Жамият | 09:39
14350
10 дақиқада ўқилади

Бўрижардаги фожиа. Одамлар хавфсизлиги охирги ўриндами?

Тошкентдаги Бўрижар каналида оқиб кетаётган қизни қутқарган эркак чўкиб кетди. Минглаб дарахтларнинг кесилиши ва хавфсизлик талабларининг бажарилмаслиги билан кечган ободонлаштириш ишлари ортидан канал қирғоқлари хавфли бўлиб қолган. Лойиҳа аввалбошдан ёпиқ қарор асосида бошланиб, аҳоли эътирозларига сабаб бўлиб келаётганди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тошкент шаҳридаги Бўрижар каналининг икки қирғоғини реконструкция қилиш ишлари хавфсизлик талабларига риоя этмаган ҳолда олиб борилгани, канал қирғоқларидаги минглаб дарахтлар кесиб ташлангани 5 май куни фожиага олиб келди.

Соат 18:00 ларда каналнинг Белариқ маҳалласидан оқиб ўтувчи қисмида (“Ўзбекфилм”нинг орқа томони) болаларни қутқариш учун сувга тушган 43 ёшли эркак чўкиб кетди.

Яқинларининг Kun.uz'га айтишича, марҳум Абдуманноп Самиқов сузишни яхши билган, лекин қирғоқ бўйида дарахтлар қолмагани, уларнинг ўрнини сирпанчиқ бетон эгаллагани, қирғоқнинг муайян масофаларида фавқулодда ҳолатларга мўлжалланган жойлар ташкил этилмагани фожиага сабаб бўлган.

Ўтган йили кузда бошланган реконструкция давомида хавфсизлик таъминланиши учун канал ёқалари тўсиб қўйилмаган. Натижада 7-8 ёшлардаги икки қиз канал қирғоғига тушган, улардан бири оёғини ҳўллаётган маҳал сирпаниб сувга тушиб кетган. Оқим қизалоқни канал ўртасига олиб кетган. Ёнидаги қиз ёрдам бермоқчи бўлиб, ўзини сувга ташлаган, лекин у қирғоқ бўйлаб оқиб борган.

Болаларнинг қичқириқларини эшитган, шу яқин атрофда яшовчи Даря Грапиненкова ўзини сувга ташлаган қизни тинчлантириб, қўлига хода берган, лекин бетонлашган канал жуда сирпанчиқ экани ва бошқа ноқулайликлар сабаб, қизлар каналда оқиб кетаверишган. Оқим билан кетаётган биринчи қизнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун марҳум Абдуманноп Самиқов ўзини сувга ташлаган.

Ҳолат қандай содир бўлганини унинг ўгай ўғли Саидакбар Абдувалиев сўзлаб берди.

Қизни каналнинг ўртасидан четига олиб чиқдилар. Уларга ёрдамлашиш учун қирғоқдаги таёқ, ёғочларни узата бошладим, ўхшамади. Кейин “арқон бер” дедилар, Сув оқими яхшигина кучли, ҳозир уйга кириб арқонни қидиргунимча , улар яна оқиб кетаверарди. Дадамнинг ҳолларини кўрдим, ҳолсизланиб кетди. Кейин каналга ўзимни отдим. Қизни олдим. Шунақа хаёл ўтяпти, қизни мен олсам, чарчаб қолсам дадамларга бераман, алмашиб-алмашиб чиқиб оламиз деган фикрда эдим. Бетон юзаси жуда сирпанчиқ. Кейин қўшнимиз Саша худди дадамга рейка узатганим каби ёрдам беришни бошлади, ўхшамади, кейин йўлдан битта тўнкани сувга отди. Биз тўнканинг устига чиқдик, охирги марта дадамни шу ерда кўрдим”, – дейди Абдувалиев.

Бу орада, шу атрофдаги отхонанинг икки ходими арқон билан келиб, дастлаб болаларни, кейин марҳумнинг ўғлини сувдан чиқариб олишган. Воқеа жойига участка нозири етиб келган, Абдувалиев тез ёрдам ва ФВВга хабар берган.

Фавқулодда вазиятлар ходимларининг ҳаракати йўқ: 40 минут, 1 соатларда келди. Каналнинг икки тарафига бўлиниб олишган. Ғаввос қани деса, хотиржам, ҳозир келяпти дейди. Онам қани ким топади, сувга тушадиган одам борми деса, елкасини қисяпти”, – дейди марҳумнинг фарзанди.

Саидакбар Абдувалиевнинг сўзларига кўра, ҳар 100 ёки 200 метрда зина бўлганда, бунақа фожиа бўлмасди.

Олдинги дарахтлар бор пайтида дадам билан чўмилиб юрардик. Ҳозир ҳеч қандай шароит йўқ, бу лойиҳага битта мен эмас, ҳамма қарши чиқяпти”, – дейди у.

Қидирув ишларидан кейин марҳумнинг жасади шу куни соат 23:00лар атрофида 16-шаҳар шифохонасининг орқа томонидан (эркак сувга тушган жойдан тахминан 3,5 км масофада) топилган.

Марҳумнинг турмуш ўртоғи Сурайё Маҳкамова, фожиадан кейинги кунларда ҳам, хусусан 7 май куни бир нечта мактаб ўқувчилари каналда чўмилгани, бу ҳақда огоҳлантириб 102 га қўнғироқ қилганида эса ходимлар келмаганини айтди.

Хўжайиним ўтганларидан кейин, 7 май куни кетма-кет болалар келиб чўмилмоқчи бўляпти. Иккитами бола келди. Арматурага арқон боғлаб, сувга тушяпти. Биринчи куни ҳайдадик. Эртасига яна келди. Ўша куни 02 қилдим. “Бир неча кун олдин шу ерда хўжайиним вафот этди, болалар чўмиляпти, ким назорат қилади, бу ерда нимадир бўлса, ота-онаси куяди” дедим. Лекин ҳеч ким келмади, телефон қилмади. Нечта ўлимни кутишяпти? Билмайман.

Бу ерда хавфсизликни таъминлаш керак. Бахтсиз ҳодисалар бўлганда, ушлаб чиқадиган нимадирлар қилиш керак. Хўжайиним чўмилиш учун тушмади-да, қизни қутқараман деб шунақа бўлиб кетдилар. [Реконструкциядан] олдинги шароит бўлганда чиқардилар. 4 та қиз бўлганда, ҳаммасини дарахтинг илдизига осилиб бўлсаям олиб чиқардилар. Сузишни жуда яхши билардилар”, – дейди марҳумнинг аёли.

У турмуш ўртоғи вафот этгандан кейин, ҳеч ким хабар олмаганини айтади.

Фақат мактаб ўғлимга ташаккурнома берибди. Маҳалламдаги бир одам қутқарганинг учун деб 500 минг сўм картасига туширибди”, – дейди у.

Болаларни қутқаришда жонбозлик кўрсатган Даря Грапиненкова ва Александра Махсудова канал бўйини ободонлаштириш, уни сайр зонаси қилиш баҳонасида минглаб дарахлар кесилгани, мутасаддилар маҳалла аҳлини эшитмаётганини айтди.

Канал бўйидаги дарахтларни инвентаризациядан ўтказиш керак эди, лекин каналда битта ҳам дарахт қолмади. Бизни огоҳлантиришмади. Ишлар тун-у кун давом этди. Бу бунга қарши эдик. Аммо, ҳамманинг ҳар доим бунга кўз-қулоқ бўлиши имконсиз. Одам ўлгандан кейин тўсиқлар қўйишди, лекин агар кўрсангиз, тўрни чўккан одамнинг уйидан бизнинг уйимизгача ўрнатишган. Каналнинг бошқа жойларида ҳозир ҳам тўр йўқ.

Ҳозир [қазиш ишлари сабаб, сув бўйига] юқоридан пастга тушиш жуда қийин бўлиб қолган. Шу бахтсиз ҳодиса рўй бераётганда ҳам одамлар келди, лекин улар ёрдам бериш учун пастга тушолмас эди”, – дейди Александра Махсудова.

Даря Грапиненкова маҳалла аҳли каналда кетаётган ободонлаштириш ва уни сайр зонасига айлантириш учун мутасаддилар билан 2017 йилдан бери низолашаётганини айтди.

Биз шу йил 27 апрелда бу ер хавфли бўлиб қолганини, жарликлар борлигини айтиб, Сенат, ҳокимият, Бош прокуратура ва Яккасарой тумани прокуратурасига мурожаат қилдик. Маҳалламизнинг барча аҳолисидан имзо йиғиб, аризалар ёздик. Қурувчилар ободонлаштириш амалга оширилаётганини айтишди, лекин ҳеч қандай ҳужжатлар тақдим этилмади. Ҳамма хабардор эди, нималар содир бўлаётганини кўришди, аммо ҳеч ким чора кўрмади. Бу ерга булдозерлар, экскаваторлар билан келишди. Биз қаршилик қилдик, лекин экскаваторни устимизга ҳайдашди.

Бўрижар канали. 2024 йил 30 сентябр ва 2025 йил 28 феврал куни олинган суратлар / Google Earth

Бу ерда тахминан мингта дарахт бор эди. Канал бўйида велосипедлар йўлаги, кафе ва дўконлар, сайр зонаси бўларкан, худди Сеул Мун кўчаси каби. Лекин лойиҳани кўрсатишмади. Агар лойиҳа тасдиқланган бўлса, демак, бу ҳудуд учун ҳужжат бўлиши керак. Биз шу ерда яшаймиз, нима бўлиши, қандай бўлишини билишни хоҳлаймиз”, – дейди Грапиненкова.

Kun.uz каналда кетаётган қурилиш ишлари юзасидан бош пудратчи “To‘palang HPD Holding” МЧЖ вакили билан боғланди, лекин у лойиҳа ҳақида маълумот бера олмади.

Буюртмачи – Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси Kun.uz'га тақдим этилган маълумотларга кўра, 1-босқичда Бўрижар каналининг Сеул кўчасидан Чўпонота кўчасигача бўлган 3,2 кмдан иборат қисмидаги қирғоқлари ва ўзанлари мустаҳкамланади. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги 724-сонли ёпиқ қарори қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, канал қирғоқларининг емирилиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни барвақт бартараф этиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш, кўчки ва емирилишлар такрорланишининг олдини олиш учун канал қирғоқлари ва ўзанларини мустаҳкамлаш, шунингдек, канал бўйини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш орқали сайилгоҳ, дам олиш ва бошқа кўнгилочар масканлар ҳамда хиёбонлар барпо этиш белгиланган.

Лойиҳа қиймати 140 млрд сўмга баҳоланиб, маблағлар республика бюджетидан ажратилган.

Буюртмачи айни пайтда вужудга келган жарликлар бартараф этилиши, ҳудуд хавфсиз бўлишини айтди. Аммо бошқа тафсилотларни очиқламади.

Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси Gazeta.uz'га берган изоҳида, реконструкция ишлари давомида хавфсизлик талаблари бузилганини тасдиқлаган. Маълум қилинишича, инспекция ходимлари бу қурилишни мунтазам равишда текшириб, хавфсизлик чоралари, жумладан, тўсиқлар, огоҳлантирувчи белгилар ўрнатиш ва хавфли ҳудудларга киришни чеклаш ишларини назорат қилиб келган. Пудратчи ва буюртмачига объектда хавфсизликни таъминлаш бўйича бир неча бор ёзма кўрсатмалар берилган.

Шунга қарамай, пудратчи томонидан бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун зарур бўлган барча талаблар бажарилмаган, бу эса хавфсизлик чораларининг бузилишига олиб келган. Хусусан, иш вақти тугагандан сўнг объектни қўриқлаш ва чекловларга риоя этилишини назорат қилиш йўлга қўйилмаган, огоҳлантирувчи белгилар ва тўсиқлар тўлиқ ҳажмда ўрнатилмаган ёки тегишли даражада сақланмаган. Аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан инспекция томонидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилади, жумладан, масъул шахсларга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланади”, – дейилади назорат органининг ахборотида.

Воқеа ОАВда ёритилгач, 20 май куни Бош прокуратура терговга қадар текширув олиб борилаётганини маълум қилди. Идора ўз ахборотида воқеада жасорат кўрсатган марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этиб, ҳамдардлик билдирган.

Бўрижар каналининг айрим қисмлари ҳамон аҳолига хавф туғдирмоқда.

Мавзуга оид