Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистонда йирик қурилиш компаниялари устидан солиқ текширувлари бошланди
Қозоғистонда солиқ тушумларидаги шаффофликни ошириш мақсадида улкан айланмаларга эга, аммо бунга мувофиқ даражада солиқ тўламайдиган компаниялар устидан текширув бошланди. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, қурилиш бизнесининг солиқ тушумларидаги ўрни бажарилган ишлар билан мос келмаслиги – Ўзбекистон учун ҳам хос бўлган ҳолат.

Фото: Tengrinews.kz.
Қозоғистонда солиқ тушумлари устидан назорат кучайтирилади. 28 феврал кунги йиғилишда мамлакат бош вазири Олжас Бектенов улкан айланмаларга эга, лекин мувофиқ даражада солиқ тўламаётган йирик компанияларни қаттиқ танқид қилди. Улар орасида BI Group, BAZIS каби йирик қурилиш компанияларининг номи ҳам тилга олинган.
Қозоғистон Молия вазирлигининг маълум қилишича, BI Group компаниясига 11,9 миллиард тенге (23,9 млн доллар), BAZIS'га эса 4,6 миллиард тенге (9,2 млн доллар) миқдорида солиқ солинадиган даромад камайтирилгани бўйича билдиришномалар юборилган.
“Бу Ўзбекистон учун ҳам хос бўлган ҳолат”
Иқтисодчи Отабек Бакиров таъкидлашича, Ўзбекистонда ҳам қурилиш бизнесининг солиқ тушумларидаги ўрни қилинган ишлар билан мутаносиб эмас.
“Шовқини, ўзбошимчалиги ва кибри оламни оладиган қурилиш компанияларининг лозим даражада солиқ тўламаслиги Ўзбекистон учун ҳам хос бўлган ҳолат. Қурилиш бизнесининг солиқ тушумларидаги ўрни умуман мутаносиб эмас. Йирик солиқ тўловчилар рўйхатида биронта қурилиш компанияси ёки девелоперларни кўрмайсиз. Лекин тўланмаган солиқ қарзлари триллионларни ташкил этади. Энг кўп қурилиш бўлаётган Тошкент шаҳрининг ўзида тўланмаган солиқ қарздорлиги 400 млрд сўмдан ошиб кетган.
Яширин иқтисодиёт ва “оптимизация” схемалари айнан қурилиш соҳасида авж олган. Соҳа коррупцион даромадларни ювиб айлантирадиган тармоққа айланиб бормоқда.
Қурилиш ташкилотларидан тўловни тижорат банки орқали амалга ошириб сотиб олган фуқароларга тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасининг бир қисмини кешбэк сифатида қайтариш соҳани оқартира олмайди. Чунки муаммо пул оқимларининг чиқишида эмас, киришида пайдо бўлади”, дея ёзди Отабек Бакиров.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг декабридаги Сенат ялпи мажлисида иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт ҳажми ЯИМга нисбатан 25 фоиздан 45 фоизгача етиши мумкинлигини айтиб ўтганди.
“Қайси тармоқларда яширин иқтисодиёт энг юқори деб айтадиган бўлсак, булар: қурилиш, савдо, хизмат кўрсатиш соҳалари”, деганди вазир.
2024 йилнинг бошида президент Шавкат Мирзиёев ҳам Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт муаммоси энг долзарб масала эканини таъкидлаганди.
Давлат раҳбарига кўра, хизматларда 140 трлн сўм, қурилишда 50 трлн сўм, саноатда 40 трлн сўм маҳсулот «сояда» қолмоқда. Агар улар жойида бўлса, бу орқали ЯИМга 135 трлн сўм, давлат бюджетига эса 30 триллион сўм миқдорида тушум қилиш мумкин.
Мавзуга оид

14:23
Путин 1994 йилдаёқ Украина шарқи ва Қозоғистон шимоли «доим Россия давлатининг бир қисми бўлгани»ни айтган

20:23 / 03.08.2025
Қозоғистон жанубида 40 гектар майдонда юз берган ёнғин ўчирилди

19:08 / 03.08.2025
Қозоғистон Афғонистонга ёрдам кўрсатишда давом этади – Тўқаев

18:33 / 31.07.2025