Жаҳон | 20:36 / 02.06.2025
13887
3 дақиқада ўқилади

Украина – Россия музокараларининг иккинчи раунди якунлари эълон қилинди

Музокараларда жиддий силжиш, сулҳ ёки ўт очишни узоқ муддатга тўхтатиш келишуви бўлмади. Томонлар асирлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадини алмашишга келишиб олди.

Фото: Adem Alatan / AFP / Scanpix / LETA

Россия ва Украина 2 июнь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган музокараларда оғир касал ва оғир ярадор ҳарбий асирлар, шунингдек, 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган асирларни алмашишга келишиб олди. Бу ҳақда Украина делегацияси раҳбари, мамлакат мудофаа вазири Рустем Умеров маълум қилди.

Унга кўра, томонлар ўлганларнинг жасадларини «6000 га 6000» форматида алмашишга ҳам келишиб олган.

Умеров Россия томони Киевга урушни тугатиш шартлари ҳақидаги меморандумини топширганини тасдиқлади. Унинг қайд этишича, Украина ҳужжатни ўрганиш ва кейинги қадамлар ҳақида қарор қабул қилиш учун 1 ҳафта муҳлат сўраган.

Мудофаа вазири, шунингдек, Украина делегацияси Россияга 20 июндан 30 июнгача навбатдаги учрашув ўтказишни таклиф қилганини айтди. «Бу музокаралар жараёнида муваффақиятга эришиш учун ниҳоятда муҳим», деди Умеров.

Шу билан бирга, учрашувдан сўнг, Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак Россия томонига қайтариш талаб қилинган юзлаб украиналик болалар рўйхати ҳам топширилганини маълум қилди.

Истанбулдаги учрашув якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский Украина билан музокаралар чоғида Россия фронтнинг маълум қисмларида икки-уч кунлик сулҳ тузишни таклиф қилганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганларнинг жасадини йиғиш мақсадида қисқа муддатли ўт очишни тўхтатиш таклиф қилинмоқда.

Мединский Россия Украинага 6000 нафар украиналик аскарнинг жасадини топширишини маълум қилди.

«Биз бир нечта амалий масалаларни ҳал қилдик. Биринчидан, биз ҳалок бўлган 6000 нафар Украина аскарлари ва офицерларининг музлатилган жасадини бир томонлама тартибда Украина томонига топширмоқдамиз. Улар бизда сақланяпти. Биз ДНК таҳлилларини ўтказдик, уларнинг шахсини аниқладик. Бу жасадларни дафн қилиш учун кейинги ҳафтада Украинага топширамиз. Бизга ҳам жасадлар топшириладими, билмайман, агар топширилса, қабул қиламиз», деди Россия делегацияси раҳбари.

Шунингдек, у томонлар оғир ярадорлар ва 25 ёшгача бўлган маҳбусларни алмашишга келишиб олганини тасдиқлади.

Мединский, шунингдек, Украина томони қайтарилишини талаб қилаётган Киевдан олинган украиналик болалар рўйхатини ҳам кўрсатди. Унда 339 та ном мавжуд. Унинг сўзларига кўра, Россия бирорта ҳам болани ўғирламаган ва агар уларнинг қонуний вакиллари топилса, болаларни қайтариб беради. Унинг қўшимча қилишича, Украина болаларни ўғирлаш мавзусидан «раҳмдил европаликлар учун шоу» тайёрлаган.

2 июнь куни Истанбулда Россия-Украина музокараларининг иккинчи раунди бўлиб ўтди. Учрашув ёпиқ эшиклар ортида бир соатдан сал кўпроқ давом этди.

Мавзуга оид