Ҳитроу аэропорти катта ёнғин туфайли ёпилди
Лондондаги Ҳитроу аэропорти яқин атрофдаги электр подстанциясида юз берган кучли ёнғин туфайли ёпилди, деб хабар берди Sky News.

Фото: AP
Лондондаги Ҳитроу аэропорти Лондон ғарбидаги Хейс яқинида жойлашган электр нимстанциясида содир бўлган кучли ёнғин туфайли ёпилди. Бу ҳақда 21 март, жума куни Sky News хабар берди.
Аэропорт вакилининг аниқлик киритишича, аэропортнинг катта ҳудудида «электр таъминоти узилган». Таъминотни қачон узилишларсиз тиклаш мумкинлиги ҳозирча аниқ эмас.
Аэропорт 21 март куни маҳаллий вақт билан соат 23:59 (Тошкент вақти билан 22 март 04:00)гача ёпиқ бўлади.
Парвозларни кузатиш бўйича Flightradar24 сайти Ҳитроуга йўл олган камида 120 та самолёт бошқа жойга йўналтирилиши ҳақида хабар қилди.
Парвозлар одатда тунги танаффусдан кейин соат 05:00 (Тошкент вақти билан 09:00)лар атрофида амалга оширилади.
Ҳитроу дунёдаги энг гавжум аэропортлардан бири бўлиб, ўтган йили рекорд даражадаги 83,9 миллион йўловчига хизмат кўрсатган. Самолёт ҳар 45 сонияда у ерга қўнади ёки парвозга кўтарилади.
Йўловчиларга Ҳитроуга бормаслик ва авиакомпанияларга мурожаат этиш тавсия қилинди, дея хабар беради dpa.
Подстанциядаги ёнғин: аланга устуни ва қуюқ қора тутун
Ёнғин аэропортдан 2,5 км узоқликда жойлашган подстанцияда содир бўлган ва 16 мингга яқин уй электр таъминотисиз қолиши мумкин.
Фавқулодда ҳодиса жойидан олинган суратларда аланга устуни ва қуюқ қора тутун кўтарилаётгани акс этган.
Лондон ўт ўчириш бригадасининг маълум қилишича, воқеа жойида 10 та ўт ўчириш машинаси ва 70 га яқин ўт ўчирувчи бор.
Ўт ўчирувчилар маълумотларига кўра, подстанциядаги трансформатор ёниб кетган, бунинг сабаблари ўрганилмоқда.
150 га яқин одам эвакуация қилинган, 200 метрлик тўсиқ ўрнатилган.
Лондон ўт ўчириш бригадаси воқеа юзасидан 190 дан ортиқ қўнғироқларни қабул қилганини маълум қилди. Аҳоли тутун туфайли дераза ва эшикларни ёпиқ ҳолда сақлашга чақирилди.
Мавзуга оид

22:43 / 23.04.2025
Божхонадаги чекловлар: фуқаро божни тўлай олмаса, нима бўлади?

13:26 / 18.04.2025
Урганч аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича ўтказилган тендер ғолиби аниқланди

23:08 / 11.04.2025
Япониядаги сунъий оролларда жойлашган аэропорт денгиз остига ғарқ бўлиши мумкин

21:00 / 11.04.2025