Жамият | 12:47 / 24.04.2025
1996
2 дақиқада ўқилади

Ҳаж ва Умра зиёратига ноқонуний равишда юбормоқчи бўлган шахслар аниқланди

Бир неча ҳудудларда Ҳаж ва Умра зиёратини ташкил этишга ваколати бўлмаса-да, фуқаронинг ишончига кириб, улардан пул олган шахслар ушланди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилояти, Тошкент туманида яшовчи, 1968 ййилда туғилган, муқаддам судланган шахс Ҳаж зиёратини ташкил этишга ваколати бўлмаса-да, фуқаронинг ишончига кириб, 8 минг АҚШ доллари эвазига унинг ота-онасини жорий йилда Ҳаж зиёратига юборишни ваъда қилиб, олдиндан 2 минг долларни олган вақтида ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) хабар берди.

Шунингдек, Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган туристик фирма раҳбари 4 нафар фуқарони Умра зиёратига юбориш эвазига 4200 АҚШ доллари олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.

Сирдарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса, Оқолтин туманида яшовчи, 1974 йилда туғилган шахс ўзини гўё сайёҳлик фирмаси вакили сифатида таништириб, 3 нафар фуқарони Умра сафарига юбориш эвазига жами 3450 АҚШ доллари талаб қилади. Ушбу шахс олдиндан 1100 доллари ҳамда 1 млн 290 минг сўм олган вақтида ушланган.

Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида фаолият юритувчи хусусий авиакасса раҳбари фуқаронинг ишончига кириб, унинг қариндошини Умра сафарига юборишини айтиб, бунинг эвазига 1200 АҚШ доллари талаб қилган. Унинг кўрсатмаси билан авиакасса ходими олдиндан 10 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид