Ўзбекистон | 11:35 / 19.04.2025
1573
3 дақиқада ўқилади

Судлар фаолиятини молиялаштириш тўғрисида қонун ишлаб чиқилди

"Ўзбекистон Республикасида судлар фаолиятини молиялаштириш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонуннинг мақсади судлар фаолиятини молиялаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ўзбекистоннинг ҳар йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда Конституциявий суд, Судялар олий кенгаши, Олий суд, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туманлараро, туман, шаҳар судлари ҳамда Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти фаолияти учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар алоҳида сатрда назарда тутилади.

Судлар фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган маблағлар миқдори одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаш учун етарли бўлиши шарт.

Судларни молиялаштириш, уларнинг биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистоннинг ҳар йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда судяларга (уларга тенглаштирилган шахсларга) ва суд аппарати ходимларига ҳар чорак якуни бўйича ва расмий байрам кунларида пул мукофотлари, шунингдек, меҳнат таътили давомида бир ойлик меҳнат ҳақи фонди миқдорида моддий ёрдам учун ажратиладиган маблағлар ҳисобга олинади.

Судларни жорий йилда молиялаштириш учун ажратиладиган ёки кейинги молия йили учун ажратилиши керак бўлган бюджет маблағлари миқдорини 5 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда камайтириш фақат Олий суднинг розилиги билан, 5 фоиздан ортиқ бўлган миқдорда камайтириш эса, Ўзбекистон судялари қурултойининг розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ажратилган маблағларни тақсимлаш:

Қорақалпоғистон Республикаси судлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туманлараро, туман, шаҳар судлари ва ҳарбий судлар учун – департамент томонидан;
Олий суд учун – Олий суд томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистоннинг ҳар йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан судлар фаолиятини таъминлаш учун ажратилган маблағлар тегишли молиявий йил учун қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда тасарруф этилади.

Мавзуга оид