Жаҳон | 08:00
2096
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда мол ва қўй гўшти нархи давлат назоратига олинди

Ҳукумат 90 кун давомида мамлакат ҳудудида мол ва қўй гўштининг (суяксиз гўштдан ташқари) максимал нархларини белгилайди.

Фото: tazabek.kg

Қирғизистонда 11 августдан 90 кун муддатга гўшт нархини вақтинчалик давлат томонидан тартибга солиш режими жорий этилди. Бундай қарор Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт ва тижорат вазирлиги томонидан қабул қилинди.

Бу даврда ҳукумат бутун мамлакат ҳудудида мол ва қўй гўштининг (суяксиз гўштдан ташқари) максимал нархларини белгилайди.

Қирғизистон оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, чора «Нархларни шакллантириш тўғрисида»ги қонун ва ҳукуматнинг ижтимоий аҳамиятга эга товарлар нархларини назорат қилиш механизмларига оид қарорлари асосида қабул қилинган. Қарорнинг мақсади - нархларнинг асоссиз ўсишини тўхтатиш ва аҳоли учун гўштнинг арзонлигини сақлаб қолиш.

Белгиланган нархларга риоя этилишини назорат қилиш Қирғизистон Монополияга қарши тартибга солиш хизматига юклатилган.

Қишлоқ хўжалиги вазири ва Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Бақит Торобаев сўзларига кўра, гўшт экспорти учун квоталар бериш ҳам вақтинча тўхтатилган.

«Биз гўштни квоталар бўйича экспорт қилардик. Ҳозир берилган квоталар ўз кучида қолади, бироқ гўшт экспортига янги квоталар бериш тўхтатилган. Бундай чоралар қўшни давлатларда гўшт нархининг ошиши сабабли кўрилмоқда. Шу муносабат билан бизда нархларни ҳозирги даражада ушлаб туришни режалаштирмоқдамиз», деб тушунтирди Торобоев.

Мавзуга оид