Жаҳон | 20:37 / 03.03.2025
5617
2 дақиқада ўқилади

Фаластин кураши ҳақидаги «Бошқа ер йўқ» ҳужжатли филми «Оскар»га муносиб кўрилди

Тақдирлаш маросими вақтида филм режиссёрлари фаластинлик Басел Адра ва исроиллик Ювал Авраам халқаро ҳамжамиятни фаластинликларни мажбурий кўчиришни тўхтатишга чақирди.

Фото: Antipode Films

Лос-Анжелесда «Оскар» Киноакадемиясининг 97-тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда «Бошқа ер йўқ» (No Other Land) картинаси энг яхши ҳужжатли тўлиқ метражли филм деб топилди.

Ушбу филмда Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги фаластинлик фаол ва исроиллик журналист ўртасидаги дўстлик ҳақида ҳикоя қилинади.

Тақдирлаш маросими вақтида филм режиссёрлари фаластинлик Басел Адра ва исроиллик Ювал Авраам халқаро ҳамжамиятни фаластинликларни мажбурий кўчиришни тўхтатишга чақирди.

2019 йилдан 2023 йилгача бўлган давр мобайнида суратга олинган филмда уйлари яксон қилинган инсонларнинг реал ҳаёти, омон қолиш ҳуқуқи учун кураш ва уларнинг қаршилиги намойиш этилган. Лента танқидчилар ва фестивал ҳайъатининг эътирофига сазовор бўлди, аммо ҳозирча АҚШда катта прокатга чиқмади.

«Бошқа ер йўқ» ҳужжатли филми тўрт нафар кинематограф томонидан суратга олинган. Картина премьераси 74-Берлин фестивали доираси намойиш этилган ва ҳужжатли филм йўналишида мукофотни қўлга киритган эди.

Сюжет марказидан Басел Адра ўрин олган — у Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида яшовчи фаластинлик ёш фаол. У болалигидан ўз халқининг бошқа жойга зўравонлик билан кўчирилишига қаршилик кўрсатиб келади. Адра туғилган қишлоқда Исроил аскарлари учун машғулот майдончасини қуриш режалаштирилади. Армия булдозерлар билан биноларни бузиб ташлайди ва аҳолини куч билан кўчиришга киришади. Басел Адра исроиллик журналист Ювал Авраам билан дўст тутинади ва у ўз навбатида фаластинлик йигитга ёрдам беради. Улар биргаликда тинч аҳолининг норозилигини, шунингдек, Исроил қўшинлари вайрон қилган ҳудудлар кўламини тасвирга олади. Филмда ижтимоий тенгсизлик тасвирланган: Ювал озод ва хавфсиз шароитда яшайди, шу билан бирга Басел мунтазам зулмга дуч келади.

Мавзуга оид