Жаҳон | 13:27
1941
3 дақиқада ўқилади

АҚШ–Хитой савдо уруши 90 кунга музлатилмоқда

Женевада ўтган музокаралар натижасида АҚШ Хитой товарлари учун божларни 145 фоиздан 30 фоизгача, Пекин эса 125 фоиздан 10 фоизгача туширадиган бўлди. Доналд Трамп Хитой билан муносабатларни “тўлиқ қайтадан ўрнатишга” муваффақ бўлинганини айтди.

Фото: Francis Chung/EPA

АҚШ ва Хитой ўзаро савдо тарифларини 90 кун муддатга пасайтиришга келишиб олди, дея хабар бермоқда Bloomberg.

Икки томон 2025 йил январидан буён илк марта юзма-юз музокаралар ўтказди. Женевада икки кун давом этган музокараларда АҚШдан молия вазири Скотт Бессент, ХХРдан бош вазир ўринбосари Ҳэ Лифен иштирок этди. Улар савдо зиддиятини юмшатишга ва икки мамлакат иқтисодиётларига мослашиш учун вақт беришга келишиб олган.

АҚШ 145 фоизлик божларини 30 фоизгача, Хитой эса 125 фоиздан 10 фоизгача туширади. Ушбу дастлабки келишув муддати 90 кун деб белгиланди.

Скотт Бессент ҳам, Ҳэ Лифен ҳам музокаралар “конструктив” ва “очиқ” ўтганини айтиб, савдо урушидаги деэскалация ҳақида баёнотлар берди.

АҚШнинг савдо масалалари бўйича вакили Жеймисон Грирга кўра, эришилган келишув Американинг 1,2 триллион долларлик савдо дефицитини қисқартиришга ёрдам беради.

Президент Доналд Трамп Хитой билан “муносабатларни дўстона, лекин конструктив тарзда тўлиқ қайта ўрнатишга” эришилганини айтди. У Хитойнинг Америка бизнеси учун “очилаётгани”ни кўришни хоҳлаётганини қўшимча қилди.

Келишув ҳақидаги янгилик душанба куни Хитой ва Ҳонгконгдаги фонд биржаларида кўтарилишга олиб келди – сешанба куни АҚШ биржалари ҳам юқори кайфиятда очилиши кутилмоқда. Шунингдек, юаннинг долларга нисбатан мустаҳкамланиши ҳам кузатилмоқда.

Айни пайтда, Халқаро савдо палатаси бош котиби ўринбосари Эндрю Уилсонга кўра, божларнинг пасайтирилиши айтилган даражаси ҳам барибир юқорилигича қолади: тарифлар 20 фоиздан юқори бўлиб қолган тақдирда ҳам, барибир халқаро савдо оқимларига жиддий тўсиқ бўлиб қолаверади.

АҚШ ва Хитой ўртасидаги навбатдаги савдо уруши 2025 йил 2 апрелдан бошланганди. Ўша куни Доналд Трамп 183 та мамлакат товарларига нисбатан божлар эълон қилган, лекин кўп ўтмай жавоб чораларини киритмаган мамлакатлар учун оширилган ставкаларнинг амал қилишини тўхтатганди. Лекин Хитой учун аввалига 34 фоиздан бошланган божлар, Пекиннинг жавоб қайтариши ортидан, бир нечта қадамда 145 фоизгача кўтарилган, ўз навбатида Хитой АҚШ маҳсулотлари учун божларни 125 фоизгача оширганди.

Дунёнинг икки энг йирик иқтисодиёти ўртасидаги савдо уруши глобал иқтисодиётда беқарорликни кучайтирган.

Мавзуга оид