Ўзбекистонда илк бор “Энг яхши бошқарув органи” кўрик танлови ўтказилди
18 апрел – “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни” муносабати билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан “Энг яхши бошқарув органи” кўрик танлови ташкил этилди. Ғолиблар автомобил, электромотороллер ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ўзбекистонда илк бор “Энг яхши бошқарув органи” кўрик танлови ўтказилди. Унинг финал босқичида республика бўйича 16 та бошқарув сервис компанияси қатнашди. Беллашув олдидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева танловнинг аҳамияти ҳақида гапирди.
“Президентимизнинг барча соҳалар қатори коммунал соҳага бераётган эътибори туфайли бугунги кунда 850 та бошқарув сервис компанияси 43 мингта кўп қаватли уйга хизмат кўрсатиб келмоқда. Албатта, одамлар коммунал соҳа ходимларини уйларида носозликлар бўлганда эслашади. Танловда бошқарув органларнинг бугунги салоҳиятини аҳолига кўрсатаётган хизматларидан яққол кўриш мумкин. Моддий-техник база билан таминланганлик даражаси, ишчи ходимларнинг малакаси оширилгани туфайли 2024 йилда мурожаатлар2023 йилга нисбатан 52 фоизга қисқарди”, дейди Озода Жўраева.
Танловнинг биринчи қисми ижодий саҳна кўринишлари билан бошланди. Айрим жамоалар касбий фаолиятида учраб турадиган қизиқ ҳолатларни кўрсатиб берди. Баъзилар ушбу касбнинг машаққатли томонларини сўзлади. Сўнгра иштирокчилар танловнинг амалий шартига ўтди. Унда 20 дақиқада сув узелини ясаб бериш керак. Kun.uz жараёнларни кузатиб бораётган вазирликнинг департамент бошлиғи Обиджон Мўминовдан иштирокчиларнинг касбий маҳорати ҳақида сўради.
“Мана ҳозир тадбиримизнинг энг кулминацион қисмига етиб келдик, яъни сантехник ходимларимиз ўзининг малакасини кўрсатиб бериши керак. Биз уларга схема билан бирга маҳсулот берганмиз, улар сув тугунини йиғиб бериши керак бўлади. Жамоаларнинг ҳар бирига эксперт жалб қилганмиз. Жараёнларни кузатяпти. Нариги тарафда электрикларимизга ҳам худди шундай талаб қўйганмиз. Шунга қараб компанияларнинг амалий кўникмалари баҳолаб берилади”, дейди у.
Обиджон Мўминовнинг сўзларига кўра, соҳа ўтган 2 йил ичида амалий тарзда ривожлантирилган.
“2022 йилгача бизда 300 га яқин БСК (бошқарув сервис компанияси) бўлган. 2023 йилда уларнинг сони 500 дан ошди, 2024 йилда 800 га яқинлашди. Ҳозирга келиб эса 850 тага етди. Энг қизиқ томони соҳага қурувчилар ҳам қизиқа бошлади. Ўзлари қурган объектни ўзлари экспулатация қилишга, яъни қўшимча йўналишни қўшяпти”, дейди Обиджон Мўминов.
Бундан ташқари, департамент бошлиғи бу соҳа борган сари жозибадор соҳага айланиб бораётганини, аммо шаффофлик бўйича эътирозлар борлигини айтди. Унинг таъкидлашича, рақамлаштириш бу муаммога ҳам барҳам беряпти. Ҳозирда БСКлар қилган иш ҳажмини “Менинг уйим” платформасига киритиб боради ва унинг тариф бўлимида ҳисоботлар шакллантирилади.
“2023 йилда хизмат кўрсатиш нархлари қимматлигидан шикоятлар кўп бўларди. Сабаби ширкатлар даврида ўрнатилган тарифлар уйни экспулатация қилиш харажатларига етмаган. Ўша учун ширкатлар бу ишни қилмадим дейди, 2024 йилдан вазирлик уйга хизмат кўрсатишнинг минимал миқдорини белгилади. Бажариладиган ишларининг таркибини тасдиқлаб бердик, ҳозир мулкдорларда нарх-навога нисбатан эътироз кам, лекин шикоят хизмат сифатига бор. “Пул оляпти, иш қилмаяпти” дейди. Ҳаммаси шаффофликнинг тўлиқ шаклланиб бўлмаганида, у қанча очилиб бораверса, саволгаям ўрин кам қолади”, дейди департамент бошлиғи.
Шунингдек, Обиджон Мўминов соҳада қилиниши кутилаётган ишлар ҳақида ҳам сўзлаб берди. Унга кўра, “Менинг уйим” платформасидан ташқари кўп қаватли уйларни бошқариш органларининг электрон реестри бор. Ушбу реестрда бошқарув компаниянинг номи, манзили, телефон рақамлари, нечта уйга хизмат кўрсатиши, ходимлари сони каби маълумотлар бор. Энди турар жой миллий ахборот тизими яратилиб, унга уйлар тўғрисидаги маълумот жойланяпти. Бу “Менинг уйим”га интеграция қилинади. Бундан ташқари, “Хавфсиз лифт” платформаси ишлаб чиқилмоқда. У 1 майдан ишга туширилади. У ҳам “Менинг уйим”га интеграция қилинса, мулкдорга маълумот бориб туради.
Мусобақнинг кейинги шарти электр тақсимлаш шитини нолдан йиғиб бериш бўлди. Ҳар иккала босқичда фаоллик ва алоҳида маҳорат кўрсатган жамоалар танлаб олинди.
Танловда 1-ўринни эгаллаган жамоага Damas, 2-ўринни қўлга киритган жамоаларга Labo ҳамда 3-ўринга муносиб кўрилган жамоаларга электромотороллер берилди. Бу ғолиблар учун 18 апрел – “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни”га муносиб туҳфа бўлди.