Ўзбекистон | 10:04 / 09.09.2022
3840
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Туркманистонда маиший техника ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи

Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари ўзаро савдо ва саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Фото: Dunyo

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев мамлакатга келган Туркманистон вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Ботир Атдаев билан учрашув ўтказди.

Томонлар жорий йил охиригача савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон қўшма комиссияси навбатдаги 17-йиғилишини ўтказиш имкониятини кўриб чиқди.

Шунингдек, томонлар ўзаро савдо ҳажмини яқин келажакда 2 миллиард долларга етказиш учун зарур чора-тадбирлар мажмуини қабул қилишга ўзаро тайёр эканини билдирди.

Икки мамлакат ҳудудида тайёр тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги қўшма лойиҳалар сонини сезиларли даражада ошириш бўйича келишувга эришилди. Енгил автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришни ташкил этишга, Туркманистонда маиший техника ишлаб чиқаришни биргаликда йўлга қўйишга ўзаро қизиқиш билдирилди.

Транспорт ва логистика алоқаларини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди, иккала давлат ҳудудида юк транзитини рағбатлантириш чоралари, денгиз портлари имкониятларидан фойдаланган ҳолда халқаро транспорт йўлаклари бўйлаб юк ташишларини ташкил этиш назарда тутилди.

Мавзуга оид