Жаҳон | 10:50 / 10.10.2024
3929
3 дақиқада ўқилади

РФнинг Одессага зарбасида камида олти киши ҳалок бўлди

Одесса ва област порт инфратузилмасига ҳужум қилиб, Россия Украина дон йўлаги ишини бузишга интилмоқда, дейди Одесса ОҲМ раҳбари Олег Кипер. Тўрт кун ичида учинчи марта фуқаролик кемасига зарба берилди.

Фото: OLEKSANDR GIMANOV

Россиянинг 9 октябр, чоршанба куни кечқурун Одесса порти инфратузилмасига баллистик ракеталар билан уюштирган ҳужуми натижасида камида олти киши ҳалок бўлди. Яна 11 киши яраланган, улардан етти нафарининг аҳволи оғир. Бу ҳақда област ҳарбий маъмурияти бошлиғи Олег Кипер Telegramʼда маълум қилди ва қурбонларнинг барчаси Украина фуқаролари эканлигини аниқлаштирди.

Кипернинг таъкидлашича, зарба Панама байроғи остидаги фуқаролик контейнер ташувчи Shui Spirit кемасига берилган. «Бу сўнгги тўрт кун ичида фуқаролик кемасига уюштирилган учинчи ҳужумдир, маккор душман Украина дон йўлаги ишига халақит бермоқчи, тинч аҳолини ўлдирмоқда ва инфратузилмани вайрон қилмоқда», - деб ёзди ОҲМ раҳбари.

Ўз навбатида, Одесса области прокуратураси ҳужум натижаларига кўра уруш қонунлари ва одатларини бузганлик бўйича судгача тергов бошланганини маълум қилди. «Текширув давом этмоқда, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг якуний сони, шунингдек вайронагарчилик ва зарарнинг тўлиқ рўйхати аниқланмоқда», — дейилади идора хабарида.

Россиянинг Одесса порт инфратузилмасига бошқа ҳужумлари

Олег Кипер 7 октябр куни ҳам Россиянинг Одесса порт инфратузилмасига ҳужуми ҳақида хабар берди. «Душман баллистик ракетаси Палау байроғи остидаги фуқаролик кемасига келиб тушди. Юк ташиш билан шуғулланувчи хусусий компания ходими бўлган 60 ёшли украиналик ҳалок бўлди. Яна беш нафар хорижлик фуқаро жароҳатланди. Улардан тўрт нафарининг аҳволи ўртача оғирликда, бирининг аҳволи енгил, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда», деб ёзган эди у. 

6 октабр куни Одесса области прокуратураси Россия Қуролли кучлари томонидан Одесса ва областга Shahed-136 УУА ҳамда «Искандер-М» баллистик ракетаси ёрдамида ҳужум қилингани ҳақида хабар берди. Прокуратура маълумотларига кўра, омборхоналардан бирининг қўриқчиси бўлган 59 ёшли эркак яраланиб, турли оғирликдаги жароҳатлар билан касалхонага етказилган. «Шунингдек, порт инфратузилмасига душманнинг ракета ҳужуми натижасида юк ташувчи фуқаролик кемаси шикастланган», — дейилади хабарда.

УҚКнинг Shahed УУА бўлган омбор йўқ қилингани ҳақидаги хабари

Ўз навбатида, Украина Қуролли кучлари Бош штаби Facebookʼда 9 октябр куни Украина Қуролли кучлари ҳарбий-денгиз кучларининг зарба бериш гуруҳи Украина Хавфсизлик хизмати бўлинмалари билан ҳамкорликда Shahed типидаги УУА сақланган базага ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди. У Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасидаги Октябрский аҳоли пункти яқинида жойлашган.

«Мавжуд маълумотларга кўра, у ерда 400 га яқин ҳужумкор дронлар сақланган, объектив назорат натижаларига кўра, нишон аниқ мўлжалга олинган. Объект ҳудудида иккинчи даражали портлаш кузатилган», - дея ҳисобот берди УҚК Бош штаби.

Краснодар ўлкаси тезкор штабининг маълум қилишича, Октябрскийда омборхоналар ёниб кетган ва ёнғин 1600 квадрат метр майдонни қамраб олган.

Мавзуга оид