Ўзбекистон | 08:42 / 24.04.2025
5113
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия ТИВ раҳбарлари Самарқандда музокара ўтказди

Бахтиёр Саидов ва Сергей Лавров иттифоқчилик муносабатлари ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.

Фото: Telegram / bakhtiyor_saidov

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқанд шаҳрида икки томонлама музокара ўтказди.

«Бугун Самарқанд шаҳрида Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири, ҳамкасбим Сергей Лавров жаноблари билан самарали учрашув ўтказиб, кўп қиррали ҳамкорлигимизнинг кенг доирасидаги масалаларни муҳокама қилдик. Учрашувда Олий даражада эришилган келишувларнинг амалий ижросига алоҳида эътибор қаратилди», деб ёзди Саидов ижтимоий тармоқда.

Унинг таъкидлашича, икки давлат раҳбарлари томонидан иттифоқчилик муносабатлари ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, маданий ва гуманитар боғлиқликларни чуқурлаштириш ҳамда кўп томонлама тузилмалар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш бўйича берилган топшириқларни амалга оширишда ташқи сиёсат идоралари ўртасида яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишилди.

«Бундан ташқари, таълим, инновациялар, инфратузилма, минтақавий хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида урғу бериб ўтдик. Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва бизнес алоқаларни фаоллаштириш йўлларини муҳокама қилдик», деб хулоса қилди Саидов.

Мавзуга оид