Ўзбекистон | 18:09 / 13.05.2025
3535
2 дақиқада ўқилади

Депортация қилинган фуқароларни қайтариш тартиби белгиланди

Депортация қилинган фуқаро Миграция жамғармаси ҳисобидан қайтарилганда, қайтариш харажатлари фуқародан ундириб олинади.

Фото: Getty images

Ҳукумат қарори билан ташкиллаштирилган тарзда чет элга ишга юборилган ва борган давлатининг қонунчилигини бузиши оқибатида депортация қилинган фуқароларини қайтариш ва бу билан боғлиқ харажатларни ундириш тартиби жорий этилди.

Қарорга кўра, чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида хорижий давлат қонунчилигини бузиши оқибатида депортация қилинган фуқароларга қуйидаги таъсир чоралари қўлланади:

- депортация қилинган фуқаро Миграция жамғармаси ҳисобидан қайтарилганда, қайтариш харажатларини фуқародан ундириб олинади;

- Миграция жамғармаси ҳисобидан тақдим этилган субсидия ва компенсация суммалари қайтариб ундирилади;

- 1 йилгача муддат давомида ривожланган давлатларга ташкиллаштирилган тарзда ишга юбориш бўйича хизматлар кўрсатилмайди.

Депортация қилинган фуқаролар қуйидагилар асосида қайтарилади:

- уларнинг Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига мурожаати;

- улар ва яқин қариндошларининг Миграция агентлигининг хориждаги ваколатхоналари, ҳудудий филиалларига мурожаати;

- хорижий давлатлар ваколатли органлари томонидан тақдим этилган депортация қилинган фуқаролар бўйича маълумотлар.

Депортация қилинган фуқаролар уларнинг транспорт харажатларини молиялаштириш орқали қайтарилади.

Фуқаронинг молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги аризаси ижобий кўриб чиқилганидан сўнг 1 иш кунида Миграция агентлиги ва фуқаро ўртасида қарз шартномаси тузилади. Шартномага мувофиқ молиявий ёрдам олган шахс ушбу маблағларнинг ўрнини 30 кун муддатда қоплаши лозим.

Мавзуга оид