Жаҳон | 09:41 / 04.04.2025
15246
3 дақиқада ўқилади

Москва миллиардерлар сони бўйича дунёнинг иккинчи шаҳрига айланди

Россия пойтахти Москва Ҳонгконгни ортда қолдириб, Ню Йоркдан кейин дунёнинг доллар миллиардлари энг кўп яшайдиган иккинчи шаҳрига айланди. Forbes нашри бу борада янгиланган рейтингни эълон қилди.

Фото: muksun.fm

Бир йил ичида Москвада бойлар сони 16 нафарга кўпайди, шундан 11 нафари рейтингда илк бор қайд этилган. 2025 йил 7 март ҳолатига кўра, шаҳарда жами 90 нафар миллиардер бор. Улар умумий ҳисобда 409 млрд доллар капиталга эга — бу ўтган йилги натижадан 31 млрд долларга кўпроқ.

Forbes маълумотига кўра, дунё бўйлаб барча миллиардерларнинг умумий бойлиги 3,3 трлн долларни ташкил этади. Энг бой москвалик — нефт магнати Вагит Алекперов (бойлиги 28,7 млрд доллар). Бу маблағнинг ярмидан кўпи унга «Лукойл» компаниясидаги улуши ҳисобига тўғри келади. У 2024 йилда фақат дивиденд сифатида 2 млрд доллардан зиёд даромад олган. Олигархнинг бойлиги, Буюк Британия ва Австралия санкцияларидан сўнг 2022 йил апрелида «Лукойл» президенти лавозимини тарк этганига қарамай, 100 миллион долларга ошган.

Миллиардерлар сони кескин ўсгани сабаб Москва ўтган йили у билан иккинчи ўринни бўлишган Ҳонгконгни ортда қолдирди. Бу гал Ҳонгконг — Forbes рейтингидаги биринчи ўнликка кирган Хитойнинг учта шаҳридан бири — 72 нафар миллиардер билан учинчи ўринга тушди. Рейтингнинг доимий етакчиси — Ню Йорк — ўтган йил ичида яна 13 нафар миллиардерни қўшиб олди. Энди шаҳарда 123 нафар доллар миллиардери бор. Уларнинг умумий бойлиги 759 млрд долларни ташкил этади. Улар орасида энг бойи — Майкл Блумберг (бойлиги 105 млрд доллар).

2024 йилда бутун Россия бўйлаб доллар миллиардерлар сони ғарб санкцияларига қарамай 125 нафардан 146 нафаргача кўпайди, деб хабар берган эди Forbes. Бу рақам дунёдаги энг бой бизнесменлар рейтинги тарихи учун рекорд кўрсаткичдир. 15 нафар россиялик илк бор рўйхатга кирди, яна 10 нафари унга қайтди. Фақатгина тўрт нафар киши рўйхатдан чиқарилган.

Рейтингда қайд этилган россияликлар умумий бойлиги ҳам рекорд даражага етди — улар биргаликда 625,5 млрд доллар ишлаб топган. 2023 йилда бу кўрсаткич 576,8 млрд долларни ташкил этган эди. Илгариги рекорд — 606,2 млрд доллар — 2021 йилда, Россия Украинага бостириб киришдан аввал қайд этилган.

Шу билан бирга, Россиядаги энг бой олигархларнинг умумий бойлиги мамлакат аҳолисининг банк тизимидаги барча жамғармаларидан ошиб кетди — 63,3 трлн рубл. Россияликлар банкларда бор-йўғи 57,5 трлн рубл сақламоқда (2025 йил 1 январ ҳолатига).

Мавзуга оид