотилгани – номаълум. Фақатгина харидорнинг номи маълум, бу – “Asian Chemical Group” МЧЖ. Эслатиб ўтамиз, Деҳқонобод калий заводи – Ўзбекистон кимё саноатидаги энг йирик заводлардан бири. Уни қуриш давлатга 128 млн долларга тушган, бунинг учун Хитойдан қарз олинган эди.

Жазирама ёз тугай деганда, Ички ишлар вазирлиги тонировка бўйича таклиф билан чиқди. Муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасига кўра, 1 майдан 31 августгача амал қиладиган 4 ойлик тонировка рухсатномаси жорий этилиши мумкин. Унинг нархини БҲМнинг 1 баравари, яъни 412 минг сўм деб белгилаб таклиф этиляпти. Эслатиб ўтамиз, ҳозирда автомобилларнинг орқа ён ойналарини қорайтириш учун рухсатнома шарт эмас, олд ён ойналарнинг тусини ўзгартирмоқчи бўлганлар 1 йил учун 8 БҲМ, яъни 3,3 млн сўм тўлов қилишига тўғри келади.

Ўзбекистонда уй ҳайвонларини идентификация қилиш бошланади. 6 август куни имзоланган қонунга кўра, қорамол, қўй, эчки ва туялар туғилганидан 14 кун ўтиб, отлар 4 ойлик, ит ва мушуклар эса 3 ойлик бўлганидан кейин, узоғи 1 ой ичида идентификация қилиниши керак. Идентификация қилиш деганда, ҳайвонга махсус код туширилган бирка ва микрочипларни бириктириш тушунилади. Бу код электрон тизимда ҳайвоннинг туғилган ёки олиб кирилган санаси, жинси, насли, ранги, эгаси, эгасининг яшаш жойи каби маълумотларга боғланади. Идентификация ва регистрация учун ҳайвон эгаларидан тўлов олиниши мумкин, бунинг тартиби ҳукумат қарори билан белгиланади.

Қашқадарёнинг Кўкдала туманида яна газ тўлдириш шохобчаси портлади. 5 август куни туманнинг Олтиндала маҳалласидаги шохобчада пропанни автоцистернадан резервуарга қуйиш вақтида портлаш рўй бериб, оқибатда расмий маълумотларга кўра автоцистерна ҳайдовчиси енгил куйиш жароҳатини олган. Эслатиб ўтамиз, бундан 20 кун олдин шу тумандаги бошқа бир газ тўлдириш шохобчасида ҳам портлаш содир бўлиб, 4 киши ҳалок бўлган, 15 киши жароҳатланган эди.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов

Мавзуга оид