"Эккан ҳосилигача бозор баҳосида ҳисоб-китоб қилдик" - Шуҳрат Абдураҳмонов
Булоқбоши туманида содир бўлган сув тошқини оқибатлари бартараф этилмоқда. Ҳодиса жойида бўлиб турган Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида аҳолига етказилган зарар қай тарзда қопланаётганига изоҳ берди.

Жанубий Фарғона канали қирғоғи ўпирилиши оқибатида Булоқбоши туманининг айрим маҳаллаларида сув тошқини юзага келди. Ҳодиса жойига етиб борган Kun.uz мухбири айни манзилда бўлиб турган вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновдан қисқа изоҳ олди.
«Ишчи гуруҳ орқали сув кирган ҳар бир хонадонда хатловларни амалга оширдик. Нима зарарланган бўлса, ҳатто эккан помидоридан қанча ҳосил кутаётганини бозор баҳосида ҳисоб-китоб қилдик. Пулларни олиб келиб қўйдик, кечаси билан халқимизга пулларни тарқатамиз. Бирорта инсон норози бўлмайди, ҳамма нарса жой-жойига қўйиб берилади», — дейди Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.
Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, 150 та хонадонга сув кирган, кимнингдир томорқаси, бошқанинг эса «навеси», молхонаси зарарланган.
Шуҳрат Абдураҳмонов шу баҳона сув тошган ҳудуднинг йўллари асфальтланиб, намунали маҳаллага айлантирилишини маълум қилди.
«Сув тошишига сабаб Ўзбекгидроэнерго ташкилоти Россия компанияси билан ҳамкорликда 6,6 мегаваттли ГЭС қуришни бошлаган. Сув келаётган каналнинг чеккасида емирилиш бўлган ва шу ердан сув чиқиб кетган. Ҳозир барча тўғонлар мустаҳкамланди, эрталаб яна ҳамма нарсаси қайтадан кўрилади, мустаҳкам бўлганидан кейин сувни очиб берамиз», — дейди ҳоким.
8 май куни Андижон вилояти Булоқбоши тумани Сарвонтепа маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона канали қирғоғи дарз кетиб, шикаст етди. Оқибатда канал суви тошиб, атрофдаги кўчалар ва аҳоли хонадонини сув босди. «Ўзгидромет» маълумотига кўра, хавфли гидрологик ҳодисанинг келиб чиқишига Жанубий Фарғона каналига ГЭС қурилиши сабабли ортиқча сув ташлангани сабаб бўлган.
«Ўзбекгидроэнерго»га кўра, техноген ҳолатга «ГЭС қуриш мақсадида каналга ортиқча сув ташлангани» эмас, каналга «лойиҳавий сув ўтказиш қобилиятидан кўп сув келгани» сабаб бўлган.
Мавзуга оид

21:25 / 08.05.2025
Сув босган уйлар ва йўллар – Андижондаги тошқиндан фоторепортаж

18:06 / 08.05.2025
“Аҳоли уй-жой ва томорқасига етказилган зарар қопланади” – “Ўзбекгидроэнерго”

13:34 / 08.05.2025
“ГЭС қуриш мақсадида каналга ортиқча сув ташланган” – Булоқбошидаги техноген ҳодиса сабаби айтилди

12:27 / 08.05.2025