Ўзбекистон | 20:21 / 16.04.2025
5223
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Андижонда «Имкониятлар олами» маркази билан танишди

Қарийб 5 гектар майдонга эга муассасада маъмурият, фаоллар зали, инклюзив таълим ва касбга ўргатиш бинолари, болалар майдончаси, спорт мажмуаси ва сузиш ҳавзаси мавжуд.

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳридаги «Имкониятлар олами» ҳудудий ижтимоий хизматлар марказида яратилган шароитлар билан танишди.

Қарийб 5 гектар майдонга эга муассасада маъмурият, фаоллар зали, инклюзив таълим ва касбга ўргатиш бинолари, болалар майдончаси, спорт мажмуаси ва сузиш ҳавзаси мавжуд.

Бу ерда ногиронлиги бор болалар, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга қатнов асосида ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Жумладан, ижтимоий ва тиббий реабилитация хизмати, касбга йўналтириш, хорижий тилларни ўқитиш хизматлари ҳамда камбағал оилалар болалари учун қўшимча таълим хизматлари йўлга қўйилган.

Марказда 60 нафардан зиёд ходим фаолият юритади. Ижтимоий ҳимояга муҳтожларни аниқлаш ҳамда бу ерга йўналтириш «Инсон» маркази томонидан амалга оширилади.

Президент илк бор ташкил этилган эрта аралашув хизмати билан танишди. Бу бўлим чақалоқликдан уч ёшгача бўлган болаларни парваришлашга ихтисослашган. Шу вақтгача бундай ёшдаги болалар фақат ота-она қарамоғида бўлган. Махсус боғчаларга эса фақат 3 ёшдан кейин қабул қилинган. Энди ҳомиладорлик вақтида ногиронлик хавфи аниқланса, оналарга шу бинода хизмат кўрсатилади. Бу уларнинг фарзандига бўлган эътиборини мустаҳкамлашда кўмаклашади. Шунингдек, улар учун психологик маслаҳат берилади.

Президент марказдаги қўшимча таълим хизматига мўлжалланган бинодаги шароитлар билан танишди. У ерда ногиронлиги бор болаларнинг мактабдан ташқари дарс қилиши, илм олиши, интернетдан фойдаланиши учун имкониятлар яратилган. Бундан ташқари, камбағаллик реестридаги оила фарзандлари ҳам келиб, инглиз, рус, корейс ва бошқа тилларни ўрганиши мумкин.

Марказда кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилган. Бу ерда ногиронлиги бўлган инсонлар жисмоний ва ақлий машғулотлар билан шуғуллантирилади.

– Бу эътибор замирида сизнинг соғлиғингиз, яқинларингизнинг дарду ташвишлари бор. Кўнглингиз очилиб, ҳаётга умид уйғонганини кўриб, хурсанд бўлдим. Бундай ғамхўрликни янада кенгайтириб борамиз. Сизлардан фақат сабр-тоқат, ишонч ва ҳаракат зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ижтимоий хизматлар марказида спорт мажмуаси ҳам бор. Унда ногиронлиги бор болалар учун мўлжалланган бадантарбия хонаси, сув ҳавзаси ташкил этилган. Эътиборли жиҳати, машғулот қурилмалари АҚШ ва бошқа хорижий давлатлардан келтирилган бўлиб, адаптив спортга мўлжалланган. Сув ҳавзаси ҳам болаларнинг ёшига монанд алоҳида қулайликларга эга.

Давлат раҳбари имконияти чекланган болаларни соғломлаштириш, катта ёшдаги инсонларни ўзига мос ҳунар ва машғулотларга жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.

Мавзуга оид