Жаҳон | 15:31 / 16.04.2025
1525
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи майда тангалардан воз кечмоқда

1 майдан эътиборан Европанинг саккизта давлати майда евроцент тангаларини зарб этишни тўхтатиб, барча дўконларда нақд тўлов қилувчилар учун ҳисоб-китобларни яхлитлашни белгилайди, деб хабар бермоқда «Европейская правда».

Фото: ISOPIX / EAST NEWS

Аниқроғи, еттита давлат буни аввалроқ амалга ошириб бўлган, энди эса 1 ва 2 центлик тангаларни «бойкот қилиш»га Литва ҳам қўшилди.

Аллақачон келаси ойдан бошлаб мамлакатда дўконларда нақд пулда тўлашда ҳисоб суммаси яқин 5 ёки 10 центгача яхлитланади. Масалан, 2,03 евро ҳисоб тўловчи учун 2,05 евро тўлаш кераклигини англатади, 2,12 евро ўрнига эса 2,10 евро тўлаш талаб этилади.

Бироқ ҳеч ким дўконларни нарх белгиларини ўзгартиришга мажбур қилмайди. Яхлитлаш барча тўловлар учун эмас, фақат нақд пулдаги тўловлар учун амал қилади. Агар карта билан тўланса, аввалгидай, евроцент аниқлигида тўлаш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, яхлитлаш аллақачон жорий қилинган евроҳудуд давлатларида ҳам 1 ва 2 евроцентлик тангалар қонуний тўлов воситаси бўлиб қолмоқда, уларни харидорлардан қабул қилиш ва улар билан қайтим бериш мажбурий ҳисобланади. Чунки бирор евроҳудуд мамлакати майда тангаларни мустақил равишда муомаладан чиқара олмайди. Бу фақат барча евроҳудуд давлатлари бир овоздан шундай қарор қабул қилганда амалга ошиши мумкин. Чунки ягона валюта учун ягона қоидалар амал қилади.

Литва Марказий банкининг таъкидлашича, янги тартиб нақд тўловларни енгиллаштиради. Шу билан бирга, муомаладан йўқолиб кетадиган тангалар сонини камайтиради. Бунда эса анча катта маблағлар назарда тутиляпти. Фақат Литванинг ўзида 1–2 евроцентлик тангалар билан йўқоладиган сумма йилига уч юз минг евро атрофида, дейилади Delfi нашрида.

Қизиғи шундаки, расмий Вилнюснинг таъкидлашича, ушбу ислоҳот давлатга маълум даражада тежамкорлик бериши билан бирга, атроф-муҳитни ҳам муҳофаза қилади — гўёки муомаладан йўқолиб кетган тангалар унга зарар етказар экан. Худди шу далил билан Евроиттифоқнинг бошқа давлатлари ҳам майда евроцентлардан воз кечишга қарор қилишган.

Евроҳудуднинг етти давлати — Нидерландия, Белгия, Финландия, Ирландия, Италия, Словакия ва Эстония — энди 1 ва 2 евроцентлик тангаларни зарб этмайди ва муомалага чиқармайди ҳамда нақд тўловлар учун яхлитлашни амалиётга жорий қилган.

Шу билан бирга, Евроиттифоқда майда тангалардан воз кечиш ҳақидаги баҳс-мунозаралар ҳанузгача давом этмоқда. 12 давлат ҳали майда тангалардан воз кечишга тайёр эмас.

Жанубий Европанинг айрим мамлакатлари бу ғояга нисбатан энг шубҳали муносабатда. Сўнгги сўровномага кўра, евроҳудуднинг учта давлати — Греция, Кипр ва Испанияда аҳолининг кўпчилиги майда тангалардан воз кечишга қарши.

Бироқ бу ислоҳот аллақачон амалга оширилган давлатларда, аксинча, унга бўлган қўллаб-қувватлаш даражаси анча ошган.

Мавзуга оид