Жаҳон | 14:15 / 04.05.2025
7749
6 дақиқада ўқилади

«Икки урушни ҳам биз ютгандик». Трамп америкаликларнинг жаҳон урушларидаги ғалаба кунини нишонлашга қарор қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозониш учун ҳаммадан кўпроқ ҳаракат қилганини айтиб, Америка тақвимида бир вақтнинг ўзида иккита байрамнинг номини расман ўзгартириш ниятида эканини эълон қилди: америкаликлар Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларидаги Ғалаба кунини нишонлайди.

Фото: Getty images

11 ноябр – Америка миллий фахрийлар куни (Буюк Британияда уни Хотира куни сифатида нишонлашади) Биринчи жаҳон урушида қозонилган Ғалаба куни деб ўзгартирилади. Трамп буни Қўшма Штатларнинг Германия империяси устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссасини тўғри баҳолаш зарурати билан изоҳлайди.

Ҳозирча АҚШда расман Европада Ғалаба куни деб аталадиган 8 май куни эса, мос равишда, Иккинчи жаҳон урушида Ғалаба куни бўлади.

Трамп бу режалари ҳақида ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида бўлишди. Бу борада тегишли фармон ҳозирча эълон қилинмаган, шунинг учун президент 8 майни федерал даражадаги давлат байрамига айлантиришни режалаштиряптими ёки йўқми, тушунарсиз, чунки қонун бўйича бундай ваколатга фақат АҚШ Конгресси эга.

Трамп ўз постида «бизнинг кўплаб дўстларимиз ва иттифоқчиларимиз 8 майни Ғалаба куни сифатида нишонлашади – ахир биз Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозониш учун бошқа ҳар қандай давлатдан кўра кўпроқ иш қилгандик», деб таъкидлайди.

«Иккала урушда ҳам биз ютгандик, – деб ишонтирди ўз ўқувчиларини Америка президенти. – Қолган мамлакатлар ҳарбий қудрати бўйича ҳам, жасорати бўйича ҳам, мукаммал қўмондонлик жиҳатидан ҳам биз билан тенглаша олмайди».

«Шу билан бирга бошқа давлатлар ўз ғалабасини нишонламоқда, биз эса – йўқ, – деб ҳайрон қолади Трамп. – Буларнинг барчаси буни қандай тўғри қилишни биладиган етакчилар йўқлигидан! Шундай экан, биз ҳам ғалабаларимизни яна нишонлашни бошлаймиз!»

Урушларда аслида ким ғолиб бўлган?

Бу йил совет қўшинлари Берлинни эгаллагани, Учинчи Рейх сўзсиз таслим бўлгани ва Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 80 йил тўлади.

Иккинчи жаҳон урушининг британиялик фахрийси Нормандиядаги ҳалок бўлган аскарлар қабристонида

Россияда бу сана «Улуғ Ватан уруши тугаши» сифатида нишонланади ва бу энг муҳим давлат байрамларидан бири бўлиб, уни нишонлаш доирасида Москванинг Қизил майдонида ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида кенг кўламли ҳарбий парадлар ўтказилади.

Совет иттифоқи учун уруш 1941 йил июн ойида Германия босқинидан бошланган.

Трампнинг Иккинчи жаҳон урушида айнан АҚШ ғалаба қозонгани ҳақидаги сўзлари кўплаб тарихчиларнинг хулосаларига зид келади, аммо улар америкаликларнинг ғалабага қўшган муҳим ҳиссасини инкор этмайди.

Янги Орлеандаги Америка Иккинчи Жаҳон уруши миллий музейининг очиқ эълон қилинган статистик маълумотларига кўра, уруш йилларида жами 420 мингга яқин америкалик ҳалок бўлган, шундан 415 минг нафари бевосита ҳарбий йўқотишлардир.

Шу билан бирга, тарихчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Иккинчи жаҳон уруши пайтида совет иттифоқининг 10 миллионга яқин ҳарбий хизматчиси ва 15,5 миллион тинч аҳоли ҳалок бўлган. Совет республикалари аҳолисининг умумий сонига нисбатан ўлганлар РСФСР, Украина ва Беларус аҳолиси орасида энг кўп эди.

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг умумий сони, Британия энциклопедиясининг ёзишича, 35 миллиондан 60 миллион кишигача баҳоланади.

Бундан ташқари, АҚШ Иккинчи жаҳон урушида 1941 йил декабр ойида Япониянинг Перл-Ҳарборга ҳужумидан кейингина иштирок эта бошлади ва ундан олдин Европанинг кўплаб давлатлари икки йилдан ортиқ вақт давомида, 1941 йил 22 июндан бошлаб эса совет иттифоқи ҳам фашистлар Германиясига қарши уруш олиб борди.

Иккинчи жаҳон уруши 1945 йил август ойида АҚШнинг Японияга ҳалокатли ядровий зарбалари билан якунланади, шундан сўнг ушбу мамлакат ҳукумати таслим бўлганини эълон қилган.

АҚШ одатда 8 майни нишонламасди, чунки Европадаги можаро тугаганидан кейин америкаликлар яна бир неча ой Тинч океанида Япония билан урушни давом эттирган.

Трамп туғилган кунида ҳарбий парадга тайёрланмоқда

Америка фахрийлар куни бир марта қайта номланган.

Ушбу хотира санаси 1918 йил 11 ноябрда Европадаги ҳарбий ҳаракатлар якунланиши муносабати билан ўрнатилган ва АҚШда дастлаб сулҳ куни сифатида танилган.

Аммо Иккинчи жаҳон уруши, кейин эса Корея урушидан сўнг, уни Америка армиясининг барча фахрийлари хотирасига бағишлашга қарор қилинди.

АҚШда май ойининг сўнгги душанбасида нишонланадиган Хотира куни жангларда ҳалок бўлган америкаликлар шарафига белгиланган.

Трамп икки янги байрамни қандай нишонлаш кераклигига аниқлик киритмади, гарчи у аввалроқ Вашингтонда шу куни америкалик ҳарбийлар хотирасига ҳарбий парад ўтказиш ғоясини билдирган бўлса-да.

Бу орада Оқ уй 14 июн куни – Америка армияси ташкил этилганининг 250 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказишни режалаштираётганини маълум қилди.

Шу куни АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг 79 ёшини нишонлайди.
 

АҚШ президенти, шунингдек, «АҚШ ғалабалари»ни яна нишонлашни бошлаш вақти келганини қўшимча қилди.

«Биз иккала урушда ҳам ғалаба қозондик, куч, жасорат ва ҳарбий маҳоратда ҳеч ким бизга яқинлашмади, лекин биз ҳеч нарсани нишонламаяпмиз, чунки бизда буни қандай қилишни биладиган раҳбарлар йўқ!», деб таъкидлади Оқ уй раҳбари.

Мавзуга оид