Жаҳон | 14:39
2775
2 дақиқада ўқилади

Лавров: Россия Ватиканда Украина билан музокара олиб бормайди

Россия ташқи ишлар вазири Лавров Ватиканда Украина бўйича музокаралар ўтказишни нореал деб атади. Ватикан дипломатияси раҳбари Ватикандаги музокаралар санаси аллақачон белгилангани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Фото: AP

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия ва Украина ўртасида Ватиканда музокаралар ўтказиш имкониятини рад этиб, бу ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади. «Ватиканни музокаралар ўтказиладиган жой сифатида тасаввур қилиш, мен айтмоқчиманки, православ давлатлар можаронинг асл сабабларини католик платформада муҳокама қилиши бироз ғалати», — деди Лавров 23 май, жума куни «Тарихий жануби-рус ерлари, миллийлик ва халқларнинг ўзлигини белгилаши» конференциясида.

Унинг сўзларига кўра, Ватикан учун икки давлат делегацияларини қабул қилиш ҳам унчалик қулай бўлмайди. Россиялик вазирнинг таъкидлашича, музокараларнинг иккинчи раундини ўтказиш вақти ҳам, жойи ҳам ҳали аниқланмаган. Унинг таъкидлашича, Россия расмийлари ҳозирда келажакдаги тинчлик бўйича меморандум устида ишламоқда, бу учрашувда Украинага тақдим этилиши керак. «Бизнинг ишимиз аллақачон илғор босқичда. Биз келишиб олганимиздек, бу меморандумни украиналикларга топширамиз», — ваъда қилди Сергей Лавров.

Шу билан бирга, у Украина президенти Володимир Зеленскийнинг «қонунийлиги» масаласи сақланиб қолаётганини яна бир бор таъкидлади. «Тинчлик шартномасини имзолаш ҳақида гап кетганда, қонунийлик масаласи ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади, чунки агар қонунийлиги, юмшоқ қилиб айтганда, ҳеч кимни ишонтирмаса, эришилган келишув шубҳа остига қўйилиши мумкин», деб тушунтирди Лавров.

Мавзуга оид