Жамият | 22:10 / 19.04.2025
21781
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Gentra ЙПХдан қочиб, 10 дан ортиқ машиналарни уриб кетди

19 апрел тонгида гиёҳванд модда истеъмол қилган ҳайдовчи қора Gentra'да ЙПХнинг тўхташ буйруғига бўйсунмай, ўндан ортиқ машинани туртиб ўтди ва охири Matiz'га бориб урилди. Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, гувоҳларга микрофон тутди.

Воқеа тонг соат 07:30 ларда, Чилонзор туманида рўй берган. 1999 йилда туғилган аёл ЙПХнинг тўхташ ишорасига бўйсунмай, камида ўнта машинага урилиб ёки туртилиб ўтгани айтиляпти.

Машина Бунёдкор шохкўчасида Matiz'нинг орқасига бориб урилиши билан тўхтаган. Расмийларга кўра, ҳайдовчи гиёҳванд модда таъсирида бўлган, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган.

Гувоҳларнинг Kun.uz мухбирига айтишича, камида 2 та Damas, битта Matiz ва Li 9 автомобилларига турли даражада зарар етказилган.

“Gentra Matiz'ни 4-5 марта урди. Matiz бўлмаганда, аёл яна ҳайдарди. У газ педалидан оёғини олмаётганди. Бўйсунмагандан кейин, ходимлар уни машинадан туширди. Машинасига зарар етган ҳайдовчиларнинг бир қисми [даъво қилмай, қўл силтаб] кетиб қолди. Каттароқ зарар кўрган ҳайдовчилар қолди”, – дейди гувоҳ.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Автомобилда бўлган уч йўловчи (икки аёл, бир эркак)дан бири ҳам терговга жалб этилган.

Мавзуга оид