Жаҳон | 17:42 / 12.05.2025
7601
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг бахтли шаҳар аниқланди

Дания пойтахти юқори даражадаги барқарор ривожланиш, юқори сифатли экология ва тоза транспортдан кенг фойдаланиш имкониятлари туфайли тенгсиз деб топилди.

Копенҳаген / Фото: iStock

Happy City Index ташкилоти дунёдаги энг бахтли шаҳарларнинг йиллик рейтингини эълон қилди. Дания пойтахти Копенҳаген 2025 йилда рекорд даражадаги 1039 балл тўплаб, пешқадам бўлди. Кучли бешликка, шунингдек, Цюрих (Швейцария), Сингапур, Орхус (Дания) ва Антверпен (Бельгия) кирди.

Ҳисоботда қайд этилганидек, Копенҳагеннинг биринчи ўринга чиқиши кутилмаган ҳодиса бўлмади: шаҳар юқори даражадаги барқарор ривожланиш, юқори сифатли экология ва тоза транспортдан кенг фойдаланиш имкониятларини намойиш этади – саёҳатларнинг 69 фоиздан ортиғи велосипед ва жамоат транспортида амалга оширилади. Шунингдек, шаҳарда бу концепцияни илмий ва маданий тушунишга бағишланган ноёб «Бахт музейи» мавжуд.

Цюрих иқтисодий барқарорлик, самарали соғлиқни сақлаш тизими ва илғор барқарорлик сиёсати учун юқори баҳо олган ҳолда рейтингда иккинчи ўринни эгаллади (993 балл).

Учинчи ўринда Сингапур (979 балл) жойлашган бўлиб, у Европадан ташқаридаги энг бахтли шаҳарга айланди. Мутахассислар таълимнинг юқори даражасини, ишсизлик деярли йўқлигини ва шаҳар аҳолисининг фаол фуқаролик позициясини таъкидладилар.

Даниянинг иккинчи йирик шаҳри Орхус (958 балл) кучли иқтисодиёти ва фуқароларнинг бошқарувга юқори жалб этилганлиги учун тўртинчи ўринни эгаллади. Кучли бешликни Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрини ортда қолдирган Бельгиянинг Антверпен шаҳри (956 очко) якунлаб турибди.

Кучли ўнликка, шунингдек, Стокҳольм, Тайпей, Мюнхен, Роттердам ва Ванкувер кирди. 30 та энг бахтли шаҳарлар рўйхатига Вена, Париж, Нью-Йорк, Женева ва Барселона каби мегаполислар киритилган.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, бахт қулай иқлим ёки юқори даромад эмас, балки инфратузилма, соғлиқни сақлаш, экология ва ижтимоий инклюзивлик соҳаларидаги аниқ шаҳар қарорлари натижасидир.

Шу билан бирга, Марказий Осиёдаги шаҳарлар, жумладан, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон шаҳарлари кучли 200 таликка ҳам кира олмади. Рўйхатда Озарбойжон, Мўғулистон ва БАА шаҳарлари ҳам йўқ.

Мавзуга оид