Жаҳон | 08:03
13450
2 дақиқада ўқилади

«Энг камбағал президент» Хосе Мухика вафот этди

Уругвайнинг собиқ президенти, Эл Пепе номи билан ҳам танилган Хосе Мухика 90 ёшга тўлишидан бир неча ҳафта олдин саратон касаллигидан вафот этди. У ё энг камбағал ёки энг саховатли давлат раҳбари сифатида эсда қолган.

Фото: ТАСС

Сиёсатчининг ўлими ҳақида 13 май куни Уругвайнинг амалдаги президенти маълум қилди. Мухика касаллик ҳақида 2024 йилда билган ва 2025 йил бошида метастазлар туфайли даволанишни тўхтатаётганини эълон қилган. У, президентлик даврида бўлгани каби, фермада яшаган ва ҳеч қандай дабдабага йўл қўймаган. У 20 май куни 90 ёшга тўлган бўларди.

Сиёсий фаолиятининг бошида Хосе Мухика мамлакатдаги ҳарбий диктатура душмани бўлган «Тупомарос» радикал сўл ҳаракати аъзоси эди. Мухика бир неча бор ҳибсга олинган ва охир-оқибат умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ҳукумат алмашгунча у 14 йил қамоқда ўтирган.

Озодликка чиқиб, у депутат, кейин сенатор ва қишлоқ хўжалиги вазири бўлди ва 2009 йилда президентлик сайловларида ғалаба қозонди. У деярли бутун маошини хайрияга берган, ҳеч қачон президент саройида яшамаган ва эски машинадан бошқа мулкига эга бўлмаган. Унинг раҳбарлик қилган даврида мамлакатда камбағаллар сони камайди ва ялпи ички маҳсулот ошди.

Муддати тугагач, у Сенатда ишлашга қайтди, кейин нафақага чиқди ва оширилган тўловлардан бош тортди.

Мавзуга оид