Истанбулда Россия–Украина музокаралари якунланди. Асосий маълумотлар
Бу икки соатга яқин давом этди. ОАВга кўра, Украина Россия илгари сурган талабларни «нореалистик» деб ҳисобламоқда.
Истанбулда 16 май куни тушдан кейин Россия ва Украина делегациялари ўртасида 2022 йил баҳоридан бери биринчи музокаралар бўлиб ўтди. Уларни бир томонлама ўтказишни Россия президенти Владимир Путин таклиф қилганди, унинг ўзи Туркияга келмади ва ёрдамчиси Владимир Мединскийни юборди. Украина президенти Володимир Зеленский Истанбулда Путин билан шахсан учрашишни талаб қилганди.
Истанбулда Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар якунланди, улар тахминан икки соат давом этди, деб хабар бермоқда Reuters Туркия ва Украина дипломатик манбаларига таяниб. AFP агентлиги эса Украина расмийсига таяниб кун давомида Россия-Украина ўртасида қўшимча музокаралар ўтказилиши «мумкинлиги», аммо ҳозирча бу «режалаштирилмагани»ни хабар қилган.
Reuters агентлигининг Украинадаги дипломатик манбасига кўра, Россия делегацияси Истанбулдаги музокараларда номақбул талабларни илгари сурган. Хусусан, ўт очишни тўхтатиш учун Киев ўз ҳудудларидан (қисман Россия томонидан босиб олинган Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон областлари) қўшинларни олиб чиқиши талаб этилган.
Ҳозирча эълон қилинган ягона келишув – «1000 га 1000» формуласи бўйича ҳарбий асирларни алмаштириш. Бу ҳақда журналистларга дастлаб Украина делегацияси раҳбари Рустем Умеров маълум қилди, кейинроқ Мединский ҳам буни тасдиқлади.
Мединский, шунингдек, музокаралардан сўнг томонлар эҳтимолий оташкесим бўйича ўз қарашларини тақдим этишга келишиб олгани, шундан сўнг музокаралар қайта тикланишини айтди.
Бундан ташқари, Мединскийнинг сўзларига кўра, Украина томони давлат раҳбарлари ўртасида тўғридан тўғри музокаралар ўтказишни сўраган ва Россия вакиллари «бу сўровни маълумот учун қабул қилган».
Украина оммавий ахборот воситалари, жумладан, «РБК-Украина»нинг ёзишича, жума куни Украина делегацияси раҳбари Умеров матбуот анжумани ўтказади.
Россия билан музокаралар бошланишидан олдин Украина делегацияси раҳбари, мудофаа вазири Рустем Умеров Киев тўлиқ ва сўзсиз ўт очишни тўхтатишга ва энг юқори даражада тўғридан тўғри музокараларга тайёрлигини айтганди: «Бугун биз барқарор ва адолатли тинчликка эришишнинг ҳақиқий йўлларини топиш учун Истанбулга келдик».
Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский (у 2022 йил баҳорида ҳам делегацияга раҳбарлик қилган) бир кун илгари Москва Истанбулдаги учрашувни 2022 йилги музокараларнинг «давоми» сифатида кўраётганини айтганди. «Украина томони билан тўғридан тўғри музокараларнинг вазифаси эртами-кечми можаронинг асосий сабабларини бартараф этиш орқали узоқ муддатли тинчлик ўрнатишга эришишдир», – деганди Мединский.
Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак Москва ва Киев делегациялари учрашуви бошланишидан олдин «россияликларнинг бугунги кунни 2022 йилга боғлашга уринишлари иш бермаслиги»ни айтди. Ўша музокараларни ҳозирги музокаралар билан боғлайдиган нарса – «бу фақат Истанбул шаҳри, бошқа ҳеч нарса эмас», дея қўшимча қилди Ермак.

Фото: Arda Kucukkaya/Anadolu via Getty Images
Кун аввалида Москва ва Киев ўртасидаги музокаралар уч томонлама учрашув форматида – Анқара вакиллари иштирокида ўтиши муҳокама қилинганди. Аммо кўп ўтмай «Интерфакс» агентлиги учрашув ташкилотчилари орасидаги манбага таяниб, Анқара вакиллари делегация аъзолари билан саломлашиб бўлгач, зални тарк этганини хабар қилди. Бу маълумотни РБК-Украина манбалари ҳам тасдиқлади.
Туркия ТИВ раҳбари Ҳоқон Фидан табрик сўзида Истанбулдаги Россия-Украина музокаралари можарони тинч йўл билан ҳал қилиш учун имкониятлар ойнасини очаётганини айтди. У ҳозирда икки йўл мавжудлигини айтган: «Йўллардан бири тинчлик ҳақида. Иккинчиси – янада кўпроқ вайронагарчиликларга олиб келади» (иқтибос «Интерфакс» агентлигидан).
Шундан сўнг Анқара вакиллари учрашувни тарк этгани ёки этмагани – расман маълум қилинмаган.
Бундан ташқари, Россия нашрлари ўз манбаларига асосланиб, Москва делегацияси музокараларда АҚШ вакиллари бўлишига қарши чиқишганини хабар қилди.
BBC манбасининг сўзларига кўра, Украина делегациясидагилар «сўнгги дақиқалардаги» бу талабни «тинчлик жараёнини бузиш, унга путур етказишга уриниш» деб баҳолаган. «Агар улар чиндан ҳам муаммоларни ҳал этиш, тинчлик сари қадам ташлаш учун келган бўлса, унда хонада америкаликлар бўлишидан манфаатдор бўлишлари керак», – деган манба.

Фото: Hakan Akgun/Anadolu via Getty Images
Москва ва Киев ўртасидаги музокаралар пайшанба куни бўлиб ўтиши мумкин эди, бироқ Украина делегацияси Истанбулга Анқарадан 15 май куни кечқурун учиб келди, шунинг учун музокаралар жумага кўчирилди.
15 май, пайшанба куни Володимир Зеленский Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўған билан музокаралар ўтказиш учун Анқарага учиб келди. Уч соатга яқин давом этган учрашувдан сўнг Зеленский музокараларда иштирок этиш учун Украина делегациясини Истанбулга юборишга розилигини билдирди. Унга мудофаа вазири Рустем Умеров раҳбарлик қилди. Зеленскийнинг ўзи Европа сиёсий ҳамжамияти саммитида иштирок этиш учун Албанияга йўл олди. Эрдўған ҳам у ерга боришни режалаштирган.
«Россия делегациясининг анча паст даражасига қарамай, президент Трампга, юқори даражадаги Туркия делегациясига ва президент Эрдўғанга ҳурмат юзасидан – ҳеч бўлмаганда деэскалация, ўт очишни тўхтатиш бўйича дастлабки қадамларга эришишга ҳаракат қилиш учун учун – мен ўз делегациямизни Истанбулга юборишга қарор қилдим», – деди Зеленский.
Украина делегацияси россиялик ҳамкасбларига қараганда каттароқ унвон ва мақомга эга, деб изоҳлайди BBC мухбири Святослав Хоменко.
Унинг таркибида Украинанинг ушбу музокаралардаги асосий мақсади бўлган сулҳ қандай кўриниши ва амалга оширилишини батафсил муҳокама қилишга тайёр бўлган ҳарбий генераллар бор. Шу билан бирга, Киевдан россияликларнинг «можаронинг асл сабаблари», Украинада «антироссия» қурилиши ва Украина шаҳарларини бомбардимон қилиш ҳақидаги риторикасини нафақат Россиянинг қонуний миллий манфаатларини ҳимоя қилиш усули сифатида тинглашга, балки музокаралар шу йўналишда кетса, Москва вакилларига тенгма-тенг қарши туришга тайёр бўлган одамлар ҳам келди.
Бундан ташқари, Украина делегацияси таркиби унинг таркибида Россия билан муроса тарафдорлари борлигини тахмин қилишга асос бермайди, дея қўшимча қилади BBC мухбири. Қолаверса, унга қримлик татар бошчилик қилиши Қримни Россияники деб тан олиш бўйича ҳатто назарий мунозара ўтказиш имкониятини минималлаштиради.
Музокаралар бошланиши арафасида нималар бўлиб ўтди?
10 май, шанба куни Зеленский Киевда Европанинг тўрт давлати раҳбарларини қабул қилди. Саммит якунида улар қўшма баёнот қабул қилиб, унда Россиядан камида 30 кун давомида сўзсиз ўт очишни тўхтатишни талаб қилди ва янги санкциялар билан таҳдид қилди.
Орадан бир неча соат ўтиб, 11 майга ўтар кечаси Путин Кремлда журналистларни тўплаб, Истанбулда 2022 йил баҳорида узилиб қолган музокаралар 15 майдан бир томонлама тартибда қайта тикланишини эълон қилди.
Зеленский Туркияга келишини, лекин фақат Путин билан музокара олиб боришини айтди. Кремл 14 майга ўтар кечаси Россия делегацияси таркибини эълон қилди. Унга Мединский бошчилик қиладиган бўлганди. Делегация таркибига Россия Мудофаа вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ҳам киритилганди.
Россия делегацияси 15 май куни эрталаб Истанбулга учиб келди. Зеленский Анқарага тушга яқин етиб келди. Учиб келгач, у Россия делегациясининг даражасини «сохта» деб атади.
«Кўриб турибмизки, бу кўпроқ сохта даражага ўхшайди. Биз нима қилишимиз ва кейинги қадамларимиз қандай бўлишини президент Эрдўған билан суҳбатдан кейин ўйлаб кўрамиз», – деди Зеленский.
Аввалроқ Зеленский агар у ерда Путин бўлса, Анқарадан Истанбулга учиб келиши мумкинлигини айтганди.
Кремл 15 май куни тушдан кейин Путиннинг Истанбулга музокараларга бориши эҳтимолини қатъиян истисно қилди. АҚШ президенти Доналд Трамп Путиннинг музокараларда иштирок этишдан бош тортиши уни ажаблантирмаслигини айтди.
«Агар мен бормасам, нима учун у бориши керак?» – деди Трамп Қатарда. Бироқ у бир ҳафта ичида яна бир бор, агар зарурат туғилса, 16 май, жума куни Туркиядаги музокараларга қўшилиши мумкинлигини истисно қилмади (Трамп музокаралардаги олдинга силжишни назарда тутган бўлиши мумкин). Унинг Яқин Шарқ бўйлаб сафари 15 май куни БААга ташриф билан якунланди.
Кейинроқ АҚШ президенти Дубайга қўнишдан олдин журналистларга «Путин ва мен учрашмагунимизча ҳеч нарса бўлмайди», деган. Россия делегацияси ҳақида Трамп у ҳақда ҳеч нарса билмаслигини, шунинг учун ундан «ҳафсаласи пир бўлмагани»ни айтди.
Жума куни Трамп журналистларга Украинадаги урушни муҳокама қилиш учун Россия президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилиши мумкинлигини айтди.
Украина президенти Россия билан музокаралардан воз кечишга тайёр эди, аммо АҚШ ва Европа уни бундай қилмасликка кўндирди, деб ёзди Washington Post ўз манбаларига таяниб.
Бу музокаралар муваффақиятли бўлиши мумкинми?
Россия ва Украина делегациялари ўртасида қўл сиқишиш бўлмади ва деярли ҳеч қандай муҳим ютуқ кутилмаяпти, деб ёзади BBC мухбири Орла Герин Истанбулдан. Бироқ, унинг таъкидлашича, бу олдинга ташланган қадам ва ҳеч бўлмаганда рамзий маънога эга.
Reuters агентлиги бир кун аввал Владимир Путиннинг Истанбулга келишдан бош тортиши музокараларни боши берк кўчага олиб киргани ҳақида ёзган эди.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳам уларга катта умид боғламаяпти. Унинг фикрича, тараққиётга эришиш учун Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путиннинг шахсий мулоқоти зарур.
«Президент Трамп ва президент Путин бу мавзуни тўғридан тўғри муҳокама қилмагунча, бу ерда ютуқ бўлмайди, деб ўйлайман», – деди у НАТО давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Анталядаги учрашувидан сўнг.
АҚШ давлат котиби Москва музокаралар учун жуда паст даражадаги делегация юборганини ҳам қайд этиб, шунинг учун Россия вакиллари билан учрашувларда иштирок этмаслигини маълум қилди.
«Эртага мен Туркия ташқи ишлар вазири Фидан ва Украина делегацияси, украинларнинг юқори мартабали делегацияси билан учрашаман. <...> Бизнинг жамоадан ҳам кимдир Россия билан музокараларда қатнашади. Улар бу ерга анча паст даражадаги гуруҳни юборишган», — деганди Рубио.