Савдо урушидан ҳам жиддийроқ: Хитой катта синов қаршисида
Доналд Трамп бошлаган савдо уруши қанчалик бемисл даражада бўлмасин, бугун Си Жинпинг рўбарў келиб турган асосий муаммо бу эмас. У ички иқтисодиётда ялпи талабнинг тушиб кетганига ечим топиши керак.

Фото: REUTERS / Aly Song / File Photo
Хитойда улгуржи савдогарлар даврасида ёки савдо ярмаркалари вақтида Доналд Трамп исмини тилга олсангиз, улар мийиғида кулиб қўйишади. АҚШ президенти ва унинг 145 фоизлик тарифлари кўплаб хитойлик савдогарларни қўрқита олмади, деб ёзади BBC мухбири Лаура Биккер.
Трампнинг тарифлари интернетдаги хитойлик миллатчилар армиясини кўплаб мемлар ясашга, сунъий интеллект ёрдамида масхараомуз рилслар тайёрлашга ундади. Миллионлаб марта кўрилган бу видеоларда Трамп, вице-президент Жей Ди Вэнс ва миллиардер Илон Маск пойабзал фабрикасида оёқ кийим тикаётгани, iPhone йиғиб ўтирганини кўриш мумкин.
Хитой бугун ўзини иқтисодий қийинчилик қаршисида турган халқдек тутаётгани йўқ. Мамлакат раиси Си Жинпинг ҳам Пекин ўз позициясидан қайтмаслигини очиқ айтди.
“70 йилдан ошиқ вақтдан бери Хитой ҳамиша ўз-ўзига ишониш ва тараққиёт учун қаттиқ меҳнат қилиш тамойилларига содиқ қолиб келмоқда. Хитой ҳеч қачон бировнинг совғасига қараб қолмаган ва ҳеч қанақа уйдирма босимлардан қўрқмайди”, – деди Си апрел ойидаги чиқишларидан бирида.
Унинг бундай ишонч билан гапириши бежиз эмас: Хитой иқтисодиётининг АҚШга экспорт жиҳатдан боғлиқлиги ўн йиллар олдингидан анчагина камайган.
Шу билан бирга, бугун Трампнинг хурмача сиёсати Хитой иқтисодиётида аллақачон мавжуд бўлган муаммоларни чуқурлаштиряпти. Уй-жой бозоридаги инқироз, меҳнат бозоридаги тушкунлик ва аҳолининг қариб бораётгани фонида, Хитой аҳолиси ҳукумат хоҳлаганичалик сарф-харажат қилаётгани йўқ.
Си Жинпинг 2012 йилда ҳокимиятга келганида, Хитойга жўшқин тараққиёт суръатларини қайтариш орзусида эди. Ҳозир унинг бу ниятлари синовдан ўтмоқда – ва бу фақат АҚШнинг тарифлари билан боғлиқ эмас.
Си қаршисидаги ички иқтисодий чақириқлар

Фото: STR / AFP / Getty Images
1,4 миллиард аҳолига эга Хитой, назарий жиҳатдан, катта ички бозорга эга, лекин муаммо шундаки, бу аҳоли сарф-харажат қилишдан ўзини тиймоқда. Сабаби, мамлакатнинг иқтисодий келажаги бўйича прогнозлар ноаниқ.
Бу муаммонинг келиб чиқиши савдо уруши эмас, уй-жой бозорининг қулаши билан боғлиқ. Кўплаб хитойлик оилалар йиғган пулларини уй-жой сотиб олишга ишлатиб қўйган, лекин охирги 5 йил ичида улар олган уйларининг нархи кескин тушиб кетди.
Кўчмас мулк бозори қулаганига қарамай, девелоперлар уй-жой қуришда давом этаверишди. Натижада шунчалик кўп бўш квартиралар пайдо бўлдики, ҳатто бутун мамлакат аҳолиси ёппасига кўчиб кирган тақдирда ҳам, бўш хонадонларни тўлдира олмайди.
Хитой статистика бюроси раҳбарининг собиқ ўринбосари Ҳу Кенг икки йил олдин вазиятни тасдиқлаб, шундай деганди: энг экстремал баҳоларга кўра, ҳозир мамлакатда 3 миллиард аҳолига етадиган бўш уйлар мавжуд.
Хитой провинцияларини айланиб, бўшаб ётган уй-жой мажмуаларини кўплаб учратиш мумкин. Айрим уйлар жиҳозлаб, деразаларига парда илинган, уй қаршисидаги боғлар обод қилиб қўйилган, лекин қоронғи тушиши билан, улар ҳам бўшлиги маълум бўлади – уйда яшаб, чироғини ёқадиган одам йўқ. Яъни, харидор йўқ.
Уй-жой бозорида нарх пуфаги юзага келаётгани, кўплаб девелоперларда қарз юки кескин ошгани ва бу ҳолат молиявий тизимга рисклар яратаётгани туфайли ҳукумат 5 йил олдин қурувчи компаниялар олиши мумкин бўлган қарз миқдорига чеклов қўйган эди. Айни шу ва бошқа омиллар бозордаги қулашни бошлаб берди. Reuters агентлиги жорий йил февралда ўтказган сўровга кўра, таҳлилчилар бу йил уй-жой нархлари 2,5 фоизга тушишини прогноз қилмоқда.
Қайд этиш лозим, ўрта қатламни хавотирга солган фақат уй-жой нархлари эмас. Одамларда давлат пенсия таъминотига нисбатан ишончсизлик ошган. Ҳозир 50-60 ёшда бўлган тахминан 300 миллион хитойлик кейинги 10 йилда пенсияга чиққанида, ҳукумат уларни пенсия билан таъминлай оладими-йўқми, кўпчилик бунга шубҳа билан қараяпти. Давлатга қарашли Хитой ижтимоий фанлар академияси 2019 йилда берган баҳоларга кўра, давлат пенсия жамғармаси 2035 йилга бориб бўшаб қолиши мумкин.
Бундан ташқари, хитойликлар ўсиб келаётган ёш авлод – фарзандлари ва невараларининг келгусида иш топа олмаслиги эҳтимолидан хавотирда. Ҳозирда коллежларни тамомлаган миллионлаб ёшлар қониқарли маош тўланадиган иш топишга қийналяпти. 2023 йил август ойида эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, Хитой шаҳарларида яшовчи, 16 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшларнинг ҳар 5 нафардан бири ишсиз. Ҳукумат шундан бери ёшлар ўртасидаги ишсизлик статистикасини очиқламай қўйган.
Муаммо шундаки, Хитой ишлаб чиқарувчилари шунчаки битта тугмани босиб, АҚШга сотаётган товарларини ички истеъмолчиларга йўналтира олмайди.
“Иқтисодий фаолликни пасайтирувчи босим мавжудлигидан келиб чиқилса, ички истеъмолчиларнинг яқин истиқболда ўз сарф-харажатларини сезиларли ошириши даргумон. Экспорт ўрнини ички талабни ошириш билан қоплаш учун вақт керак”, – дейди Пекиндаги Ренмин университети профессори Ние Ҳуиҳуа.
Фудан университетининг Америкашунослик маркази директори ўринбосари, профессор Жао Мингҳаонинг фикрича, “Трамп маъмурияти билан музокаралар бўйича Хитойда катта кутилмалар йўқ. Ҳақиқий кураш ички сиёсатни мослаштириш, масалан ички талабни рағбатлантириш билан боғлиқ бўлади”.
Сустлашиб бораётган иқтисодиётни руҳлантириш учун ҳукумат бола парпариши учун субсидиялар, ойликлар ва меҳнат таътили учун тўланадиган ҳақларни оширишга миллиардлаб маблағ сарфлашини эълон қилган. Расмийлар, шунингдек, одамларни кўпроқ харажат қилишга ундаш учун маиший электроника товарлари ва электромобилларни сотиб олишда чегирмалар беришни назарда тутувчи 41 миллиард долларлик дастурни илгари сурмоқда. Шунга қарамай, Фудан университети иқтисодиёт факултети декани, профессор Жанг Жун бу чораларни “барқарор эмас” деб ҳисоблайди.
“Бизга узоқ муддатли механизмлар керак. Аҳолининг реал даромадларини оширишимиз зарур”, дейди у.
Си қаршисидаги сиёсий чақириқлар

Фото: Reuters
Хитойдаги ёш авлод ўз келажагига умидсизлик билан қараётгани – Коммунистик партия учун норозиликлар ёки тартибсизликлар каби муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Freedom House халқаро ташкилотининг Хитой диссидентларини кузатиш гуруҳи ҳисоботига кўра, охирги бир неча ойда молиявий қийинчиликлардан норозилик билдириш ҳолатлари сезиларли ошган. Аммо ижтимоий тармоқлардаги барча норозиликлар тезда бостирилиб, цензура қилинади, шу сабабли бундай постлар Си учун реал таҳдид туғдириши эҳтимолдан йироқ.
Хитой охирги 10 йилда маиший электроника товарлари, батареялар, электромобиллар ва сунъий интеллект каби соҳаларда катта натижаларга эришиб, юқори технологик ишлаб чиқариш марказларидан бирига айланди. DeepSeek сунъий интеллекти АҚШнинг технологик доминантлигига соя солган бўлса, BYD ўтган йили Tesla'ни қувиб ўтиб, дунё бўйлаб энг кўп сотилаётган электрокар брендига айланди.
Лекин Трампнинг тарифлари айланиб турган ғилдиракка таёқ тиққандек таъсирга эга бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Яқинда энг муҳим чипларни АҚШдан Хитойга экспорт қилиш чеклангани – айнан Си ҳукуматининг технологик лидерлик амбицияларини жиловлашга қаратилган.
Шунга қарамай, чин элитаси яхши билади: хитойлик ишлаб чиқарувчилар бир қатор масалаларда рақобатчи мамлакатлардан ўнлаб йиллар олдинга ўтиб кетишган, шу сабаб АҚШдаги ишлаб чиқарувчилар учун айнан Хитойдагидек кенг кўламли инфратузилма ва тажрибали ишчиларни бошқа жойдан топиш осон бўлмаяпти.
Чақириқни имкониятга айлантириш
ХХР раиси жорий инқирозни келгуси ўзгаришлар учун катализаторга айлантиришга, Хитой учун янги бозорлар топишга уринмоқда.
“Яқин истиқболда айрим Хитой экспортёрлари катта ўзгаришларга учрайди. Улар қийинчиликларни енгиб ўтиш учун экспорт географиясини ўзгартира бошлашади. Экспортчилар ҳозирча кутяпти. Ва янги мижозлар ҳам излашяпти”, – дейди профессор Жанг.
Доналд Трампнинг Оқ уйдаги биринчи ваколат муддати Хитой учун янги бозорлар қидириш кераклиги бўйича сигнал вазифасини ўтаганди. Шундан кейин Пекин Жануби-Шарқий Осиё, Лотин Америкаси ва Африка давлатлари билан алоқаларини кенгайтирди. Хусусан, “Бир макон – бир йўл” лойиҳаси доирасидаги савдо ва инфратузилма ташаббуслари Глобал Жануб билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини берди.
Ҳозирги кунда Хитой ана шу диверсификациянинг меваларидан баҳраманд бўляпти. Лоуи институти маълумотларига кўра, айни пайтда АҚШдан кўра Хитой билан кўпроқ савдо айланмасига эга мамлакатлар сони 145 тадан ошган. Таққослаш учун, 2001 йилда АҚШдан кўра Хитой билан кўпроқ савдо-сотиқ қиладиган давлатлар сони бор-йўғи 30 та эди.
“Геосиёсий фронт”

Фото: Agence Kampuchea Press
Трамп дўшт-у душманни бирдек нишонга олаётган бир пайтда, Си пайтдан фойдаланиб ўз мамлакатини АҚШга муқобил, лекин барқарор савдо ҳамкори сифатида тақдим этиши ҳам мумкин. Бу Пекинга Вашингтон гегемонлигидаги дунё тартиботини аста-секин ўзгартириш имконини беради.
“Трампнинг даҳанаки тарифлар сиёсати Хитой дипломатияси учун имкониятдир”, – дейди профессор Жанг.
Хитой етакчиси янги савдо уруши бошланганидан кейинги илк ташрифини Жануби-Шарқий Осиёга амалга оширгани ҳам бежиз эмас. Хитой экспортининг қарийб чорак қисми ишлаб чиқариш ёки етказиб бериш занжирида Виетнам ва Камбоджа каби қўшни давлатларга боғланган. Шу сабаб Трампнинг тарифлари Хитойнинг қўшниларини ҳам асабийлаштирмоқда. Си Жинпинг эса ўз ташрифларида уларни тинчлантиришни мақсад қилган бўлса ажаб эмас.
Ҳозирги вазиятда Хитой эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоғи лозим. Чунки айрим мамлакатлар Хитой компаниялари буюртмаси асосида АҚШга сотиш учун мўлжаллаб ишлаб чиқарилган товарлар охир-оқибат ишлаб чиқарган мамлакатнинг ўзига йўналтирилиши эҳтимолидан хавотирда. Бундай ҳолат Трампнинг 2016 йилдаги тарифларидан кейин ҳам кузатилган. Ўшанда АҚШ бозори учун ишлаб чиқарилган Хитойнинг кўплаб арзон товарлари Жануби-Шарқий Осиё бозорларига йўналтирилган, бу эса кўплаб маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга зарар етказганди.
“Хитой экспортининг тахминан 20 фоизи АҚШга йўналтирилади. Агар бунча миқдордаги экспорт бирор бир минтақа ёки мамлакат бозорига оқиб кирса, бу демпинг ва шафқатсиз рақобатга олиб келиши мумкин, бундай ҳолат эса янги савдо зиддиятларини келтириб чиқаради”, – дейди профессор Ҳуиҳуа.
Бундан ташқари, Си ўзини жаҳондаги эркин савдонинг бош адвокати қилиб кўрсатмоқчи бўлса, бу унчалик ишонарли чиқмайди. Чунки охирги йилларда Хитойнинг ўзи ҳам бир нечта мамлакатларнинг товарларига нисбатан чекловлар киритган.
Масалан, 2020 йилда Австралия ҳукумати коронавирус пандемиясининг келиб чиқиши бўйича халқар текширув ўтказишга чақирган эди. Ўшанда Пекиндагилар буни сиёсий манёвр деб қабул қилган ва бунга жавобан Австралия виноси ва арпасига нисбатан божлар, Австралиядан импорт қилинадиган мол гўшти ва ёғочга эса нотариф тўсиқлар киритганди. Австралиядан кўмир, пахта ва денгиз қисқичбақаси импорти эса тақиқланган. Шундан кейин Австралиянинг Хитойга айрим товарлари экспорти нолга тушиб қолганди. Яқинда расмий Канберра Трамп бошлаган савдо урушида Пекинни қўлламаслигини очиқ-ойдин эълон қилгани икки ўртадаги таранглик ҳамон сақланиб турганидан дарак беради.
Шу тариқа, ўтмишдаги хатти-ҳаракатлари Си Жинпингга Хитойни эркин савдонинг бош тарафдори деб эълон қилиш имконини бермайди.
Трамп ортга тисарилди

Фото: Alamy
Мавжуд барча қийинчиликларга қарамай, Хитой икки ўртадаги савдо урушининг иқтисодий оғриқларига АҚШдан кўра узоқроқ вақт бардош бера олишига ишонмоқда.
Трамп важоҳатидан юмшаб, ортга тисарилгани ҳам ана шу ишончнинг мевасидир, эҳтимол. АҚШ президенти апрел ойи охирида Хитойга нисбатан жорий этилган юқори божлар “анча-мунча пасайтирилиши, лекин нолга туширилмаслиги”ни айтди.
Бунинг ортидан Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғида “Трамп ортга тисарилди” жумласи энг кўп қидирилган жумлага айланди.
Тарифлар Трамп айтганидек пасайтирилган тақдирда ҳам, Хитой ўзи учун керакли дарсни олиб бўлган.
Аввалги савдо урушидан кейин Пекин экспорт бозорларини диверсификация қила бошлаган эди. Бу сафарги савдо уруши билан эса Хитой ўз ички иқтисодий муаммоларини чуқурроқ англаб етмоқда. Бу муаммоларни ҳал қила олиш эса Вашингтонга эмас, Пекиннинг ўзига боғлиқ.
Мавзуга оид

00:46
Хитойда мунтазам равишда ортиқча ишлаб келган репетитор ўз ишхонасида вафот этди

20:05 / 05.05.2025
Хитойда кучли шамол сайёҳлик кемаларини ағдариб юборди. 10 киши ҳалок бўлди

15:55 / 05.05.2025
Трамп учинчи муддат, тинчлик музокаралари ва савдо уруши оқибатлари ҳақида гапирди

12:35 / 05.05.2025