Жаҳон | 01:55
3489
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Покистон самолётлари учун ҳаво маконини ёпди

Чекловлар 30 апрелдан кучга кирди ва 23 майга қадар амалда бўлади.

Фото: Getty images

Ҳиндистон Покистонда рўйхатдан ўтган самолётлар учун ҳаво маконини ёпмоқда. Чекловлар 30 апрелдан кучга кирди ва 23 майга қадар амалда бўлади.

India TV’га кўра, Покистон самолётлари учун ҳаво маконининг ёпилиши тўғрисида NOTAM учувчилари учун мўлжалланган авиация хабарномасида сўз боради. Телеканалнинг аниқлик киритишича, Ҳиндистон ҳукумати бу қарорни Покистон билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида қабул қилган.

Покистон томони Ҳиндистон самолётлари учун ўз ҳаво маконини 24 апрелда ёпган эди. Мамлакат ҳукумати, шунингдек, 2 майга қадар икки йирик шаҳар — Исломобод ва Лаҳор устидан барча турдаги ҳаво кемалари учиб ўтишини чеклаган.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар уруш ёқасига келиб қолган. 22 апрел куни Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатидаги сайёҳлар орасида машҳур бўлган Пахалгам шаҳрида қуролланган жангарилар 26 кишини ўлдирди. Ушбу теракт учун Кашмирнинг Покистон назорати остидаги ҳудудида жойлашган жангарилар гуруҳи жавобгарликни ўз зиммасига олди. Ҳиндистон ҳукумати ҳодиса юзасидан қисман айбни Покистонга юклади. Шундан сўнг Ҳиндистон Покистон билан чегарани ёпди ва Покистон фуқароларидан мамлакатни тарк этишни талаб қилди.

Аввалроқ Покистон ахборот вазири Аттауллоҳ Тарар Исломободда Ҳиндистон яқин 24-36 соат ичида Покистонга ҳарбий зарба беришга тайёрланаётгани ҳақида «ишончли маълумотлар» борлигини айтиб чиққанди.

Мавзуга оид