Жаҳон | 21:14 / 05.05.2025
2369
5 дақиқада ўқилади

КХДР аскарларининг урушдаги иштироки нега яширилди-ю, нега энди тан олинди?

Шимолий Корея аскарларининг урушдаги иштироки расман тан олинди. Путин ўт очишни 3 кунга тўхтатмоқчи. Трампнинг илк 100 кунлиги кескин қарорлар билан эсда қолди. АҚШ-Украина ресурс битими ниҳоят имзоланди. Жорий ҳафтанинг халқаро майдондаги мавзулари муҳокамаси – Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— Нега КХДР ва Россия томони Украина билан урушда кореялик аскарлар иштирокини энди расман тан олди?

Анвар Йўлдошев: Аввалига Москва Шимолий Корея аскарлари Россия тарафида туриб уришганлигини кўрсатмасликка ҳаракат қилди. Лекин касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади деганларидек, Украина тарафи бир неча бор улар ҳақидаги далилларни оммага эълон қилган эди. Бу Россия билан Шимолий Кореянинг халқаро ҳамкорлигининг бир натижаси. Шу кунларда эса икки давлат ҳам фронтда Корея аскарлари борлигини расман тан олишди.

Бектош Бердиев: Агар Россия томони бу хабарларни бошидаёқ ошкор қилганда, бу уларнинг заифлигини билдирар эди, ҳозирда эса Курск деярли озод қилинди ва буни энди тан олиш вақти келди деб ҳисоблашди.

Россия шимолий кореялик аскарларнинг бу ерда уришаётганини билдирмасликка ҳар томонлама ҳаракат қилди. Расмий ҳеч қаерда умуман эълон қилинмади. Ҳаттоки баъзи бир жойларда уларни рад этган ҳолатлар ҳам бўлди. Энди эса Шимолий Кореянинг ҳам маълум маънода ўз аскарларидан қаҳрамон образини ясашга нисбатан эҳтиёж бор эди ва бу амалга оширилди. Шунинг учун ҳам Россия буни рад этиб ўтирмади. Ҳаттоки шимоллик дўстларимиз номини абадийлаштирамиз деган баёнотлар ҳам бўлди.

Камолиддин Раббимов: Яъни баъзи бир нуқталар ва мотивлар бор. Биз биламизки, Корея иккига бўлинган. Шимолий Корея бу тоталитар давлат ва у ҳозирги пайтда Россия билан яхши муносабатда. Лекин ҳарбий, иқтисодий, технологик жиҳатдан Жанубий Корея анча ривожланган. Россия ҳалигача урушни ҳарбий операция деб номлайди. Чунки уруш дейдиган бўлса, ўзи тўғридан тўғри халқаро қонунга кўра тажовузкор ҳисобланади.

Урушда кимлар иштирок этаётганини расмийлаштириш – муҳим масала. Агар Шимолий Корея Россияга ёрдам беряпти дейдиган бўлса, автоматик равишда қолган давлатларнинг Украинага ёрдам беришини қонунийлаштиради, Тўғри Ғарб ҳам Украинага қурол-яроғ, иқтисодий ва ҳарбий маслаҳат жиҳатдан ёрдам беряпти. Лекин французлар ёки немислар Украинага келиб, ўзининг ҳарбийлари билан бу урушда иштирок этаётгани йўқ. Яъни бу масала ҳали табу турибди. Шунинг учун Россия анчагина вақт эҳтиёткорлик қилиб бу ёрдамни сир сақлади.

Юқорида Анвар ака, Бектош ака буни иккита нуқтасидан айтди. Биринчидан, маълум бир зарурат, иккинчи жиҳатдан Россиянинг репутацияси ўйлангани. Учинчидан эса, халқаро ҳуқуқдан келиб чиқиб, Россия бошқаларни Украина тарафда иштирок этишини пасайтириш ёки минималлаштириш, ёки буни легитимациялаштирмаслик учун ҳам ўша олинаётган ёрдамларни имкон қадар яширишга ҳаракат қилди.

Шуҳрат Расул: Шахсан президент Путин ва бош қўмондон Герасимов Шимолий Корея аскарларнинг ҳақиқатан фронтда борлиги ва уларнинг Курскдаги ғалабага жуда салмоқли ҳисса қўшганини эътироф этди. Шу билан бирга, Ғарб матбуотида Шимолий Корея Россиядан шу аскарлари учун 20 млрд доллар маблағ олгани ҳақидаям қочирмалар бор. Шимолий Корея президенти буни ошкор қилмаганда, албатта, Россиянинг лидерлари буни эсламаган бўлар эди. Чунки у ерда улар ноқулай вазиятга тушиб қолди ва очиқча инкор қилиш энди мумкин эмасди. Шу пайтгача ҳар доим Ғарб матбуотини инкор қилиб келган бўлса, энди иттифоқчиси Ким Чен Инни рад этолмасди. Россия томони мана шу фактни тан олишга мажбур бўлди.

Шу тариқа, Россиянинг буюк армия экани ҳақидаги гаплар ҳақиқий афсона экани факт бўйича исбот қилинди. Яъни Россия ўзининг суверен ҳудуди – Курск областини озод қилиш учун ўзининг кучи етмай, ташқаридан ёрдам сўрашга мажбур бўлди.

Бу ерда яна бир масала – шимолий кореяликларнинг айнан Курск областидаги жангларга жалб этилгани. Яъни улар Украинанинг суверен ҳудудларига кириб бормади. Бу юридик жиҳатдан жуда аҳамиятли.

***

Cуҳбат давомида Путиннинг сулҳ таклифи, АҚШ ва Украина табиий ресурслар бўйича келишув имзолагани, Кит Келлогнинг музокаралар бўйича баёноти, Трампнинг 100 кунлик фаолияти таҳлили, Покистон–Ҳиндистон ўртасидаги зўриқиш каби мавзулар ҳам муҳокама қилинди.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube'да томоша қилинг.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид