Елисей саройи Макрон иштирокидаги видеога изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда Макрон поездда Мерц ва Стармер билан Киевга кетаётганида столда турган салфеткани олиб ташлагани акс этган видео кенг муҳокама қилинди. Россия пропагандаси бу салфетка эмас, кокаин ўрами экани ҳақида бонг урди. Елисей саройи тушунтириш беришига тўғри келди.

Ludovic Marin / Reuters / Scanpix / LETA
Франция, Буюк Британия ва Германия етакчилари Эммануэл Макрон, Кир Стармер ва Фридрих Мерц 9 май куни кечқурун поездда Киевга йўл олишди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари журналистлар сафар вақтида олган видеоёзувлардан бирига эътибор қаратишди ва Европа етакчилари кокаин истеъмол қилганини тахмин қила бошлашди. Фойдаланувчилар Макрон журналистлар оқ ўрамни, Мерц эса чўпга ўхшаш қандайдир буюмни яширганига эътибор қаратишган.
Россия пропагандаси дарҳол ҳодисага муносабат билдирди. Россия ТИВ расмийси Мария Захарова видеони изоҳлай туриб, Европа етакчиларини гиёҳванд модда истеъмол қилганликда айблади.
«Зеленскийни Европада келишувни бузиш ва қон тўкишни давом эттириш бўйича навбатдаги даҳшатли фитнага итариб, анекдотда айтилганидек, француз, инглиз ва немис поездга ўтирди ва... пуфлади. Афтидан, шунчаликки, журналистлар келгунча ашёларни (пакет ва қошиқчани) йиғиштириб қўйишни унутишган. Европа тақдирини ҳар жиҳатдан қарам бўлган вақтинчалик раҳбарлар ҳал қилмоқда», – деб ёзди Захарова 11 май куни ўзининг телеграм-каналида.
Россия ТИВ вакили 2022 йилда ғарб элчиларидан бири унинг «кўп йиллардан бери кокаин истеъмол қилиб келаётган» «бетайин гиёҳванд Зеленский»га қурол етказиб бериш ҳақидаги саволига «Европа Иттифоқи учун бу нормал ҳолат – кўплаб Ғарб давлатлари раҳбарлари ҳам истеъмол қилади», деб жавоб берганини қўшимча қилган.
Россия тўғридан тўғри инвестициялар фонди (РФПИ) раҳбари Кирилл Дмитриев ҳам видео юзасидан муносабат билдирган. «Бу кадрлар сунъий интеллектда қилинганми ёки ҳақиқийми? Агар ҳақиқий бўлса, биз нимани кўрдик – шакарми ёки мутлақо бошқа нарсаними? Агар бошқа нарса бўлса, бу сўнгги вақтларда янграган кўплаб ғоялар ва таклифларни изоҳлайди», – дея ёзган Дмитриев X ижтимоий тармоғида 11 май куни.
Liberation нашри эътибор қаратишича, AFP ва Associated Press агентликлари томонидан олинган юқори сифатли видеоёзув ва фотосуратларда оқ кукунли пакет экани айтилган ашё – аслида бурун артиладиган ва ғижимланган дастрўмолдир, сомонча шаклидаги буюм эса қошиқча ёки тиш кавлагичга ўхшайди.
Франция президенти маъмурияти Европа раҳбарлари Украинага сафар чоғида гўёки гиёҳванд моддалар истеъмол қилгани ҳақидаги хабарни тарқатганларни «Франция душманлари» деб атаган.

Ludovic Marin / Reuters / Scanpix / LETA

Ludovic Marin / Reuters / Scanpix / LETA
«Европа бирдамлиги ноқулайлик туғдирганида, дезинформация шу даражага етадики, оддий салфетка гиёҳванд модда каби кўринади. Бу сохта хабарлар Франция душманлари томонидан хорижда ҳам, мамлакат ичида ҳам тарқатилмоқда. Биз ҳушёрликни сақлашимиз ва манипуляцияларга берилмаслигимиз керак», – дейилади Елисей саройининг 12 майга ўтар кечаси Х ижтимоий тармоғида эълон қилинган хабарида.
Киевда Эммануэл Макрон, Кир Стармер ва Фридрих Мерц Россияни 12 майдан бошлаб 30 кунлик ўт очишни тўхтатишга чақирди. Бунга жавобан Россия президенти Владимир Путин Украинага 15 май куни Истанбулда тўғридан тўғри музокараларни қайта бошлашни таклиф қилди. Россия 12 майдан сулҳ эълон қилиш чақириғига эътибор қаратмади ва Украинага 100 дан ортиқ дрон учирди.
Мавзуга оид

23:00 / 12.05.2025
Британия бош вазирининг уйида ёнғин чиқди — The Times

13:00 / 12.05.2025
Мерц Путинни 12 майдан бошлаб ўт очишни тўхтатишга чақирди

18:41 / 11.05.2025
Германия канцлери Украинага етказиладиган қурол-яроғларга оид маълумотларни махфийлаштирди

11:04 / 10.05.2025