Риторикаси ўзгарган Трамп, Путиндан рухсат ололмаган Қодиров – ҳафта дайжести
Ассалому алайкум. Бугун 11 май, якшанба. Ортда қолаётган ҳафта давомида дунёда яна бир жиддий уруш бошланди. Ҳозирча навбатдаги эскалация ҳаво уруши кўринишида ўтди, лекин икки томонда ҳам ядровий давлатлар тургани вазиятни қўрқинчли қилиб турибди. Шунингдек, ҳафта давомида Трамп риторикасини ўзгартириб, энди Украинани танқид қилмай қўйди. «Барселона» «Олтин тўп»ни ютишга икки асосий даъвогар футболчиси билан Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетди. Бир неча дақиқа вақтингизни аямасангиз, ҳафта давомида дунёда содир бўлган шу ва бошқа муҳим хабарларни ёдга оламиз.

Яна бир уруш
Ўтган ҳафтадаги кўрсатувимизда дунё яна бир хавфли уруш ёқасига келиб қолганини айтгандик. Бу ҳафта ниҳоят Кашмирдаги «порох бочкаси» портлади. 26 одам ўлдирилган терактда Покистонни айблаган Ҳиндистон қўшнисига ҳужум қилди. Деҳли ҳужумлар нишони Кашмирдаги терактни уюштирган гуруҳлар позицияси бўлганини маълум қилди. Покистон ҳам қараб турмади ва Ҳиндистонга ракета учирди, 5 та қирувчи самолётни уриб туширди.
Икки давлат чегарасида ҳам отишмалар бўлиб турибди, лекин асосий жанг ҳавода кечди. Ҳаво урушида икки томондан 125 та қирувчи самолёт қатнашди. Ҳар икки давлат учоқлари қўшни мамлакат ҳудудини кесиб ўтмаган. Баъзи ҳолатларда 160 кмдан туриб зарба берилган. Покистон мудофаа вазирлиги ҳиндларнинг 5 та қирувчиси йўқ қилинганини маълум қилди. Бу авиация замонавий тарихидаги энг йирик ҳаво жанги бўлиб тарихга кирди.
Москва аэропортларида коллапс
9 майдаги ғалаба парадига меҳмонлар келиши арафасида Украина Москвадаги аэропортларга дрон ҳужуми амалга оширди. 7 майга ўтар кечаси дрон ҳужуми хавфи сабаб Шереметево аэропорти рейсларни қабул қилишни тўхтатди. Кейинчалик Домодедово, Внуково ва Жуковский аэропортларида ҳам чекловлар жорий этилди. Авиакомпаниялар Москвага борадиган рейсларни бекор қила бошлади. «Аэрофлот»нинг ўзи Москвага учадиган 54 та, Москвадан учувчи 52 та рейсни бекор қилди. Украина президенти Зеленский «Москва осмони ҳақли тарзда хавфли экани»ни айтди.
Ҳафта саргардони – президент Вучич
Москвадаги парадга энг катта қийинчилик билан етиб борган меҳмон Сербия президенти Александр Вучич бўлди. Аввалига Латвия ва Литва Вучичнинг Москвага учажак самолётига ўз осмонини очмади. Кейин Москва аэропортлари дрон ҳужуми сабаб ёпилгач, Вучичнинг учоғи Бокуга фавқулодда қўнишга мажбур бўлди. Учоқ Озарбойжонда бироз тургач, Москвага учиб кетди.
Қизиғи, Вучич бир неча кун олдин бетоблиги сабаб АҚШга сафарини якунлаб, қайтишга мажбур бўлган ва касалхонага ётқизилганди. Сербия президентининг юраги безовта қилгани айтилди. Лекин у барибир Москвага сафарини бекор қилмади. Садоқатни қаранг.
Қодировга рухсат берилмади
Рамзан Қодиров ўзбекистонликлар орасида жуда машҳур шахс. Шу сабаб унинг атрофидаги можарони ҳафта воқеалари қаторига қўшдик. Хуллас, кутилмаганда чечен давлат нашри Қодиров истеъфо сўрагани ҳақида гапини эълон қилиб қолди. Олдинроқ мустақил рус нашрлари Қодиров касалхонада тунаб қолаётгани, ҳали вояга етмаган ўғлини ўзига ворис қилишни истаётгани ҳақида ёзиб чиққанди. Чеченистон раҳбари бу миш-мишларга муносабат билдираркан, қайтанга мен ўзим истеъфо сўрайман, умид қиламан, уни қабул қилишади, деб чиқди.
Кўп ўтмай икки миллиондан ортиқ обуначиси бор Telegram-каналида уни нотўғри тушунишгани, ишдан кетиш-кетмаслигини фақат Путин ҳал қилишини айтди. Бу постига ўзи Путин билан қучоқлашгани, ўғиллари Путин билан кўришгани акс этган видеони илова қилди.
Бир кун ўтиб эса Қодиров Кремлда Путин билан учрашув ўтказди. Бу учрашув якунида «протоколдан ташқари учрашув» ҳам ўтказилди. Рамзан Қодировнинг айтишича, учрашувда Путин Марк Твеннинг «Менинг ўлимим ҳақида хабарлар бўрттирилган», деган иборасини келтирган экан. Хуллас, Путин Қодировга истеъфога чиқишга рухсат бермади.
«Барселона» яримфиналда қоқилди
Европа Чемпионлар Лигаси жорий мавсумида ғолиблик учун асосий даъвогар сифатида қаралган «Барселона» мусобақани яримфиналда тўхтатадиган бўлди. Биринчи ўйинда ўз майдонида Италиянинг «Интер» жамоаси билан 3:3 ўйнаган «Барса» Миландаги жавоб баҳсида 3:4 ҳисобида енгилди. Қизиғи, 87-дақиқада Рафиня каталонларнинг учинчи голини уриб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиққанди, бироқ қўшиб берилган дақиқаларда Франческо Ачерби, қўшимча бўлимларда эса Давиде Фратези гол уриб, «Интер»ни финалга олиб чиқди.
Ўйин қаҳрамони шубҳасиз, «Интер»ни курашда сақлаб қолган 37 ёшли марказий ҳимоячи Франческо Ачерби бўлди. Ўн йиллар аввал икки марталаб саратонга чалиниб, касалликни енгган, кейин ўртамиёна жамоаларда сарсон бўлган Ачерби «Барса»га қарши ўйин охирида кутилмаганда рақиб жарима майдонида пайдо бўлиб, унча-мунча ҳужумчилар ҳавас қиладиган гол урди ва жамоасини қутқариб қолди.
Иккинчи яримфиналда ПСЖ «Арсенал»ни енгиб, финалга чиқди. Дунё футболидаги энг зўр мусобақанинг бу йилги ғолиби 30 май куни Мюнхенда аниқланади.
Бу ўйингача «Барса»нинг икки футболчиси Ламин Ямал ва Рафиня «Олтин тўп»ни ютиш учун энг асосий даъвогар бўлиб турганди. Улар мусобақани тарк этгач, энди Усмон Дембеле асосий фаворитга айланди.
Трамп Зеленский билан гаплашди
Ҳафта давомида АҚШ президенти Доналд Трамп Украина президенти Володимир Зеленский билан телефонда гаплашди. Киев минерал ресурслар бўйича келишувни имзолагач, Трамп умуман Украинани танқид қилмай қўйди. Бу гал ҳам у Зеленский билан «яхши мулоқот ўтказгани»ни айтди. АҚШ ва Украина лидерлари мулоқотда ҳеч қандай шартсиз 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш режими дипломатияга йўл очиши бўйича якдил фикрга келган. Бироқ Москва бу гал ҳам 30 кунлик сулҳ таклифини қабул қилмади. Америка нашрларига кўра, энди Трамп Россияга иқтисодий босим ўтказиш йўлларини излаши мумкин.
Евроучлик Киевга борди
10 май куни Германия янги канцлери Фридрих Мерц, Франция президенти Макрон ва Британия бош вазири сэр Кир Стармер поездда Киевга борди. Улар шу тариқа ҳамон Украинани қўллашда собитқадам эканларини кўрсатишди. Евроучлик етакчилари Киевдан туриб Зеленский ва Полша бош вазири Доналд Туск ҳамроҳлигида АҚШ президенти Трамп билан телефон орқали гаплашди.
Билл Гейтс ҳамма пулини хайрия қилади
Узоқ йиллар дунёнинг энг бой одами бўлган, Microsoft асосчиси Билл Гейтс кейинги 20 йил ичида бор бойлигини хайрияга сарфлашини эълон қилди: Gates foundation ҳисобидаги 200 миллиард доллар атрофида пул турли хайрия дастурларига йўналтирилади. 2045 йил 31 декабрга бориб фонд барча пулини сарфлаб, ёпилади.
Миллиардер пулларини янги туғилган чақалоқлар, аёллар ўртасидаги касалликларни даволаш, камбағалларга ёрдам беришга сарфламоқчи. «Одамлар ўлимимдан кейин мен ҳақимда кўп гапиришади. Мени эслашганда у бой ҳолатда ўлди дейишларини истамайман», деган Гейтс.
Билл Гейтс хайрия фондига 2000 йилда асос солган. У ҳозиргача ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш учун 100 миллиард доллардан кўпроқ сарфлаган. Айни дамда миллиардернинг шахсий бойлиги 108 миллиард долларни ташкил этади. Аввалига миллиардер унинг пуллари ўлимидан кейин ҳам одамларга ёрдам беришини истаган, лекин энди барчасини кўзи очиқлигида сарфлаб қолмоқчи кўринади.
Бизда ҳозирча шулар. Бу сизларга етказмоқчи бўлган хабарларимизнинг охиргиси эди. Ҳафталик дайжест кўрсатуви билан келаси якшанбада кўришгунча.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид

16:12 / 04.05.2025
Ғалабани «ўғирлаган» Трамп, мақсади ўзгарган Россия – ҳафта дайжести

19:58 / 27.04.2025
Трамп Путинни тўхтатолмади, Осиёда янги уруш хавотири – ҳафта дайжести

13:46 / 30.03.2025
ҲАМАСга қарши қўзғалган ғазоликлар, рад этилган «Украинани талаш» режаси

15:52 / 02.03.2025