Жамият | 17:12 / 24.04.2025
6304
3 дақиқада ўқилади

Чилонзорда янги пиёдалар йўлаги устидан «брусчатка» тўшалмоқда

Чилонзор туманида Новза кўчаси ва Бўрижар канали оралиғидан ўтган, тахминан 600 метрлик янги қурилган йўлакчага «брусчатка» ётқизилмоқда. Масъуллар бундан кўзланган мақсадни очиқлашни истамаяпти. Шаҳарда абгор йўлаклар кўпайган бир маҳалда, яроқли, қолаверса янги йўлакчани «қайта таъмирлаш» кимга ва нега керак бўлиб қолди? Kun.uz ушбу масалани ўрганди.

Пайдо бўлганига бир йил ҳам тўлмаган пиёдалар йўлакчаси устига йўлғишт ётқизиш бошланди. Уни «Monument stroy» МЧЖ амалга оширяпти. Жамият вакилининг айтишича, таъмирлаш ишлари битгач, йўлканинг ён-атрофига сув фавворалари ўрнатилади.

«Биз ижро этувчи одам, уёқдан қанақа буйруқ бўлса, шуни бажарамиз. Тендер чиққан, шаҳар ҳокимлиги буюртмачи. Лойиҳани қийматини аниқ билмайман. Бўлак-бўлак бўлади, аввал 600 метрга ётқизилади. Кейин бу ерга чироқлар қўйилади. Газонлар олиб ташланиб, бошқатдан қилинади. Ҳозир шунинг лойиҳасини кўриб чиқяпмиз», дейди у.

У бу биринчи босқич ҳисобланиши, каналнинг нариги томони, яъни Байналминал кўчаси бўйлари ҳам аввал бетонлаштирлиб, сўнг йўлғишт ётқизилишини айтиб ўтган.

«Агар буни бузиб ташлаб, кейин қайтадан бетон қилганимизда, антиққа тўғри келмасди, бу ишимизнинг иқтисодий минуси деярли йўқ», – дейди иш бошқарувчи.

Йўлакчада олиб борилаётган таъмирлаш ишлари юзасидан журналист Бобур Акмалов ҳам фикр билдирди.

«Ҳозир брусчатка ётқизиладиган бўлса, ер сатҳидан камида ярим метр кўтарилади. Жарга яқин, бу хавфли-ку, кейин шунча меҳнат, солиқчиларнинг пули нима учун, қаерга кетяпти? Сеул Мун томон билан битта йўл қиламиз дейишибди, бунинг нима фарқи бор. Ўтган йили кенг кўламли ишлар олиб борилди. Яна нимага керак бу исорофгарчилик, шундоқ ҳам шаҳарда абгор йўлаклар кўп», – дейди журналист.

Kun.uz Тошкент шаҳар ҳокими матбуот котиби Гулноза Қосимовадан ушбу лойиҳа бўйича изоҳ сўраган. Орадан икки кун ўтса-да, матбуот котиби қилинаётган ишлар юзасидан изоҳ бермади. Ҳокимлик анчадан буён Kun.uz’нинг сўровларини жавобсиз қолдириб келмоқда.

Мавзуга оид