Ўзбекистон | 09:36 / 20.12.2023
2566
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Хитой гид-таржимонларни тайёрлаш тўғрисида келишувга эришди  

Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Пекин халқаро тадқиқотлар университети хитой тилидаги гид-таржимонларни тайёрлаш тўғрисида келишувга эришди.

Фото: Туризм қўмитаси

Ўзбекистон туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев Хитойга ташрифи давомида Пекин халқаро тадқиқотлар университети президенти Жи Жимбао билан учрашув ўтказди.

Туризм қўмитаси маълумотига кўра, унда Ўзбекистонда туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш лойиҳалари ҳамда қўшма илмий-изланишлар амалга ошириш муҳокама қилинди.

Томонлар талаба ва ўқитувчилар учун алмашинув дастурлари сонини ошириш, шунингдек, «яшил» ва креатив иқтисодиёт бўйича илмий изланишлар, Хитой тилидаги гид-таржимонларни тайёрлаш тўғрисида келишиб олди.

Мулоқот якунида барча белгиланган йўналишларни қамраб олувчи ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Пекин Халқаро тадқиқотлар университети 1964 йилда ташкил этилган бўлиб, Хитойда туризм соҳасида илмий ва амалий изланишлар бўйича топ-3 муассасадан бири ҳисобланади.

Мавзуга оид