Океан устидан ғалаба
Юз йиллик қурилиш: Ла-манш остидаги туннел қандай қурилганди?
Тасаввур қилинг, 1987 йил. Англия ва Франция. 300 тонналик улкан пармалаш машиналари икки томондан бир бирига қараб ер қазий бошлади.
Денгиз тубида сантиметрлар аниқлигида учрашиш учун қитъанинг икки томонидан пармалай бошлаган икки улкан монстр машина салгина хато қилса ҳам миллиардлаб долларларнинг Ла-Манш қаърига сочилишига сабабчи бўлар эди.
Ҳа, босимга дош бериш учун туннел деворлари пўлат ва бетон билан мустаҳкамлаб борилган. Бироқ 6 йиллик асабий меҳнат, миллионлаб ҳисоб-китоблар, геологлар ер қатламларида детективдек синчковлик билан иш олиб боришган. Ниҳоят мақсадга эришилди. Туннеллар денгиз остида учрашди — Француз инженери девордаги туйнукдан қўл узатган инглиз ҳамкасби билан кўришди.
Бу шунчаки қурилиш эмас. Бу инсоният океан устидан ғолиб чиққани ҳақидаги триллер. Бугун шу ҳақида ҳикоя қиламиз.
Қитъага уланган Британия ороли
Евротоннел деб аталувчи Ла-Манш остидаги туннел — икки йўлли темирйўл туннели бўлиб, унинг узунлиги тахминан 51 километрни ташкил қилади, шундан 39 километри Ла-Манш бўғози остида жойлашган. У Европа қитъаси билан Британия оролини темирйўл алоқаси орқали боғлайди. Ушбу туннел туфайли Париждан йўлга чиқиб, Лондонга бориш учун бор-йўғи 2 соат 15 дақиқа кифоя қилади; поездларнинг туннелда бўлиш вақти эса 20 дан 35 дақиқагача давом этади.
Туннел 1994 йил 6 май куни тантанали равишда очилган. Ўша йилиёқ Американинг Инженер-қурувчилар жамияти Евротоннелни замонавий дунёдаги етти мўъжизанинг бири деб эълон қилди.
2013 йилда Евротоннел дунёдаги энг узун темирйўл туннеллари орасида учинчи ўринни эгаллади — ундан Япониядаги 53,85 кмли Сэйкан туннели ва Швейцариядаги 57,1 кмли Готард туннели бироз узунроқ. Бироқ Евротоннел сув остидаги узунлиги бўйича рекорд ўрнатди — у Сэйканни ортда қолдирди, чунки Сэйканнинг сув остидаги қисми атиги 23,3 километрни ташкил қилган. Шунингдек, Евротоннел энг узун халқаро туннел сифатида ҳам тан олинган.
Туннел қуриш ғояси
Ла-Манш остида туннел қуриш ғояси илк бор XVIII аср охири XIX аср бошларида пайдо бўлган. Қизиқ томони шундаки, бундай лойиҳаларнинг ташаббускорлари ҳар доим французлар бўлган — англияликлар эса ўзларининг орол-мамлакат мақомидан осонликча воз кечишга тайёр эмасди.
Туннелнинг биринчи реал лойиҳаси 1802 йилда таклиф этилган. Уни француз муҳандиси Албер Матйе-Фавйе ишлаб чиққан. У Ла-Манш бўғози тубидан 10 метр чамаси чуқурликда от аравалари ҳаракати учун мўлжалланган туннел қуришни, уни мойчироқлар билан ёритишни таклиф қилган. Шамоллатиш учун махсус шохобчалар кўзда тутилган бўлиб, улар денгиз сатҳидан беш метр юқори бўлиши керак эди.

Ҳаттоки Наполеон I ҳам мазкур лойиҳа билан таниш бўлган. Аммо у бу лойиҳага қизиқиш билдирганми? Бу борада тарихда мутлақо турлича маълумотлар мавжуд. Айрим қарашларга кўра, Наполеон туннел ғоясини мутлақо аҳмоқона деб баҳолаган. Бошқа бир талқинга кўра, у шахсан ўзи англияликларга мамлакатларни ер ости йўли орқали боғлашни таклиф этган. Аммо Учинчи коалиция уруши бошланиши туфайли лойиҳа қоғозда қолиб кетган.
Дастлабки уринишлар
Англияда темирйўл тармоғининг жадал ривожланиши натижасида от-аравалар учун мўлжалланган туннел лойиҳалари ўрнини темирйўл вариантлари эгаллади.
XIX асрда бундай лойиҳаларнинг асосий тарафдори француз тоғ муҳандиси Томэ де Гамон бўлди. У 1856 йилда Франция билан Англияни боғловчи темирйўл туннели қурилишини таклиф этган. Французлар дарҳол рози бўлишди, аммо яна англияликлар иккиланишди.

Шунда де Гамон дунёдаги биринчи метрополитен — Лондон метроси муҳандисларидан бири, британиялик муҳандис Питер Уилям Барлоу билан маслаҳатлашди. Туннел қурилиши учун маблағ йиғиш ишлари бошланди. Шу билан бирга, Франция ва Англия парламентлари ҳам туннел қуриш ҳақида қарор қабул қилди. Маблағ етишмовчилиги туфайли лойиҳа фақат бир йил ўтиб амалга жорий этилди.
1881 йилда геологик тадқиқотлар ўтказилди ва Инглиш-Бомонт лойиҳаси асосида ишлаб чиқилган икки пармалаш машинаси ишга туширилди — бири Франция томонидан, иккинчиси эса Англия томонидан. Бир йил ичида ҳар икки томондан тахминан 2 километрдан пармаланди. Режага кўра, ишчилар беш йилдан сўнг денгиз остида учрашишлари керак эди. Бироқ 1883 йилда қазиш ишлари тўхтатилди, чунки британияликлар тайёр туннел душман ҳужуми учун қулай йўлакка айланиши мумкинлигидан хавотирга тушишди.
Иккинчи жаҳон урушигача бўлган даврда Ла-Манш орқали туннел ёки кўприк қуриш бўйича барча лойиҳалар Британия ҳукумати томонидан қаттиқ рад этилди. Лойиҳага нисбатан муносабат фақат ўтган асрнинг 50-йиллари ўрталарида ўзгара бошлайди.
Урушдан сўнг
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Ла-Манш остида туннел қуриш ғояси яна кун тартибига қайтди. 1957 йил ёзида икки давлатни боғлаш керакми ва агар шундай қилиш керак бўлса, қайси усул орқали боғлаш лозимлиги юзасидан хулосага келиш учун инглиз-француз тадқиқот гуруҳи ташкил этилди.
1960-йиллар бошига келиб икки муқобил лойиҳа рақобатлашарди — туннел ва кўприк лойиҳалари. Биринчи лойиҳага кўра, Ла-Манш тагидан икки ишчи ва улар орасида хизматчи йўлакдан иборат мураккаб темирйўл туннели ўтказилиши мўлжалланган эди. Бу лойиҳанинг рақиби сифатида эса улкан кўприк лойиҳаси таклиф этилган.
Алалоқибат ер остидан ўтказиладиган лойиҳа ғолиб чиқди, аммо уни маъқуллаш жараёни чўзилиб кетди. 1974 йилда қазиш ишлари бошлаб юборилгач, молиялаштиришда муаммолар юзага келди ва бир йил ўтиб лойиҳа тўхтатилди.
Туннел мавзусига фақат 1984 йилда қайта мурожаат қилинди. Ўшанда Франция ва Британия ҳукуматлари икки давлатни боғловчи лойиҳа учун очиқ тендер эълон қилди. 1985 йил кузида тўртта мустақил ишлаб чиқарувчи гуруҳ ўз лойиҳаларини тақдим этди.
Энг ғайриоддий таклиф — Europont лойиҳаси бўлиб, у 52 километрли кўприк қуришни назарда тутар, у мустаҳкам кевлар ипларига илинган қавсларга эга бўларди. Бу лойиҳа жуда қиммат ва ҳали синовдан ўтмаган технологияга асослангани учун тезда рад этилди.
Euroroute лойиҳаси эса сунъий оролларда жойлашган таянч нуқталарига эга бўлган кўприклар ва туннеллардан иборат мураккаб тизимни таклиф қилган.
Channel Expressway лойиҳаси эса темирйўл ва автомобил йўллари учун мўлжалланган икки қаватли туннел эди. Бироқ ушбу икки лойиҳанинг ўрнига Eurotunnel лойиҳаси танланди — бу 1970-йиллар концепциясига асосланган, қурилиши нисбатан арзон ва содда ҳисобланган лойиҳа эди. Аммо пировардида, бу лойиҳа ҳам ҳар икки давлат ҳукумати учун жуда қимматга тушарди.
Ниҳоят ечим топилди. «Eurotunnel» номли очиқ акциядорлик жамиятини ташкил этишга қарор қилинди. Уни қуриш билан шуғулланадиган компаниялар ва хусусий банклар бошланғич капитални шакллантиришлари керак эди (ҳукуматлар ёрдамисиз).
Янги ташкил этилган компания ўз еридан маблағ топиши ва қурилишни амалга ошириши керак эди. Миннатдорлик сифатида унга 55 йил мобайнида иншоотни бошқариш ҳуқуқи берилди. Бу муддат тугагач, туннел ишчи ҳолатда Франция ва Буюк Британия ҳукуматларига топширилиши шарт қилинди.
Ер ости ишлари Британия томонидан бошланган. 1987 йил 15 декабр куни биринчи қазиш қалқони ишга туширилди — у диаметри 4,8 метр бўлган хизмат туннелини қазишни бошлади. Кейинчалик ишга икки асосий туннелни қазиш учун мўлжалланган анча кучли ер ўювчи комбайнлар жалб этилди.
Бу туннелларнинг диаметри ҳар бири 7,6 метрли бўлиб, улкан машиналар томонидан қазилди. Умуман олганда, туннел тубида деярли тўхтовсиз 11 та пармалаш қурилмаси бир вақтнинг ўзида фаолият юритди. Учта француз ва учта инглиз пармалаш комбайнлар Ла-Манш туби остидан бир-бирига қараб ҳаракатланди. Яна учта қурилма Буюк Британия терминали томон оролга қараб туннел қазди, иккитаси эса Франция терминалига томон йўналтирилган учта туннелни бурғилади.
Икки томон қазилган туннеллар белгиланган нуқтада учрашиши учун лазерли позициялаш тизими ишлатилди. Мазкур тизим орқали англиялик ва француз ишчилар 1990 йил 1 декабр куни бўғоз тубидан 40 метр чуқурликда учрашди. Қизиғи шундаки, туннелнинг охирги метрлари қўлда — чўкич ва белкураклар ёрдамида қазилди.

Туннелнинг ишга туширилиши
1991 йили туннел қазиш ишлари якунланди. Кейинги уч йил давомида уни техник жиҳатдан жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
Қурилиш давомида жами 8 миллион метр куб тош ва тупроқ массаси олиб чиқилди (бу ҳар бир томони 200 метр бўлган куб ҳажмига тенг). Томонлар ер остидан қазиб чиқарилган тупроқ массасини ўзи билганича тасарруф қилди. Французлар масалан, тупроқни сув билан аралаштириб, ҳосил бўлган лойқани денгизга тўкишди. Англияликлар эса ўз томонларидан чиқарилган тош ва тупроқдан Британия соҳилида Шекспир қояси деб аталувчи сунъий майсазор ясашди ва кейинчалик у ерда боғ барпо этилди.
Ла-Манш тубидан ўтган туннел, яъни Евротоннел деб ном олган иншоот учта алоҳида туннелдан иборат: иккитаси асосий бўлиб, уларда шимол ва жануб йўналишида ҳаракатланувчи поездлар учун темирйўл қўйилган; учинчиси эса хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган кичик туннел. Хизмат туннели ҳар 375 метрда асосий туннеллар билан боғловчи ўтиш жойлари билан жиҳозланган. У техник хизмат кўрсатувчи ходимлар учун ҳамда фавқулодда ҳолатларда одамларни эвакуация қилишга мўлжалланган.
Ҳар 250 метрда иккала асосий туннел ўзаро юқорида жойлашган хизмат туннели орқали алоҳида вентиляция тизими билан боғланган. Барча учта туннелда поездларга туннеллар орасида бемалол ҳаракатланиш имконини берувчи икки йўл алмаштириш нуқтаси мавжуд.
Туннел транспорт тизими
Туннелдан фойдаланишни биргаликда ташкил этилган инглиз-француз консорциуми амалга оширади.
Евротоннел йўналишида турли хил поездлар ҳаракатланади: юқори тезликдаги йўловчи поездлари «Евростар»; «Шаттл» туридаги йўловчи поездлари — улар автобуслар, енгил автомашиналар ва фургонларни ташийди, бу пайтда йўловчилар ўз машиналари ичида қолишади; очиқ вагонларда ҳаракат қилувчи юк поездлари — уларда юк машиналари ташилади, ҳайдовчилар эса алоҳида вагонда йўл бўйлаб ҳаракат қилади; Европа қитъаси билан Буюк Британия ўртасида турли юк ва контейнерларни ташувчи стандарт юк поездлари ҳам мавжуд.
Поезд ҳаракати Франция ва Буюк Британия темирйўлларида бўлгани каби чап томонлама йўналишда амалга оширилади.
Франция ва Буюк Британия ҳудудларида «Евростар» поездлари 300 km/h тезликда ҳаракатланади. Туннел ичида эса тезлик 160 km/hʼгача туширилади.
Ла-Манш тубидан ўтган туннел тантанали равишда 1994 йил 6 май куни Англия қироличаси Елизавета II ва Франция президенти Франсуа Миттеран томонидан очилган.
Инсоният тарихидаги энг узоқ муҳлатли лойиҳалардан бири бор-йўғи етти йилда амалга оширилди. Унга 13 минг муҳандис ва ишчи жалб этилди, қурилишга тахминан 10 миллиард фунт стерлинг сарфланди. Инфляцияни ҳисобга олганда, бу дастлабки режадан деярли икки баробар кўп. Томэ де Гамон ва яна юзлаб ташаббускорлар орзуси ниҳоят рўёбга чиқди.
ХХ асрнинг гранд лойиҳаси ҳозирча молиявий жиҳатдан ўзини оқлаганича йўқ. Узоқ кутилган «фарзанд» ўзини ҳам узоқ муддатда қоплайдиган бўлиб чиқди.
Мавзуга оид

22:10 / 22.04.2025
Bloomberg: Макрон муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказиши мумкин

19:22 / 21.04.2025
«Telegram ҳеч қачон шахсий хабарларни ошкор қилмаган» – Дуров Франция парламенти қарорини олқишлади

01:01 / 17.04.2025
Лондон ва Париж мигрантлар алмашинуви бўйича келишувни муҳокама қилмоқда

11:30 / 16.04.2025