Ўзбекистон | 21:31 / 12.12.2024
6600
6 дақиқада ўқилади

12 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Мактаблар учун қишки таътил муддати, бекор қилинаётган дарслик ижараси, солиқлардан озод этилаётган заргарлар ва аҳолининг ошиб бораётган қарз юки — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Мактабларда қишки таътил муддати белгиланди

Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигига кўра, қишки таътил 2024 йилнинг 29 декабридан бошланиб, 2025 йил 11 январигача давом этади.

11 январ шанбага тўғри келяпти, унда мактабларда учинчи чорак дарслари қачон бошланади дейсизми?

Ўқув йилининг 3-чораги 2025 йил 13 январ, душанба кунидан бошланади. Таътил вақтида қулайлик яратиш мақсадида 2025 йил 11 январ, шанба кунги дарслар 2024 йил 28 декабр, шанба кунига кўчирилади.

Эслатиб ўтамиз: олий таълим муассасалари, техникум, коллеж ва лицей талабалари учун қишки таътил 2024 йил 25 декабрдан 2025 йил 7 январигача давом этади, дарслар 8 январ, чоршанба куни қайта бошланади.

2025 йилда дарслик ижараси бекор қилинади

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йилда мактаб ўқувчилари учун дарслик ва машқ дафтарлари ижараси учун ота-оналардан тўлов ундирилмайди. Давлат бюджети мазкур харажатларни тўлиқ қоплашни таъминлайди.

2024 йилда 83,2 млн нусха дарслик ва машқ дафтарлари учун 1,5 трлн сўм ажратилган бўлса, 2025 йилда 81 млн нусха учун 1,3 трлн сўм режалаштирилган. Давлат маблағлари билан тўлиқ таъминланган дарсликлар ўқувчиларнинг таълими учун зарур шароит яратади.

Вазирлик маълумотига кўра, аввалроқ ижара тўловини қайта жорий этиш таклифи ўртага ташланганди, аммо бу режадан воз кечилди. Мактаб ўқувчиларини таълим материаллари билан таъминлаш тўлиқ давлат ҳисобидан амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилдан бери мактаб таълими тизимида дарсликлар учун ижара пули олинмаяпти.

Сут маҳсулотлари маркировкаланади

Ўзбекистонда сут маҳсулотларига табиий ёки қуруқ сутдан фойдаланилганини кўрсатувчи маркировка жорий этилади. Бу президент иштирокидаги учрашувда бўлиб ўтган озиқ-овқат саноатидаги режалар муҳокамасида қайд этилди.

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг маълум қилишича, харидорлар учун маҳсулот таркиби ҳақида аниқ маълумот бериш мақсадида лабораториялар ташкил этилади. Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида синов ишлари амалга оширилади.

Қадоқларда табиий ёки қуруқ сут ишлатилгани қайд этилиши истеъмолчиларга онгли равишда танлов қилиш имконини беради. Президент ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади.

Заргарлар солиқлардан озод этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари заргарлик саноатини ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан кўриб чиқиб, биринчи ўқишда қабул қилди. Лойиҳага кўра, 2027 йилга қадар «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси аъзоси бўлган тадбиркорлар мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади.

Қимматбаҳо металларни заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга қулай миқдорларда сотиш ва сувенир тангалар тайёрлаш ҳуқуқлари аффинаж корхоналарига берилади. Шунингдек, заргарлар ўз хомаки маҳсулотларини бошқа ишлаб чиқарувчиларга сотиши мумкин бўлади.

Божхона ҳужжатларисиз хорижий заргарлик буюмларини сотиш тақиқланади. Лойиҳа маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва аҳоли эҳтиёжини қондиришга йўналтирилган.

Асосий ставка ўзгаришсиз қолди

Марказий банк 13,5 фоизлик асосий ставкани ўзгаришсиз сақлаб қолиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу иқтисодиётдаги юқори талаб ва инфляцион босимларни барқарорлаштириш мақсадида амалга оширилди.

Марказий банк маълумотларига кўра, ноябр ойида инфляция 10 фоизни ташкил этди, бу асосан озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлашуви ҳисобига юз берди. Шу билан бирга, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматларда нархлар кўтарилиш хавфи сақланиб қолмоқда.

Инфляцион кутилмалар аҳолида 13,7 фоизга, тадбиркорларда эса 12,7 фоизгача ошган. Бу иқтисодиётдаги юқори талаб ва иш ҳақларининг ўсиши билан боғлиқ.

Марказий банк пул-кредит сиёсати қатъийлиги сақлаб қолинишини ва инфляцияни 5 фоизлик мақсадли даражага туширишни мақсад қилмоқда. Бошқарув келгуси чоракларда инфляцион босимларнинг кучайиши эҳтимоли билан асосий ставка кўтарилиши мумкинлигини таъкидлади.

Аҳолининг қарз юки ошиб бормоқда

Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг банклардан олинган кредитлари 4,3 баробарга кўпайиб, 173 трлн сўмга етди. Бунинг асосий сабаблари ортида юқори инфляция, қиммат ресурслар ва тўлов қобилиятидаги етишмовчилик каби омиллар туради.

Кредит фоизлари Ўзбекистонда жаҳон стандартларига нисбатан анча юқори. Марказий банк маълумотига кўра, жорий йилда тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларга ажратилган кредитларнинг ўртача фоиз ставкаси 24,5 фоизни ташкил қилган. Айниқса, онлайн микроқарзлар бўйича фоизлар 40–49 фоизгача етади.

Қарз олувчилар кўпинча микроқарзлар ва истеъмол кредитлари учун мурожаат қилмоқда. Бунда олинган маблағларни нотўғри сарфлаш ҳолатлари ҳам кам эмас. Бу ҳолат оилавий низолар ва иқтисодий қийинчиликларга олиб келади.

Мисол учун, 325 млн сўмлик автомобилни кредитга олган харидор, 5 йилда машина учун жами 514 млн сўм сарфлайди. Бундай мослашув кредит ва муддатли тўловларнинг аҳолига тушадиган оғир юкини кўрсатади.

Мавзуга оид