Ўзбекистон | 08:54 / 17.04.2025
2751
2 дақиқада ўқилади

Йил бошидан бери энг кўп қандай маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилгани айтилди 

Ўзбекистонда жорий йилнинг I чораги давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 162 665 нафар шахсга нисбатан 138 557 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, 105 418 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар қўлланди. 

Олий суд хабарига кўра, ярашгани муносабати билан 19 201 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилди. Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини:

  • майда безорилик;
  • ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик;
  • автомобил транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш; 
  • электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш;
  • ҳақорат қилиш; 
  • транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши;
  • савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш; 
  • жамоат жойларида алкогол маҳсулотини истеъмол қилиш; 
  • транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш;
  • совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.

Апелляция тартибида 1924 нафар шахсга нисбатан 1 632 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 637 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 577 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Кассация тартибида 2 540 нафар шахсга нисбатан 2 380 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 1 021 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 625 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Мавзуга оид