Жаҳон | 10:11 / 17.05.2025
3001
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Киевдаги собиқ элчиси: Трампнинг Украинага босими туфайли кетдим

Брижит Бринк истеъфога чиқишига Доналд Трамп маъмуриятининг Россияга эмас, балки жабрланувчи Украинага босим ўтказганини сабаб сифатида келтирди. 

Фото: AP

АҚШнинг Украинадаги собиқ элчиси Брижит Бринк бу лавозимдан кетишини АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия ўртасидаги яқинлашиш билан изоҳлади. «Афсуски, Трамп маъмуриятининг сиёсати бошиданоқ Россияга эмас, қурбон бўлган Украинага босим ўтказишдан иборат эди. Шунинг учун мен энди ҳукумат сиёсатини содиқлик билан амалга ошира олмадим ва истеъфога чиқишни ўзимнинг бурчим деб билдим», — деб ёзди Бринк 16 май, жума куни чоп этилган Detroit Free Press газетаси рукнида.

Қўшма Штатлар манфаатларини ҳимоя қилишнинг ягона йўли, деб ҳисоблайди Бринк, «демократияни ҳимоя қилиш ва автократларга қарши туриш». «Ҳар қандай шароитда ҳам тинчлик, бу - тинчлик эмас, бу тинчлантиришдир. Ва тарих бизга тинчланиш хавфсизлик ёки фаровонликка олиб келмаслигини қайта-қайта ўргатган. Бу кўпроқ урушлар ва азоб-уқубатларга олиб келади», дейилади матнда. «Тинчланиш» деганда 1930-йилларда Франция ва Буюк Британиянинг Германияга нисбатан ён бериш сиёсати назарда тутилади, деб хабар беради AFP.

Дипломат Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини «ёвузлик» деб атади. «Биз (АҚШ) бу урушга қандай барҳам беришимиз дўстларимизга ҳам, душманларимизга ҳам кўп нарсани кўрсатади», деб таъкидлади Бринк.

2022 йил баҳорида АҚШнинг Киевдаги элчиси этиб тайинланишидан олдин Брижит Бринк бошқа жойларда қатори Словакия, Ўзбекистон ва Грузияда ҳам хизмат қилган. У АҚШ Давлат департаментида қарийб 30 йиллик хизматга эга. Бринк Шарқий Европа ва Кавказ бўйича мутахассис ва рус тилини билади. У АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдами тарафдори саналади.

Мавзуга оид